Шахсий намуна кўрсатиш вақти келди

14.07.2020, 16:04

Шахсий намуна кўрсатиш вақти келди

Бугун коронавирус пандемиясининг қачон тугаши, унга қарши вакцина яратилишига ҳеч ким аниқ жавоб топгани йўқ.

Шу боис, ҳар бир давлат унинг олдини олиш, уни жиловлаш учун курашмоқда. Жорий йилнинг март ойи ўртасида бошланган ушбу касаллик, мамлакатимизда ўз вақтида кўрилган қатъий чоралар, соғлиқни сақлаш тизимида сўнгги йилларда амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар туфайли нисбатан қисқа, қарийб уч ойлик даврда жиловланиб, касалланиш кўлами, даволаш самарадорлиги ва ўлим ҳолатининг паст кўрсаткичлари бўйича халқаро миқёсда ижобий баҳоланган эди.

Минг афсуслар бўлсинки, охирги пайтлар бепарволикка берилганимиз, карантин қоидаларига амал қилмаганмиз оқибатида касалланган сони кўпайиб бормоқда.

Таъкидлаш жоиз, эпидемияга қарши тадбирлар билан бир қаторда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида аҳолига ўз вақтида, сифатли ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни кўрсатиш учун кўплаб зарур чоралар амалга оширилмоқда, мавжуд тиббиёт муассасалари катталар ва болалар учун 4 тоифада қайта ихтисослаштирилиб, тайёрланди.

Биринчидан, мамлакатимиз бўйича “COVID-19” инфекцияси билан касалланган ҳамда гемодиализга муҳтож беморлар учун 16 586 та шифо-ўринга эга 80 та даволаш-профилактика муассасалари, шунингдек, “COVID-19” инфекцияси билан касалланган ҳомиладор аёллар учун эса 340 шифо-ўринга эга 13 та туғрук комплекси шай ҳолатга келтирилди.

Иккинчидан, мазкур инфекция билан касалланганлар билан мулоқотда бўлган, шошилинч тиббий ёрдам хизматига, шунингдек, гемодиализ ёрдамига муҳтож беморлар учун 1 860 та шифо-ўринга эга 14 та даволаш-профилактика муассасалари, коронавирус билан касалланганлар билан мулоқотда бўлган ҳомиладор аёллар учун эса 740 шифо-ўринга эга 14 та туғрук комплекслари ажратилди.

Учинчидан, коронавирус инфекцияси аниқланмаган ва мулоқотда бўлмаган аҳолини қолган қисми учун фтизиатрия, эндокринология, онкология, нейрохирургия, нефрология, гематология, наркология, акушерлик ва гинекология, руҳий касалликлар, қон марказлари, гемодиализ бўлимлари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, жами 78 284 та шифо-ўринга эга даволаш-профилактика муассасалари хизмат кўрсатиши белгиланди.

Тўртинчи тоифа сифатида инфекция аниқланмаган ва мулоқотда бўлмаган, кечиктирилмайдиган ва шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож беморлар учун 1 586 та шифо-ўринга эга 210 та даволаш-профилактика муассасалари тайёрлаб қўйилди.

Ушбу кўрилган чора-тадбирлар пандемияга қарши курашишда ўз самарасини бермоқда. Касалланганларни халқаро стандартлар асосида даволаш чораларининг тўғри амалга оширилгани туфайли шифо топганлар ҳам кундан кунга кўпайиб бормоқда.

Давлатимиз томонидан пандемиянинг олдини олиш бўйича тизимли ишлар олиб бориляпти. Гап ўзимизда қолди. Яъни, инфекцияга қарши курашишнинг энг самарали усули бу карантин ва санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш орқали вирус юқтиришдан ўзимизни ҳимоя қилиб шахсий намуна кўрсатиш вақти келди.

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    774
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+