Ташаббускорлик, фидойилик — фаолиятимиз бош мезони

04.08.2020, 12:28

Ташаббускорлик, фидойилик — фаолиятимиз бош мезони

Ҳар бир депутат фаолиятида ташаббускорлик, фидойилик, ўз ишига дахлдорлик ҳисси билан ёндашиш муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, халқимиз ишончини оқлаш, уларнинг ҳаётига ижобий таъсир кўрсатадиган қонунларни қабул қилиш зиммамиздаги вазифа бўлиб, уни бажаришда масъулият талаб этилади.    

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзолари 2020 йилнинг ярим йиллик иш фаолияти давомида ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратишди.   

Қўмитанинг асосий вазифаси қонун ижодкорлиги бўлиб, ҳисобот даврида 9 та қонун лойиҳаси тайёрланди. Уларнинг аксарияти  қуйи палатада қабул қилиниб, Олий Мажлис Сенатига юборилди. Айни пайтда “Маданият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг ялпи йиғилишида иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда. Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ялпи мажлисда биринчи ўқишга киритиш режалаштирилган.

Қўмита қуйи палатада Ўзбекистонда таълим-тарбия соҳасидаги Ҳукумат қарорларининг бажарилишини таъминлаш, давлат дастурлари ижросининг боришини назорат қилишда соҳа мутасаддиларининг ҳисоботини эшитишни ташкил этиш учун масъул ҳисобланади. “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, қўмита томонидан 9 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилди. Шулардан бири бевосита таълим соҳасига бағишланди. Хусусан, Халқ таълими вазири ўринбосарининг “Халқ таълими вазирлиги тизимида 2018-2019 йилларда бюджетдан ажратилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлиги ҳамда 2020 йилги харажатларни мақбуллаштириш имкониятларини аниқлаш бўйича” ахбороти видеоконференция алоқа шаклида тингланди.

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси туфайли қўмитамиз иш жараёнини карантин қоидаларидан келиб чиқиб, ташкил этди. Кўплаб тадбирлар видеоконференция шаклида ўтказилди. “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг бугунги кундаги амалиётдаги ҳолати: долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзуида онлайн форматда ташкил этилган давра суҳбати ана шулардан биридир.

Қўмита аъзоларидан 8 нафари Қонунчилик палатасида тузилган ишчи гуруҳида аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш борасида Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Бухоро вилоятларида амалга оширилган ишларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича хизмат сафарларини амалга оширди.

Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, Ҳукумат қарорларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида оммавий ахборот воситалари орқали 624 марта чиқишлар қилинди.

Мурожаатлар билан ишлаш, уларни қийнаётган муаммоларининг ижобий ечимига эришиш — диққат эътиборимиздаги масалалардан саналади. Чунончи, ўтган даврда қўмитага 300 дан зиёд мурожат келиб тушди. Чунончи, Тошкент шаҳридан — 89 та, Андижон — 5 та, Бухоро — 10 та, Қашқадарё — 53 та, Наманган — 39 та, Фарғона — 30 та, Жиззах — 20 та, Қорақалпоғистон Республикаси — 10 та, Навоий — 19 та, Самарқанд — 9 та, Сирдарё — 5 та, Сурхондарё — 7 та, Тошкент вилояти — 9 та, Хоразм вилоятидан — 1 тани ташкил этди.  Мурожаатларда кўтарилган масалаларнинг соҳалар кесимидаги таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, 78 таси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига оид, 72 таси қонунчилик ва суд-ҳуқуқ, 112 таси ижтимоий, 11 таси молия, 33 таси бошқа соҳаларга тааллуқлидир.

Шунингдек, аҳолидан келиб тушган таклифлар таҳлил қилинганида, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти юксалаётгани, қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши жараёнларига дахлдорлик ҳисси ортаётгани, амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан фуқаролик позицияси шаклланиб бораётганлиги яққол сезилмоқда. Мисол учун, таклифлардан 31 таси қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 192, 1975 -моддаларига, Оила кодексининг 3, 96-моддаларига, Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалардир.

Бундан ташқари, ўтган даврда қўмита аъзолари томонидан сайлов округларида 261 нафар жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг қабули ташкил қилинди. Уларда 200 дан ортиқ турли соҳалар бўйича масалалар кўтарилди. Кўтарилган масала ва муаммолардан 114 тасига ечим топилди, 89 таси ваколат доирасида кўриб чиқилиши учун тегишли давлат органларига юборилди ҳамда маълумот асосида тушунтириш берилди.

Умуман айтганда, қўмитамиз томонидан ўтган олти ой давомида муайян ишлар қилинди, аммо қилиниши лозим бўлган вазифаларимиз янада кўп. Ана шундай дахлдорлик билан галдаги ишларни бажаришга киришганмиз. Сайловчилар ишончини оқлаш, инсон манфаатларини кафолатлаш, юрт тараққиётини юксалтиришга хизмат қиладиган қонунларни қабул қилиш асосий мақсадимиздир.

Эркин ЗОҲИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Фан, таълим, маданият ва спорт

масалалари қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    632
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+