Дори-дармон нархини оширишдан кўра, аҳолининг касалликка чалинмаслиги учун курашайлик

30.07.2020, 12:25

Дори-дармон нархини оширишдан кўра, аҳолининг касалликка чалинмаслиги учун курашайлик

Ҳозирги кунда нима кўп – дорихона кўп. Ҳар қадамда дуч келасиз. Туну кун – 24 соат ишлайдиганлари ҳам бор. Энди бир таҳлил қилиб кўрайлик: нега дорихоналар баҳорда чиққан қўзиқориндек, кўпайиб бораяпти? Негаки, дори-дармонга эҳтиёж катта. Бу эҳтиёж афсуски, аҳоли ўртасида турли-туман касалликларнинг кўпайиб бораётганлиги туфайли юзага келаяпти, албатта. Буни инкор этиб бўлмайди. Сабаби нафақат шаҳарлар марказларида балки қишлоқ ва овулларда ҳам янгидан янги ва муҳташам дорихоналар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

Биргина Қашқадарё вилоятининг ўзида филиаллари билан қўшиб ҳисоблаганда, 914 та дорихона ишлаб тургани ва уларнинг сафини янада кенгайтириш учун эҳтиёж ортиб бораётгани дори-дармоннинг камлигида эмас. Балки бу эҳтиёжнинг асосий қисми аҳолининг соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслиги боис юзага келаётганини ҳам айтиш ўринлидир. Буюк табиб, тиб илмининг билимдони Абу Али Ибн Сино  “Мен ўзимдан сўнг тўртта табибни қолдираяпман.Улар: қуёш, тоза ҳаво, сув ва бадан тарбиядир” деган экан. Яна бир ўринда у бадантарбия билан мунтазам шуғуллансангиз дори ичишга ҳеч ҳожат қолмайди, деб таъкидлаган.

Бизга дорихоналарнинг кўпайиши эмас, халқимизнинг саломатлиги керак. Шундай экан, касал бўлмайлик. Бу ахир ўзимизнинг қўлимизда-ку! Бинобарин, қанча касал одам кўпайса, “аптекачилар”нинг куни туғади, бизнеси ривож топади. Тўғри, улар сотаётган дори-дармон аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилишда,  жамиятда юз бериши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатларда етарли даражада ёрдам ташкил эта олиш қувватига эга бўлиши мумкин. Аммо дорихоналарни кимошди савдосига айлантириб юбориш бу –инсофдан эмас-да.

Нега бу фикрларни айтаяпман. Сабаби – пандемия даврида халқимиз телевидение, радио, интернет ва ижтимоий тармоқлардан коронавирусга қарши вакцина яратилиши, дорихоналарда сотилиши ҳақида хабарларни интиқлик билан кутишмоқда. Баъзан олғир ва пулга муккасидан кетган кишилар ноёб дориларни коронавирусга даво бўлади деб, 10-15 баравар қиммат нархда пуллаб, чўнтагини қаппайтиришга уринмоқдалар. Буёқда одамлар дард билан олишиб ётган бир пайтда халқимизни эмас халқумини ўйлаётган кишилар афсуски орамизда бор. Энг ёмони бундай шахслар дорихоначилар, фармацевтика соҳаси ходимлари орасида ҳам учраётгани жуда ачинарлидир.

Хабарингиз бор, Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида дорихоналар фаолияти қониқарсиз эканлиги айтилиб, ҳудудларда аҳоли учун зарур дори маҳсулотлари захирасини яратиш бўйича тегишли топшириқлар берилган эди. Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят Кенгаши депутатларидан тузилган ишчи гуруҳ вакиллари бугунги кунда эҳтиёж кўп сезилаётган коронавирус касаллиги профилактикаси ва турли инфекцияларга қарши қўлланиладиган дори воситаларининг рўйхатини шакллантириш ҳамда жойларга ушбу маҳсулотларни етказилиши ва  нархи билан қизиқди.

Аён бўлдики, вилоятда фаолият кўрсатаётган кўплаб дорихоналарда, пандемия шароитида талаб юқори бўлган вирус ва иситмага қарши препаратлар захираси деярли йўқ. Борлари ҳам маълум муддатга етади. Нархлардаги ўсишни эса, қатъий назоратга олиш зарур.

– Ишчи гуруҳ вакиллари билан дастлаб Қарши шаҳридаги дорихоналарда бўлдик, – дейди Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Нилуфар Ўтаганова. –Баъзи дорихоналарда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун умуман шароит яратилмаган. Карантин қоидаларига риоя этилмаяпти. Ижтимоий масофани сақлашдаги чизиқлар чизилмаган, қизил лента тортилмаган ҳаттоки, биронтасида рисоладагидек ҳарорат ўлчагич қуйилмаган. Борлари ҳам номига иш юритмоқда. Энг ёмони вирус ва иситмага қарши препаратлар нархи асоссиз юқори нархларда сотилмоқда. Албатта, бу мижозларнинг эътирозига сабаб бўлиши табиий. Биз депутатлар ушбу муаммолар юзасидан ўз таклифларимизни бердик. Шу боис, нархи асоссиз оширилаётган дори воситаларини марказлашган ҳолда ва белгиланган нархда етказилса, аҳоли учун ҳам тадбиркорлар учун ҳам фойдали бўлади.

Бугунги кунда вилоятда 914 та дорихона ва уларнинг шаҳобчалари аҳолига хизмат кўрсатаётган бўлса, уларнинг 103 таси «Қашқадарё дори - дармон» масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги “аптека”лардир. Бундан ташқари мазкур масъулияти чекланган жамият томонидан 10 та ҳаракатдаги кўчма дорихона фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, улар Қамаши, Нишон, Шаҳрисабз, Чироқчи, Косон, Муборак ва Деҳқонобод туманларида энг чекка ва олис қишлоқлардаги аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида хизмат қилмоқда.

Шу ўринда мавзудан сал четга чиқсам ҳам айтай: қайсики давлатда таълим-тарбияга ажратиладиган маблағ қисқартирилса, алал-оқибат шу маблағни қамоқхоналар қуришга сарфлашга мажбур бўлинар экан. Шу маънода аҳолини соғлом турмуш тарзига риоя қилишига эришилмаса, спорт  билан мунтазам шуғулланиш йўлга қўйилмаса, аҳоли ишлаб топаётган реал даромадининг анчагина қисмини дори-дармон сотиб олишга сарфлашга мажбур бўлади. Зотан, юртимизда коронавирус пандемиясининг кўпайиб бораётгани, давлатимиз томонидан кўп маблағ сарфланаётгани замирида ҳам ўзимизнинг эътиборсизлигимиз ва тиббий маданиятимиз пастлиги сабаб бўлаётганини ёддан чиқармаслик керак. Шундай экан, дорихоналар сонини кўпайтириб, дори-дармонлар нархини оширишдан кўра, одамларнинг касалликка чалинмаслиги учун курашайлик.

Арзиқул Шеров,

O'zLiDeP Қашқадарё вилоят

Кенгаши аппарат раҳбари,

Қарши шаҳар Кенгаши депутати.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    908
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+