Яширин иқтисодиётнинг оёғига болта уришга тайёрмисиз?

28.07.2020, 23:58

Яширин иқтисодиётнинг оёғига болта уришга тайёрмисиз?

Агар мамлакатда солиқлар оширилиб, тадбиркорлик субъектлари ва ёки бошқа турдаги фаолият турлари учун ҳам лицензия, сертификатлар ва рухсатномалар олишда кўзда тутилмаган харажатлар кўпайса, хом ашё олиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришда турли тўсиқ ва қийинчиликларга дуч келинаверса, бу омиллар яширин иқтисодиётга йўл очади. Одамлар олди-берди қилишда мавжуд қонун-қоидаларни четлаб ўтиб, иқтисодий алоқаларини давом эттиришга урина бошлайдилар. Натижада яширин тадбиркор ва ишбилармон кўпаяди. Уларнинг қўлида ишлайдиган аҳолининг эса ҳуқуқлари тўлақонли таъминланмайди ва бу уларнинг даромади пасайишига ҳам сабаб бўлади. Ваҳоланки, Ўзбекистонда ҳам бундай иқтисодиётнинг ЯИМдаги улуши 50 фоизни ташкил қилади.

Жорий йилнинг 27 июль куни Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида айнан яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича қилиниши лозим бўлган муҳим масалалар юзасидан аниқ таклифлар ва топшириқлар берилди.

Унда таъкидланганидек, Ўзбекистонда ҳам яширин иқтисодиётнинг ЯИМдаги улушини камайтириш учун қатор ислоҳотлар олиб борилди. Жумладан, валюта бозорининг эркинлаштирилиши, 100 га яқин лицензиялаш қоидаларнинг қисқартирилиши ёки тадбиркорлар учун солиқ имтиёзлари ва преференцияларнинг берилиши бу йўлда ташланган муҳим қадамлар бўлди. Бироқ, ҳали олдимизда яна бартараф этиш лозим бўлган муаммолар ҳам талайгина.

Яъни яширин иқтисодиётни камайтириш учун «Инсофли солиқ тўловчи» тизимини яхшироқ шакллантириш лозим. Бу — давлат солиқ хизмати органларини солиқ тўловчиларнинг бизнес-ҳамкори, маслаҳатчисига айлантириш деганидир. Корхона ва ташкилотлар солиқчини кўриб, ҳадиксираши эмас, балки унинг муаммоларини ҳал этишда, имтиёзлардан фойдаланиши учун унга аниқ кўрсатма ва тушунча берадиган кўмакчи сифатида қараши лозим.

Эндиликда, коррупция авж олган Қурилиш, Соғлиқни сақлаш ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларида, «Ўзбекнефтгаз» ва «Ўзкимёсаноат» АЖларда хизматчиларнинг харажатлари ва даромадларининг мувофиқлиги устидан назорат ўрнатиш амалиёти бошланади. Бу жараён йил якунига қадар 14 та ташкилотда ва давлат улушига эга 10 та банкда ҳам жорий этилиши кўзланмоқда.

Коррупциянинг олдини олишда энг самарали йўл бу шубҳасиз, инсон омилига чек қўйишдир. Айниқса, бу божхона ва солиқ тизимида жуда керакли бўлган тизимдир. Йиғилишда айнан Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитасига импорт товарларининг кириб келиши, божхонадан ўтказилиши ва сотилиши бўйича ягона базани ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, 2021 йил 1 январдан «Божхона аудити» ахборот тизимини жорий этиш вазифаси ҳам белгиланди.

Биласиз, ўзини-ўзи банд қилиш тизимининг соддалаштирилгани натижасида 2020 йил июль ойининг ўзида 184 минг фуқаро расмий секторда иш юрита бошлади. Лекин, қурилиш, савдо ва умумий овқатланиш, транспорт ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларида норасмий бандлик даражаси ҳамон юқори. Умуман, иқтисодиётда банд бўлган 10,5 миллион аҳолининг атиги 4,9 миллиони даромад солиғи тўлайди. Йиғилишда бундай соҳалар бўйича манзилли ишлаш, норасмий фаолият юритаётган субъектларни рағбатлантирувчи механизмлар орқали яширин иқтисодиётдан олиб чиқиш кераклиги айтилди. Савдо, умумий овқатланиш, транспорт ва маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида пластик карталар ва бошқа турдаги контактсиз тўловларни айланма даромад солиғини ҳисоблаш базасига киритмаслик бўйича билдирилган таклиф эса, ўзини-ўзи банд қилганлар учун яна бир қулай имконият бўлди.

Яширин иқтисодиётни камайтириш йўлида жамоатчилик назорати ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Зеро, бу одамларда мазкур иллатга қарши нафрат туйғусини уйғотиш, уларни коррупцион ҳолатларга бефарқ бўлмасликка ундашга ёрдам беради.

Фахриддин САМАДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    677
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

П.Тожиқулов2020-07-29 12:19:56

Коррупциянинг олдини олишда энг самарали йўл бу шубҳасиз, инсон омилига чек қўйишдир. Тушунарсиз фикр...


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+