Аграр соҳа: ислоҳотлар қанчалик самара беряпти?

13.07.2020, 15:14

Аграр соҳа: ислоҳотлар қанчалик самара беряпти?

Коронавирус пандемияси даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Инфекция кенг тарқалишининг олдини олиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ҳамда карантин чекловларининг иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатишга оид жами 17 та Президент Фармони ва қарорлари қабул қилингани бунинг тасдиғидир. Хусусан, Президентимизнинг жорий йил 1 майдаги ҳамда 30 июндаги қарорлари бу борадаги ўта муҳим вазифалар ижросини таъминлашда давлат кўмагини жорий этишга қаратилгани билан аҳамиятли. Чунки мазкур ҳужжатларда айнан озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ва ундан юқори ҳосил олишда ер ости сувлари захираларидан фойдаланиш орқали экин экилмай қолаётган мавжуд ер майдонларини ўзлаштириш ишларига давлат кўмаги берилиши кўплаб томорқа ер эгаларининг асрий орзуларини амалга ошишига хизмат қилмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, бугунги шароитда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш, тадбиркорлик субъектларига, фуқароларга давлатимиз томонидан берилаётган имтиёз ва енгилликларнинг жойлардаги ижросини тўлиқ таъминлаш аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, одамларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этиб келмоқда.

Шундан келиб чиқиб, бу борада таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан ҳудудларда аҳоли ва тадбиркорлар билан жойлардаги учрашувлар давомида пандемияга қарши курашга йўналтирилган Президент Фармон ва қарорларининг ўз вақтида ва аниқ манзилга қаратилганлиги билан аҳамиятли эканлигига ишонч ҳосил қилдилар.

Аҳоли ушбу қарорлар мазмун-моҳиятини тушунганлиги, улар томонидан берилган имтиёзлардан кенгроқ фойдаланишга ва камбағалликни камайтиришга қаратилган тадбирларни амалга оширишда фаоллик кўрсатишлари ишчи гуруҳи томонидан қайд этилди.

Албатта, дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилиги юзага келиши мумкин бўлган шароитда қишлоқ хўжалигидаги мавжуд ресурс ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, озиқ-овқат экинларини икки баробарга кўпайтириш, юқори ҳосил олиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида янги иш ўринларини яратиш ва манфаатдорликни ошириш борасида замонавий ёндашувларни жорий этиш бугунги куннинг долзарб масаласи ҳисобланади.

Аҳоли томорқаларида етиштирилаётган маҳсулотлар бўйича қуйидаги рақамлар эса ана саъй-ҳаракатлар самарасидир. Яъни 2020 йилда эртаки экинлар 30,7 минг гектар майдонга (2019 йилда 30,5 минг гектар) экилиб, ҳосил 5,0 млн.тонна (2019 йилда 4,9 млн.тонна) етиштирилиши кутилмоқда. Худди шундай ўртаки экинлар 231,0 минг гектарга (2019 йилга нисбатан 58 минг гектар кўп) майдон экилиб, 310,3 минг тонна ҳосил (ўтган йилга нисбатан 97,4 минг тонна кўп) етиштирилади. Тўқсонбости экинларни эса 2019 йилга нисбатан 1,21 млн. тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш белгиланиб, жами 2,4 млн.тоннага етказиш кутилмоқда.

Жорий йилда экин экиш, ихчам иссиқхона қуриш, паррандачилик, чорвачилик ва бошқа йўналишлар учун 58,6 млрд. сўм ва сув таъминоти оғир жойларда суғориш қудуқлари қазиш учун 16,8 млрд.сўм жамғарма маблағларидан ажратилиши фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгаларига қўшимча молиявий мадад, кўмак, уларни машаққатли даврда қўллаб қувватлаш намунаси бўлмоқда.

Шу билан бирга, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги янги таҳрирдаги ҳамда “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қабул қилиниши кутилаётган қонунлар деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва турмуш даражасини янада юксалтириш омили бўлади.

Равшан МАМУТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Аграр ва сув хўжалиги масалалари

қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    771
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+