Сув хўжалиги тизимини ривожлантириш концепциясида вазирлик ўз олдига қандай аниқ вазифалар белгилаб олган?

20.07.2020, 17:56

Сув хўжалиги тизимини ривожлантириш концепциясида вазирлик ўз олдига қандай аниқ вазифалар белгилаб олган?

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 20 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг видеоконференция тарзида ўтказилаётган навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилга мўлжалланган Давлат дастурининг биринчи ярим йиллигидаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилмоқда. Давлат дастури ижросини бажарилиши юзасидан партия фракцияси аъзолари қатор тегишли вазирликларга савол ва таклифларни билдириб ўтишмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов Сув хўжалиги вазирлигига қуйидаги саволни йўллади.

- Пандемия шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалалари бу йил ҳар йилгидан ҳам муҳим. Ғалладан бўшаган майдонларда экинлар эктириш, эҳтиёжманд  фуқароларга, ёшлар ва аёлларга такрорий  экинлар экиш учун ажратиб берилиши бўйича ишлар ташкил этилган. Бу борада сув билан таъминлаш масалалари жуда муҳим саналади. Жойларда сув танқислиги сезилаяпти, айниқса Фарғона водийси вилоятларида, Сирдарё ҳавзасида кузатиляпти. Бу борада сувдан тежамкорлик ва интизом билан фойдаланиш борасида қилинаётган ишлар қанчалик талабга жавоб бераяпти? Бундан ташқари, яқинда сув хўжалиги тизимини ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Бу борада вазирлик томонидан қандай аниқ амалий чора-тадбирлар белгилаб олинган?

Ушбу саволга Cув хўжалиги вазири Ш. Хамраев қуйидагича жавоб берди.

- Сўнгги йилларда мамлакатимизда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Эндиликда, мазкур Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди. Унга кўра, мамлакат сув хўжалиги соҳасида 10 йилда қатор кўрсаткичларини яхшилаб, сув ҳисобини юритишда рақамли технологияларни жорий этади.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ерларнинг умумий майдонини 2 миллион гектаргача, шу жумладан, томчилаб суғориш технологиясини 600 минг гектаргача етказиш ҳамда сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида 50 та лойиҳани амалга ошириш белгилаб қўйилгани ҳам диққатга сазовордир.

Муҳим вазифалардан яна бири – Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида белгиланган вазифаларни 2020−2022 йилларда амалга ошириш бўйича «Йўл харита"си тасдиқланиб, унда сув ресурсларини бошқариш, сувдан самарали фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш мақсадида Сув кодекси ишлаб чиқилади. Бу каби белгилаб берилаётган аниқ вазифаларни ижросини таъминлашда бизнинг вазирлигимиз олдига катта масъулият талаб қилинади.

  • Кўрилди
    844
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+