Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси қачон олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши мумкин эмас?

25.07.2020, 18:35

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси қачон олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши мумкин эмас?

Яқинда бўлиб ўтган парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи йиғилишида Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастури ижросининг жорий йил биринчи олти ойлигида бажарилиши юзасидан ҳисоботини тинглаш баробарида 20 га яқин қонун лойиҳалари атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, «Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси, айниқса кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Фикрларимиз, таклифларимиз қўллаб-қувватланиши билан соҳадаги мавжуд камчиликларга барҳам берилишига эришамиз.

Лойиҳада белгиланган бандларга кўра келгусида Инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган суғориладиган ерлар, шунингдек лалми ерлар ва фойдаланилмаётган ўрмон фонди ерлари – Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналарига, яйловлар, бўз ерлар, кўп йиллик дов-дарахтлар – Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, қишлоқ хўжалиги корхоналарига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган инвесторларга уч йилдан қирқ тўққиз йилгача бўлган муддатга ижарага берилиши таъминланади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни иккиламчи ижарага бериш ҳолатларига ҳам аниқлик киритилгани, қонун билан мустаҳкамлаб қўйилгани бу борада келгусида муаммолар келиб чиқмаслиги кафолати бўлади, деб ишонамиз. Хусусан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, бундан ўрмон фонди ерлари мустасно, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш мақсадида юридик ва жисмоний шахсларга қирқ бир йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага берилиши белгилаб қўйилди. Муҳими шундаки, фойдаланишга киритилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш шартномасининг муддати тарафларнинг келишувига кўра белгиланади ва у қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини ижарага бериш шартномаси муддатидан ортиқ бўлмайди. Иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши мумкин эмас.

Яқинга қадар ҳам айрим фермерларимиз томонидан хўжалиги тасарруфидаги каттагина ер майдонлари ҳам фойдаланишсиз тураверганини гувоҳи ҳам бўлганмиз. Бу қаровсизликка лоқайдлик билан қаралганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди, албатта. Аммо эндиликда мазкур меъёрий ҳужжат лойиҳасида кўрсатилган ўзгартиш ва қўшимчалар тасдиқланса, юқорида келтирганимиздек, аграр соҳа корхоналари, оддий фуқароларга самарали фойдаланиш учун берилади.

Демак, эндиликда соҳада бу йўналишда ўзбошимчаликка йўл қўйилмайди. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини иккиламчи ижарага бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши эса назорат шаффофлиги намунасидир.

Барнохон МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    239
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+