Пандемия даврида ҳам иқтисодиёт барқарор ривожланиши керак

13.07.2020, 14:35

Пандемия даврида ҳам иқтисодиёт барқарор ривожланиши керак

Коронавирус пандемияси, бутун дунёда кузатилаётганидек, юртимизда бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Март ойининг ўртасида бошланган ушбу касаллик, мамлакатимизда ўз вақтида кўрилган қатъий чоралар, соғлиқни сақлаш тизимида сўнгги йилларда амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар туфайли нисбатан қисқа, қарийб уч ойлик даврда жиловланиб, касалланиш кўлами, даволаш самарадорлиги ва ўлим ҳолатининг паст кўрсаткичлари бўйича халқаро миқёсда ижобий баҳоланган эди. Лекин, афсуски, сўнгги кунларда Ўзбекистонда ушбу касалланишнинг миқёси кескин оша бошлади. Ушбу ҳолатни баъзилар пандемиянинг навбатдаги даври, деб талқин қилсалар-да, хақиқатни тан олиб айтиш керак-ки, биз охирги вақтда коронавирусдан “қўрқмайдиган”, унга парво қилмайдиган бўлиб қолдик: карантиннинг оддий  қоидалари — ниқоб тақиш, қўлни тез-тез совунлаб ювиш ва дезинфекция қилиш, жамоат жойларида ижтимоий масофаланишга кўпчилик заруратсиз, ўз аҳамиятини йўқотган вазифадек қарай бошлади. Карантин чоралари юмшатилишини баъзи инсонлар гўёки уни бутунлай тўхтатилишидек қабул қилиб, катта тўй-томошаларни бошлаб юборганлари ҳам ҳақиқат. Кўрсаткичлар ҳали қўшни давлатларникидан паст бўлса ҳам, бизни огоҳ бўлишга чақириши керак.

Ушбу муаммони самарали ҳал этиш, коронавирусни мамлакатимизнинг турли ҳудудларида тарқалишини тубдан жиловлашда тегишли вазирлик ва идоралар, ҳокимиятлар, мутассади раҳбарлар билан бирга, кенг жамоатчилик фаол иштирок этиши лозим. Ҳар бир инсон ўз соғлиғи, фарзандлари ва оиласини ўйлаб, ушбу муаммони бартараф этиш учун нафақат ўрнатилган тартибларга қатъий риоя қилиши, балки ён атрофдагиларни ҳам шунга чақириши зарур. Коронавирус пандемиясини енгиш умумхалқ иши дейилишининг мазмуни ҳам айнан шу ҳолатдан келиб чиқади.

Пандемия даврида аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш ва тиббий хизматларни кенгайтириш, моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга муҳтож инсонларга зарур ёрдам кўрсатишни тизимли ташкил этиш билан бир қаторда, давлатнинг ушбу даврга хос яна бир жуда муҳим иқтисодий вазифаси бор. Бу — пандемия карантини чекловлари муносабати билан корхона ва ташкилотлар кўрадиган зарарни қоплаш мақсадида уларни иқтисодий, молиявий ва бошқа кўринишда ҳар томонлама қўллаб қувватлашдир. Ушбу икки масала мамлакатимизда коронавирус пандемияси бошланиши давридан бери давлат раҳбарининг доимий диққат эътиборида бўлиб, вужудга келаётган муаммоларни самарали ҳал этиш бўйича йигирмага яқин Президент Фармон ва қарорлари қабул қилиниб, ушбу ҳужжатлар билан тадбиркорларга катта имтиёз ва енгилликлар берилди. Бу,ўз навбатида, пандемияни юртимизда тарқалиши ва иқтисодиётимизга зарарли таъсирини жиловлаб туришга жуда муҳим асос бўлди.

Коронавирус тарқалишининг мамлакатимиздаги бугунги кенгайган ҳолати иқтисодиётимизни унинг зарарли таъсиридан химоя қилиш нуқтаи назаридан янги, аввалгиларидан ҳам қаттиқроқ чоралар кўриш ва уларга қатъий амал қилишни талаб қилади. Президентимиз шу йил 8 июлда ўтказган видеоселектор мажлисида айнан шу масалалар — коронавирус пандемияси асоратларига қарши кураш, бу даврда тадбиркорликни қўллаб қувватлашни кучайтириш, бюджет тушуми интизомига қатъий риоя қилиш бўйича худудлар кесимида ҳар томонлама таҳлил қилинди. Давлат раҳбари таъкидлаб ўтганидек, ҳозирги ҳақиқатда оғир даврда ҳар бир раҳбар, ҳар бир тадбиркор ёки оддий инсондан метин ирода ва доимий ишчанлик талаб қилинади.

Амалда, жойларда ҳар бир мутассади раҳбар шу масъулиятни хис қиляптими? Мажлисда кўрсатилган масалалар — мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва таклиф этилаётган ечимлар бўйича иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудлардаги мутасадди раҳбарларнинг ахбороти эшитилди. Савдо саноат палатасининг Тошкент вилояти Оҳангарон туманида ва бизнес-омбудсманнинг Фарғона вилоятида олиб борган ўрганишлари кўплаб корхона ва ташкилотлар пандемия даврида ўз ишини янги шароитда тўғри ташкил эта олганлигини кўрсатди. Тегишли вазирлик ва ҳокимиятлар томонидан кўрсатилган амалий ёрдам туфайли ишлаб чиқариш жараёни шу даврда тўхтатилмади ёки ўз вақтида кўрсатилган иқтисодий ва молиявий кўмак туфайли янгидан бошлаб юборилди. Бундай ижобий ҳолат пандемия даврида халқ фаровонлиги ва турмуш даражасини оширишга қаратилган сиёсатни халқ томонидан қўллаб қувватланиши учун яна бир салмоқли асос бўлиб хизмат қилади.

Лекин, бир қатор туманларда, корхона ва ташкилотларда аҳолининг ёрдамга муҳтож қатлами вакилларини қўллаб қувватлаш, “темир дафтар”да қайд этилган фуқароларни босқичма-босқич ушбу тоифадан чиқариш, халқ саломатлиги учун фидокорона хизмат қилаётган шифокорларни Президент қарорига асосланиб, муносиб тақдирлашни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш, тадбиркорликни бошлаётганларга эътиборсизлик билан муносабатда бўлган бир қатор раҳбарлар аниқланиб, уларга энг қаттиқ жазо чоралари кўрилди.

Мажлисдаги таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, мамлакатимизнинг ҳар бир вилояти, ҳар бир туманида секторлар фаолиятининг йўлга қўйилиши ҳудуд иқтисодиётини тўлиқ қамраб олувчи самарали назорат ва кўмаклашиш тизимини шакллантирди ва бу механизм барқарор ривожланиш, жойларда тадбиркорликни кенгайтириш ҳисобига саноат ишлаб чиқариши, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни таъминлаб берди. Шу билан бирга, мутасадди раҳбарларнинг аҳолининг реал талабларини хонадонма-хонадон юриб ўрганиш орқали муаммоларини тезда ва тўлалигича ечиш имконини яратади. Коронавирус пандемияси давом этиб, унинг кўламини кескин жиловлаш зарур бўлган ҳозирги вақтда бундай механизмни ҳар бир вилоят, ҳар бир туманда самарали ишлаши Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлайди.

Эркин ЗОҲИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Фан, таълим, маданият ва спорт

масалалари қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    624
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+