Шукроналикни унутмайлик!

14.07.2020, 17:38

Шукроналикни унутмайлик!

Куни кеча қўшни Қозоғистон чегарасида ўз уйига – Ўзбекистонга қайтиш учун муштоқ бўлиб, сарсон қолган 3700 нафар юртдошимиз Ватанга қайтарилдилар. Улар хориждан махсус рейс билан Ўзбекистонга қайтарилганларнинг ҳозирча охиргиси. Давлатимиз томонидан яна шундай бир қатор рейслар режалаштирилган бўлиб, уларнинг жадвали эълон қилинган. Бунга қадар ҳам дунёнинг турли мамлакатларидан 100 минг нафардан зиёд ватандошларимиз махсус рейслар орқали оиласи бағрига қайтарилди. Уларни Ўзбекистонга қайтариш, карантин ҳудудига жойлаштириш, озиқ-овқат, дори-дармон,шифокорларнинг тиббий кузатуви билан таъминлаш ҳамда вирус юқтирганларни касалхонада даволаш учун давлатимиз томонидан миллиардлаб маблағлар сарфланмоқда.

Мамлакатимиз ичкарисидаги пандемик вазият шундоқ ҳам оғирлашиб бораётган мураккаб бир шароитда хориждаги юртдошларимизни Ўзбекистонга қайтариш борасида амалга оширилаётган бу чора-тадбирлар юксак инсонпарварлик, ғамхўрлик намунасидир, десак асло муболаға бўлмайди.

Яқинда хориждан қайтарилган ва Ўрта Чирчиқдаги карантин зонасида бўлиб қайтган бир танишимни учратиб қолдим. У Туркияга тижорат мақсадида борган ва карантин ўрнатилганлиги туфайли Ўзбекистонга учадиган авиарейсни кутиб Истанбул аэропортида бир неча кун қолиб кетганини гапириб берди. Унинг: «Менинг Истанбул аэропортида кечган бир неча кунлик ҳаётим бир умрлик сабоқ бўлди. Бу кунлар менга ўз Ватаним, яқинларим қадрини ҳеч қандай пул ва бойлик билан ўлчаб бўлмаслигини тушунишимга катта туртки бўлди. Чунки, шу аэропортда биз Ватанимиз ва оила аъзоларимиздан бошқа ҳеч кимга керакли ва қадрли эмаслигимизни чуқур ҳис этдик. Биз бор пули тугаб бир бурда нонга зор бўлган ҳамсафарларимиз билан Ўзбекистонга қайтишга муваффақ бўлдик ҳамда карантин зоналарида биз учун яратилган шарт-шароитлар, шифокорлар томонидан  кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан тўлқинланиб йиғлаб юбордик. Мен ўз уйимга бутунлай бошқа одам бўлиб қайтдим. Менинг ҳаётнинг мазмуни, қадри, бахт ва шукроналик борасидаги барча қарашларим ўзгариб кетди», деган сўзларини эшита туриб хаёлим бошқа нарсага кетди.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда эълон қилинган карантин зоналаридаги муаммо ва камчиликлар, айрим норозиликлар, ёқабўғишлар ёдимга тушди. Инсон ёмонликни кўрмай туриб, яхшиликнинг, зулмни кўрмай туриб, меҳрнинг, хунукликни кўрмай туриб, гўзалликнинг қадрига етмас экан. Бу ўринда мен барча карантин зоналарида аҳвол бирдек яхши деган фикрдан йироқман, албатта. Бироқ, давлатимиз томонидан аҳолини коронавирусдан ҳимоя қилиш борасидаги кенг кўламли чора-тадбирлар, сарфланаётган молиявий маблағлар, шифокорларнинг машаққатли меҳнати самарасини «гуруч орасидаги курмакни»  йўққа чиқариш инсофданми? Ўзимизнинг эътиборсизлигимиз сабабли касалликнинг авж олиши оқибатида юзага келаётган ҳозирги оғир вазиятда соғлиқни сақлаш муассасаларидаги, карантин зоналаридаги барча ижобий жиҳатлардан кўз юмиб, шифокорларни, мутасадди шахсларни айблашимиз қанчалик тўғри?

Ваҳоланки, карантин зонасидаги ҳар бир контейнерга ўрнатилган кондиционер, музлаткич, телевизор баъзи юртдошларимизнинг уйида ҳам йўқлиги сир эмас-ку. Ёки ушбу зонада уч маҳал бепул берилаётган овқатдан нолиш, бу ҳам етмагандек шифокорлардан норози бўлиб тўполон кўтариш бизнинг азалий қадриятларимизга, сабр-қаноатимизга тамоман тескари бўлган нонкўрлик, ношукрлик  эмасми?

Биз ҳозирги карантин шароитида ўз сайловчиларимиз билан электрон тизим орқали мулоқот қилишга мажбур бўлмоқдамиз. Бу вақтинчалик чора, албатта. Ана шу ўткинчи синовли дамларда биз депутатлар сизнинг барча мурожаатларингизни қабул қилишга ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун ҳаракат қилишга тайёрмиз. Зеро, ҳозирги оғир синовларни фақат бирдамлик орқалигина енгишимиз мумкин. Энг асосийси: шукроналикни унутмайлик!

Одинахон ОТАХОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    915
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+