Синовли кунларда томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш сув ва ҳаводек зарур

05.08.2020, 17:31

Синовли кунларда томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш сув ва ҳаводек зарур

Хабарингиз бор, ҳамон давом этаётган ва кундан-кунга авж олаётган пандемия оқибатида аҳоли истеъмол товарлари, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб кескин ортиб бормоқда.

Кўпга келган тўй мамлакатимизда ҳам озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни ички имкониятдан келиб чиқиб таъминлашни долзарб масалага айлантирган. Бу вазиятда ўзимизда мавжуд имкониятларни ишга солиш, биринчи навбатда аҳолининг мавжуд томорқа хўжаликларидан унумли фойдаланиши учун зарур шарт шароитлар яратиш, яъни томорқа эгаларига суғориш суви, зарур маблағ, экин уруғлари, кимёвий ўғитлар, ёқилғи ва бошқа зарур материаллар билан таъминлаш жудаям муҳим. Энг асосийси томорқани ривожлантириш орқали мамлакатимизда илк бор очиқ тан олинган ва эълон қилинган камбағаллик даражасини қисқартиш имконияти юқори.

Томорқада бирор экин экиб, маҳсулот етиштириш ишнинг бошланиши. Маҳсулотни сақлаш, сотиш ва бошқа шу каби масалаларни ҳам унутмаслик керак.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий масалалари бўйича ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган навбатдаги “Ҳукумат соати”да берган ҳисоботида ана шу долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Йиғилишда мева-сабзавотчилик кластерларини самарали ташкил қилиш, томорқада  пандемия даврида аҳоли томорқаларида етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш, тайёрлаш сақлаш ва бошқа логистика хизматларини йўлга қўйиш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, бу борадаги мавжуд камчиликлар ва уларнинг ҳуқуқий ечими борасида депутатлар томонидан зарур таклифлар билдирилди.

Жойларда аҳоли билан бўлиб ўтган учрашувларимиз давомида ҳам томорқалардан самарали фойдаланиш ҳолатларини ўрганиш баробарида мавжуд муаммоларни ҳам бартараф этишга ҳаракат қилдик. Хусусан, қибрайлик сайловчиларимиз билан учрашувимиз доирасида иссиқхоналар қуриш учун кредит маблағлари ажратилиши, ер олиш, маҳсулотларни экспорт қилиш каби қатор масалаларда муаммолар борлиги кўзга ташланди. Ўрганилган ушбу масалалар юзасидан тегишли ҳокимлик ва ташкилотларга депутатлик сўровлари юбориш орқали кўплаб муаммоларни ҳал этилишига эришдик.

Умуман олганда, бозорларимизда нарх-навонинг ўринсиз ошиб кетишини олдини олишни таъминлаш айнан томорқа хўжаликларидан қанчалик унумли фойдаланишимизга боғлиқ эканлигини инобатга олган ҳолда уларни фаол қўллаб-қувватлаб, барча шарт-шароитларни яратиб беришимиз айни пандемия туфайли юзага келган мураккаб вазиятда сув ва ҳаводек зарур.

Дилбар Усмонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLIDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    1252
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+