Депутатлик сўровига жавоб мансабдор шахснинг ўзи томонидан имзоланиши зарур

13.07.2020, 17:11

Депутатлик сўровига жавоб мансабдор шахснинг ўзи томонидан имзоланиши зарур

Сўнгги уч йил сиёсий майдонда туб ислоҳотларга бурилиш ясади. Айниқса, депутат ва депутатлик мақоми борасидаги қарашлар ўзгарди. Халқ ноибларига нисбатан ишонч ортди. Буни кундалик ҳаётимизда ҳар қадамда кузатишимиз мумкин. Айтиш жоизки, сиёсий партияларнинг ҳокимият идораларини шакллантириш борасидаги ваколатлари босқичма-босқич кенгайтирилиб, депутатлик назорати эса мустаҳкамланиши баробарида Олий Мажлис ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг роли оширилди. “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокамасида бу борада жуда долзарб фикрлар билдирилмоқда, таклифлар ўртага ташланмоқда.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керак, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи таъсис йиғилишларидаги маърузасида, шунингдек, 2020 йил январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида қонун ижодкорлиги ва парламентнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини янада оширишга қаратилган таклиф ва тавсияларни илгари сурди.

Очиғини айтиш лозим, хали бу борада барибир камчиликлар бор. Улар оғриқ нуқталарга айланиб улгурган. Масалан, депутатлик сўрови. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ва Сенати аъзоси томонидан юборилган депутат, сенатор сўровларига мансабдор шахслар томонидан айрим ҳолларда беписандлик билан қараш, яъни ўз вақтида жавоб бермаслик; муддатларини кечиктирган ҳолда жавоб қайтариш; сўров юборилган мансабдор шахснинг ўзи томонидан эмас, балки унинг ўрнига бошқа шахслар томонидан жавоб қайтариш; маҳаллий кенгаш депутатининг дахлсизлик ҳуқуқига риоя этилиши сингари муаммолардан кўз юмиб бўлмайди, албатта.   

Ҳар бир депутат сўровининг ортида, аввало, халқ мафаатлари туради. Депутат халқ вакили экан, унинг манфаатлари йўлида сидқидилдан ҳаракат қилиши табиий. 2018-2019 йиллар сарҳисобига кўз ташласак.  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан юборилган депутат сўрови юзасидан ўтакизилган таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, аксарият ҳолларда сўровларга жавоблар тегишли раҳбар номидан эмас, балки қуйи поғонадаги раҳбарлар томонидан, айрим ҳолларда эса, ҳатто масалага алоқадор бўлмаган шахслар томонидан юборилганлиги аниқланди. Масалан, Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан 2018 йилда мансабдор шахслар номига жами 207 та депутат сўрови юборилган бўлиб, улардан 120 тасига жавоб тегишли мансабдор шахс номидан эмас, бошқа шахс номидан келганлиги аниқланди. Ушбу ҳолат депутат ва сенатор сўрови институтининг нуфузини тушириб, унинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади. Энди бундай муаммо юзага келмаслиги учун нима қилиш керак? Биринчи навбатда қонун ҳужжатларида депутат сўровига жавобни мансабдор шахснинг ўзи томонидан имзоланиши зарурлигини белгилаш даркор. Агар бу ҳолат қонун билан мустаҳкамлаб қўйилса, айрим мансабдорлар тегишли тартибдаги жазо борлигини билиб, масъулиятни ҳис қилишади.

Мазкур йўналишда ўндан ортиқ илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилди. Грузия, Россия, Тожикистон каби давлатларнинг қонунчилигида парламент ёки депутат сўровига жавоб бевосита мансабдор шахс томонидан берилишини назарда тутувчи нормаларни кўрдик. Демак, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши депутатлик фаолияти кафолатларини кучайтиришга, мансабдор шахсларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга, пировардида эса ҳокимиятнинг бўлиниши принципини мустаҳкамлашга ҳамда вакиллик демократиясининг ривожланишига хизмат қилади. 

Жавлонбек ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    627
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+