“Насаф” маҳалласи аҳолисига ичимлик сувини сотиб олиш қимматга тушмоқда

15.07.2020, 16:50

“Насаф” маҳалласи аҳолисига ичимлик сувини сотиб олиш қимматга тушмоқда

Кун сайин гўзаллашиб, замонавий қиёфа касб этаётган Қарши шаҳри жамолига боқиб кўз тўймайди.  Шаҳардаги юксалиш ва янгиланишлар халқ фаровонлиги ва равнақи йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Бу юксалишлардан кўз юммаган ҳолда шаҳарнинг баъзи маҳалаларидаги мавжуд муаммоларни ҳам тилга олсак, фойдадан ҳоли бўлмайди.

Масалан, “Насаф” маҳалласидаги “Заргар” кўчасида аҳоли ичимлик суви таъминоти издан чиққанлигидан жуда норози. Қувурлардан сув оқмай қўйганига анча бўлган. Эскириб кетган бу қувурларни қачон ётқизилганини ҳатто мутахассислар эслай олишмайди. Ишдан чиққан сув тизимини замонавий қувурлар билан модернизация қилмасдан туриб, аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини таъминлаб бўлмайди.

Ана шу сув келмай қолган, келса ҳам қувурлар тез-тез ёрилиб, “авария” ҳолати рўй бераётгани боис, аҳоли ҳовлисида “қўлбола” ҳовуз қуриб, четдан сув сотиб олишга мажбур бўлишмоқда. Ачинарли жиҳати шундаки, бир “водовоз” сувни харид қилиш хонадон эгасига 75-80 минг сўмга тушаяпти. Овқат қилиш, ювиниш, кир-чир чайиш, дарахти остига бир икки челак сув қуйиш ва бошқа турмуш шароитлари учун сотиб олинган сувдан фойдаланилади. Натижада бир “водовоз” сув 20-22 кунга етади, холос.  Бу эса аҳоли чўнтагига жуда “оғирлик” қилмоқда. Турли юқори идораларга мурожаатлар йўллашаётганининг боиси ҳам ичимлик сувини қимматга тушаётгани билан боғлиқ.

“Заргар” ва унга ёндош кўчаларда яшовчи Тавқара Қўшшаев, Ҳанифа Полвонова, Холмурод Нурхонов, Турдиой Муҳлисова, Раъно Севарова, Даврон Бердиев, Раъно Воҳидова билан суҳбатлашганимизда, улар ичимлик суви масаласида аҳвол жуда оғирлиги боис, O'zLiDeP Қарши шаҳар Кенгаши депутати Арзиқул Шеровга мурожаат қилишганини айтиб ўтишди. Халқ вакили вазиятни синчковлик билан ўрганиб, Қарши шаҳар “Сув таъминот” бўлими раҳбарларига бу масалага жиддий эътибор қаратишни сўради. Шундан сўнг бир сув келгандай бўлди-ю, тағин тўхтаб қолди.

Бу ҳолат муаммо ўта жиддийлигидан далолат бериб турибди. Шу боис, депутат ўз ваколатлардан фойдаланган ҳолда Қарши шаҳар “Сув таъминот” бўлими раҳбарига депутатлик сўрови билан чиқди.

Фахриддин Бозоров,

O'zLiDeP Қашқадарё

вилоят Кенгаши

 матбуот котиби

  • Кўрилди
    766
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+