Тадбиркор нафақат ўзига, балки ўзгаларга ҳам фойда келтиради

30.07.2020, 12:23

Тадбиркор нафақат ўзига, балки ўзгаларга ҳам фойда келтиради

Ҳар бир ҳалол ризқ билан даромад топувчи инсон ўзи, оиласи ва мамлакат учун наф келтиради.

Пандемия шароитида давлатнинг қўллаб-қувватлови билан бирга “Саховат ва кўмак” ҳаракатида ўн минглаб тадбиркорлар, фермерлар ва ишбилармонлар фаол қатнашиб, халқимиз оғирини енгил қилишга баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқда. Албатта, бундай бағрикенг ва танти юртдошларимизнинг ишлари таҳсинга лойиқ. Улар бу билан чекланиб қолмай, муқим иш жойига эга бўлмаганларни ҳам банд қилишда фаоллик кўрсатишаётир. Бунинг натижаси ўлароқ, ҳукуматнинг Парламентга тақдим этган олти ойлик ҳисоботида жорий йилда 300 мингдан зиёд ишсиз фуқаро иш билан таъминлангани қайд этилган.

Хусусан, 1,3 млрд АҚШ долларига тенг 28 та йирик лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 3,9 мингта, ҳудудий инвестиция дастури доирасида қиймати 9,5 трлн сўмлик 2 мингдан ортиқ лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши натижасида 27,9 мингта янги иш ўринлари яратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  2020 йил 8 июндаги ПҚ-4742-сон қарорига мувофиқ, жорий йилнинг ўзида 67 та фаолият тури бўйича 200 мингдан ортиқ фуқаролар ўзини ўзи банд қилишига имконият яратилди.

Давлат раҳбарининг 20 июльдаги ПФ-6029-сон Фармони билан эса 15 дан ортиқ (8 таси солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар, 7 таси тадбиркорлар учун яратилган енгилликлар) имтиёзлар тақдим этилгани, аввалгиларининг муддати узайтирилгани ҳам айни вақтида бўлди.

Бундай кенг кўламли чора-тадбирлар тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга, иш жойларини сақлаб қолиш билан бирга қўшимча бандлик ва бюджет тушумларини таъминлашга ҳам хизмат қилади.  

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон либерал-демократик партияси депутатлари, фаоллари партиянинг асосий электорати бўлган тадбиркорлар, фермерлар, томорқа ер эгалари билан доимий мулоқотда. Қабул қилинган фармон ва қарорлар мазмунини тушунтириш билан биргаликда, мавжуд муаммоларни тезкор тартибда ҳал этишда ҳам амалий ёрдам кўрсатиб келишмоқда.

Жумладан, айни пайтда тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ қуйидаги масалалар ўрганилаяпти:

- экспорт фаолиятидаги савдони молиялаштиришнинг тижорат банклари томонидан содда ва тезкор тизимини яратиш, суғурталаш соҳасида халқаро тажрибани ҳисобга олиб такомиллаштирилган хизмат турларини таклиф этиш, логистика масаласидаги қатор масалалар;

- рақобат муҳитини ривожлантириш, кичик тадбиркорлик субъектларини эркин фаолият юритиши учун шароит яратиш, монополияни қисқартириш, устувор имкониятларга эга бўлган давлат идоралари тасарруфидаги ва таъсисчилигидаги корхоналар фаолиятини тартибга солиш;

- янги тадбиркорлик ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун тадбиркорларга ер участкаларини ажратиш тизимидаги муаммоларни ҳал қилиш, аукцион тизимини такомиллаштириш, қурилишга рухсат олиш жараёнларини қисқартириш;

- ёшларни тадбиркорликка ўргатиш, уларни бандлигини ошириш, юқори ҳақ тўланадиган барқарор иш ўринларини яратиш, касбга тайёрлаш соҳасида давлат томонидан ажратиладиган грант маблағлар миқдорини ошириш ва бошқалар.

Ушбу масалаларда партиямиз ижроия аппарати масъул ходимлари томонидан тадбиркорлар фикр ва таклифларини умумлаштириб, зарур чоралар ҳам белгиланади.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    738
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+