Эндиликда “Солиқ идораси – тадбиркорга кўмакчи” тизими йўлга қўйилади

12.07.2020, 16:20

Эндиликда “Солиқ идораси – тадбиркорга кўмакчи” тизими йўлга қўйилади

Кейинги йилларда солиқ тизимни ислоҳ қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Натижада бугунга келиб бизнес ихтиёрида 2019 йилда 12 триллион сўм қолди, 2020 йилда яна 11 триллион сўм маблағ қолиши кутилаётган ҳолат. Айни ҳолатлар хусусида давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 8 июль санасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида алоҳида тўхталиб ўтилгани бежиз эмас. Президентимиз бу борада “Солиқ идораси – тадбиркорга кўмакчи” тизимини ишга тушириш йўналишдаги маслаларга ечим бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Ушбу тизим имкониятларини тадбиркорларга тўла етказиш, ижросини барча ҳудудларда самарали ташкил этиш керак. Бунинг учун мутасадди соҳа вакиллари янада уйғоқ бўлишлари, жавобгарлик ва масъулиятни янада теранроқ ҳис қилишлари талаб этилади.

Мазкур тизим фаолияти жонлантирилса, камбағалликни камайтириш бўйича олиб борилаётган тадбирлар самараси яққолроқ намоён бўлади. Бугун камида 257 минг нафар муҳтож оилалар вакилларини ишга жойлаштириш, 37 мингта хонадонга оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар ажратилиши лозим. Аммо ажратилаётган кредитлардан норозилик кайфияти ҳам йўқ эмас. Нега, деган ҳақли савол туғилади. Фоиз масаласи оддий аҳоли қатлами вакилларини қийнаб қўяётгани сир эмас.

Айтайлик, томорқадан даромад топадиган оила оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш учун ташаббус билан чиқди. Унга таклиф қилинган кредит фоизи бажонидил қабул қилишга тўғри келмайди. Ахир кредитни олибоқ фаолият бошласаю, рўзғори, чиқими, оиланинг бошқа кам-кўстларини тўлдириш учун пул топадими ёки кредит фоизини тўлаш учунми? Ҳақиқат кўзи билан қарашимиз керак! Демак, таклиф қилинаётган кредитлар фоизи имкон қадар пасайтирилиши зарур.

Яна бир жиҳат. Юртбошимиз таъкидлаган “Солиқ идораси – тадбиркорга кўмакчи” тизимининг тарғиботини кучайтиришимиз керак. Ишбилармон аввал солиқ идораси вакилларидан безиллаб турган бўлса, бу тизимни йўлга қўйиш билан уларда солиқчиларга нисбатан чинакам суянч ишончини уйғотиш лозим. Очиғини айтишимиз керак, ҳамма тадбиркор ҳам солиқ идораси масъулларини бирдек хушламайди, сабаблари бисёр... Эндиликда мана шу сабаблардан воз кечиш фурсати келди. Давлатимиз раҳбари илгари сурган хайрли бу тизим тадбиркор ва солиқ идораси ҳамжиҳатлиги, ўзаро дўстона муносабатлари, истиқболлари учун хизмат қилади.

Тадбиркорлик субъектларига етарли шарт-шароитлар яратилиши жоиз. Ишбилармонлик муҳитини кенгайтириш орқали янги-янги саноат корхоналарини ишга тушириш, истиқболли бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш зарур. Бу билан ўз-ўзидан солиқ тизимидаги имкониятлардан ҳам тўла фойдаланиш даражаси ортиб боради.

Тоҳиржон АҲМАДАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    1008
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+