Одил судловга ишончни ошириш — жуда муҳим масала

27.07.2020, 18:02

Одил судловга ишончни ошириш — жуда муҳим масала

Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш тараққиётимизнинг энг муҳим устуворликларидан бири экани муболаға эмас. Чунки, фуқароларимизнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминламай туриб, эркинлик, демократия тўғрисида гапириш қийин.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасида кўплаб ўзгаришлар амалга оширилди. Хусусан, суд органларини ихтисослаштириш, судьяларни лавозимига тайинлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий мақомини янада ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар кўрилди.

Давлат томонидан кўрилаётган бундай чора-тадбирлар судьялар ишининг сифати ва тезкорлигини таъминлаш имкониятини бермоқда. Натижада суд хатоларининг сони, ишларни кўриш муддатларини бузиш ҳоллари сезиларли даражада қисқариб бормоқда.

Шундай бўлса-да, одил судлов соҳасидаги барча муаммолар ҳал этилди деган фикрни қатъий айта олмаймиз. Боиси, мамлакатимиз суд тизимидаги сансалорлик ҳолатлари ҳамон учраб туради. Фуқаролар йиллар давомида ҳақиқат излаб турли суд инстанциялари ўртасида сарсон бўлмоқда. Қонуний кучга кирган суд ҳукмлари ва қарорларининг турли сабаблар билан бир неча марта қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилиниши ҳолатлари суд процесси иштирокчиларида турли шубҳа-гумонларни юзага келтирмоқда. Шу нуқтаи назардан, ишларнинг асосий қисмини юқори судларда чўзиб юбормасдан жойларнинг ўзида ҳал этишга эришилиши бугун долзарб масалалардан бирига айланган.

Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан судлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон имзоланди.

Фармонда суд тизимини такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар назарда тутилган. Жумладан, вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар бирлаштирилиб, уларнинг негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда, ягона умумюрисдикция судларини ташкил этиш белгиланган.

Илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда, республикада самарали маъмурий одил судлов тизимини яратиш кўзда тутилган.

Судда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институтини жорий этиш, прокурорнинг судда иш кўрилиши жараёнида иштирок этиш тартибини илғор халқаро стандартларга мослаштириш, ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали суд тизимига “бир суд – бир инстанция” тамойилини жорий этиш ва бошқалар муҳим янгиликлар назарда тутилган.

Ушбу Фармон суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларини бекор қилишга, инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишини таъминлашга, шунингдек суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

Самарали суд тизимига эга бўлишимиз нафақат қонун устуворлигини таъминлаш ва адолат ўрнатишга кўмаклашади, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам юксак самара беради. Мулкни ва мулкдорни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш мансабдор шахслар томонидан фуқароларнинг мулк ҳуқуқини чеклашга ҳар қандай уринишнинг олдини олади, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширади, фуқароларнинг ўз шахсий бизнесини ривожлантириш ва кенгайтиришга бўлган ишончини янада кучайтиради.

Ўзбекистонда судларнинг иши жамият учун шаффоф ва очиқ, шу билан бирга, холис бўлиши керак. Холисликни таъминлаш учун эса, жамоатчилик вакилларининг суд ишини юритишда иштирок этишини таъминлаш ҳамда судларнинг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш муҳимдир.

 

Шуҳрат ШАРАФУТДИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    990
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+