Эл нетиб топгай мениким...

14.07.2020, 17:16

Эл нетиб топгай мениким...

Бугун бутун жаҳон аҳли кўринмас ёв билан уруш ҳолатида яшашга мажбур бўлмоқда. Тўғри, тарихда бундай пандемиялар жуда кўп бор юз берган, миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритган. Ва ҳар бир ҳолатда, ҳар бир давлат дунё миқёсида тарқалган ўта хавфли юқумли касалликларга қарши ўзининг бор имкониятларини, ўзидаги бор воситаларни ишга солган ҳолда курашиб, ҳар сафар ғолиб чиққан.

Бугунги кунда ҳаммамизни ваҳимага солиб барча халқларнинг ҳаётига таҳдид солиб турган бу мудҳиш вирусни ҳам енгамиз, албатта. Бироқ, бунинг учун барчамиздан фақат сабр, сабр ва яна сабр талаб қилинади.

Ўтган тўрт ой ичида дунёдаги ҳатто энг қудратли, ривожланган, иқтисодий жиҳатдан бақувват давлатлар ҳам коронавирус инфекцияси ўчоғига айланиб, юз минглаб қурбонлар берганлигига ва ҳозир ҳам касалланаётганлар сони жаҳон миқёсида кундан-кунга ўсиб бораётганлигига ҳаммамиз гувоҳмиз.

Дунёнинг энг етакчи давлатларида тиббий суғуртаси мавжуд бўлмаган беморлар тиббий ёрдамдан маҳрум этилиб, тақдир ҳукмига ташлаб қўйилганлигига, уларнинг жасадларини кремация қилиш ва дафн этиш учун узундан-узоқ навбатлар юзага келганлигини ҳам ойнаи жаҳон орқали ўз кўзимиз билан кўрдик. АҚШ, Европадаги энг ривожланган давлатларнинг соғлиқни сақлаш тизими касаллланганлар оқимига дош беролмай вирус қаршисида ожиз қолаётганлиги, шифокорлар, ҳамширалар тиббий ҳимоя воситалари танқислигига чора излаб, ахлат ташлаш учун фойдаланиладиган целлофан пакетлардан фойдаланишга, кўплаб давлатларда қўлбола сунъий нафас олиш аппаратларидан фойдаланишга мажбур бўлинаётганлиги ОАВ ва телевидение орқали кўп бор ёритилди.

 Бу офат Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Бугун бутун Ўзбекистон унга қарши кураш олиб бормоқда. Мамлакатимизда дастлабки бемор аниқланган кундан бошлабоқ давлатимиз раҳбари бошчилигида қатъий чоралар ишлаб чиқилиб, касалликни жиловлаш учун бор имкониятлар ишга солинди. Кўрилган тезкор ва кенг кўламли чоралар самараси ўлароқ касалликни жиловлашга муваффақ бўлдик ҳам. Ўзбекистон жаҳондаги давлатлар орасида пандемик вазият кўрсаткичлари бўйича ижобий ўринни эгаллаб, яшил ҳудудларимиз тобора кўпая бошлади. Адолатли равишда шуни алоҳда таъкидлаш керакки, бунда матонатли шифокорлар, ҳамширалар, тиббиёт муассасаларининг, бошқа фидойи тиббиёт ходимлариннг инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун кечаю-кундуз тиним билмай, ўзини аямай қилган меҳнатлари, давлатимиз томонидан соғлиқни сақлаш тизимига сафарбар этилган молиявий ва техник воситалар ўз самарасини бериб, минглаб беморлар соғайди ва ўз уйларига кузатилди...

Бироқ, давлатимиз бизга катта ишонч билдириб, инсонпарварлик мезонларига амал қилган ҳолда, карантин чораларини бўшаштиргач, ҳаммамиз ўзимизни «эркин қўйиб юбордик». 30 кишилик эмас, 100–200 кишилик тўйлар, юбилейлар, туғилган кунлар, гап-гаштаклар авж олди. Тиббий ҳимоя воситаларидан хўжакўрсинга фойдаланиб, ота-оналаримиз, фарзандларимиз, яқинларимизнинг соғлиғига хиёнат қила бошладик. Ва бунинг оқибатини бугун ҳаммамиз кўриб турибмиз.

Эндиликда айрим юртдошларимиз бундай вазиятнинг сабабларини ўзидан эмас, давлат идораларидан, тиббиёт муассасаларидан, шифокорлардан излаб, уларни айблашга уринмоқда. Айримлар эса очиқчасига ҳаммасига давлат айбдор, мени давлат даволасин деб иддао қилишга ўтмоқда. Тўғри, бизнинг бугунги кундаги  мавжуд муаммолардан кўз юмишга ҳаққимиз йўқ. Муаммолар мавжуд. Аммо уларни бартараф этиш учун ҳаммамиз баравар ҳаракат қилишимиз керакмасмикан?

Агар ҳар биримиз республика махсус комиссиясининг ҳамма кўрсатмаларига беистисно амал қилсак, бу биз учун қанчалик қийинчилик туғдиради? Бу саволнинг жавоби оддий: бу талабларни бажариш учун биздан жисмоний куч ҳам, сарф-харажат ҳам талаб қилинмайди. Уйда қолинг! Кўчада маскасиз юрманг! Бори шу. Бироқ, мана шу оддий кўрсатмаларни бажариш учун ҳар биримиз энг аввало ўзимизни ўзимиз яхши англашимиз, билишимиз, ҳурмат қилишимиз зарур. Зеро, ҳазрат Алишер Навоий айтганларидек, «Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам». Агар биз бу қоидага амал қилмасак, касалликка чалиниб, юкимизни давлатнинг, шифокорларнинг зиммасига ортиб: «Ҳеч ким менга ёрдам бермаяпти», дея нолиб юраверамиз.

Давлат қанчалик бой ва қудратли, унинг соғлиқни сақлаш тизими эса қанчалик ҳавас қилса арзигулик бўлмасин, агар мамлакатдаги ҳар бир фуқаро ўзининг соғлиғини аввало ўзи ҳимояламаса, бу бебаҳо бойликни асраб-авайламаса, мураккаб вазиятларда белгиланган тартиб-қоидаларга ва интизомга риоя этмаса, бундай давлат ҳар қандай эпидемиялар ва пандемиялар қаршисида ожиз қолаверади.

Мен ушбу кичик мақолада мамлакатимизда карантин жорий этилган илк кунлардан буён давлатимиз томонидан соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлаш, тиббиёт ходимларини рағбатлантириш учун ажратилган маблағлар, воситалар борасидаги аниқ кўрсаткичларни қалаштириб ташлашим ҳам мумкин эди. Лекин  ОАВ лар орқали бу борадаги маълумотлар тўхтовсиз равишда эълон қилиб борилмоқда.

Давлатимиз бор имкониятлардан, ва ҳеч муболағасиз, йўқ имкониятлардан ҳам фойдаланиб барча чораларни кўрди ва кўрмоқда. Энди навбат бизники: қоидаларга амал қилайлик!

 

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    913
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+