Ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофазаси кучайтирилиши керак

06.08.2020, 11:31

Ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофазаси кучайтирилиши керак

“Ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини ҳар томонлама яхшилаш – тўғридан-тўғри демократияни амалга оширишнинг асосий йўлидир. Биз жамоат бошқарувида маҳалла фаолияти аҳамияти ва самарадорлигини ошириш, уни халққа амалий ёрдам кўрсатувчи мустақил, кучли ва таъсирчан фуқаролик институтига айлантириш тарафдоримиз”. Бу ғоя O'zLiDePнинг сайловолди дастури (платформаси)да эълон қилинган эди.

Бугунги шиддатли ислоҳотлар даврида маҳалланинг жамият бошқарувидаги ўрни ва фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқаролар йиғинлари ишини ташкил этишда тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун нормаларининг самарали ва замонавий механизмларини жорий қилишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Бунинг учун эса, мазкур тизимнинг ҳуқуқий асоси ҳисобланган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунни янги таҳрирда қабул қилишга эҳтиёж сезилмоқда.

Айни пайтда парламент қуйи палатасида янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан ишчи гуруҳи тузилиб, уни такомиллаштириш бўйича қизғин иш олиб борилмоқда.

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги амалдаги қонун 33 моддадан иборат бўлган бўлса, ҳозирги қонун лойиҳасининг 71 моддадан иборат эканлигининг ўзи амалдаги қонун нормаларида тўлиқ қамраб олинмаган фуқаролар йиғинлари фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга алоҳида эътибор қаратилганлигидан далолат беради.

Хусусан, қонун лойиҳасида алоҳида бобда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда ходимларининг ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофазаси, фаолиятининг кафолатлари белгиланмоқда. Бу қонун лойиҳасидаги жуда катта муҳим ўзгариш, десак муболаға бўлмайди.

Жумладан, қонун лойиҳасининг 51-моддасида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш кафолатланмоқда, яъни улар фаолиятига асоссиз аралашиш, уларга тааллуқли бўлмаган вазифаларни юклаш ёки бажаришга мажбурлаш; уларни вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш мумкин эмаслиги; уларнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган вазифа, буйруқ, фармойиш ёки бошқа топшириқларни бажаришни рад этиш ҳуқуқига эга эканлиги; улардан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган маълумотнома, таҳлилий материал ва статистик маълумотларни, шу жумладан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор маълумот ва материалларни тақдим этилишини талаб қилиш ҳамда Фуқаролар йиғинлари балансида бўлган биноларни бошқа шахсларга бириктириш ёки асоссиз равишда олиб қўйиш таъқиқланиши; Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари ўзига нисбатан қабул қилинган қарорлар ва ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан юқори турувчи мансабдор шахсларга, прокурорга ёки судга белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда.

Шунингдек, эндиликда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик, фуқаролар йиғини қарорини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаганлик ҳамда фуқаролар йиғини раиси ва ходимлари фаолиятининг кафолатларини бузганлик қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Қонун лойиҳасининг 52-моддасида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишга эътибор қаратилиб, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг ижтимоий ҳимояси уларнинг соғлиғини сақлаш, вазифаларини виждонан бажарган ва ижобий натижаларга эришган ходимларни маънавий ва моддий рағбатлантириш, шу жумладан давлат мукофотларига тавсия этиш орқали таъминланади.

Яна бир муҳим жиҳат - қонун лойиҳасининг 9-моддасида Фуқаролар йиғинлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш учун фуқаролар йиғинлари географик жойлашуви ва аҳолиси сони бўйича тоифаларга ажратилган. Жумладан, Фуқаролар йиғинлари географик жойлашуви бўйича шаҳарда, туман марказида, туман марказигача 30 км бўлган масофада, туман марказидан 30 км ва ундан олис масофада, тоғли ва чўл ҳудудида, чегара (ёки анклав) ҳудудда жойлашган фуқаролар йиғинларига бўлинган бўлса, аҳоли сони бўйича 1000 нафаргача, 1001-2000 нафаргача, 2001-4000 нафаргача, 4001-6000 нафаргача, 6001-8000 нафаргача ва 8000 нафардан зиёд аҳолиси бўлган фуқаролар йиғинларига бўлиниши белгиланмоқда.

Масаланинг бу жиҳатга нима учун эътибор қаратмоқдаман? Чунки масаланинг бу жиҳати қонун лойиҳасининг 54-моддасида келтирилган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида меҳнат муносабатлари билан мувофиқлаштирилиши зарур, деб ҳисоблайман. Сабаби - Фуқаролар йиғинлари ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш, маҳаллий бюджетлардан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини молиялаштириш харажатлари тегишли туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан амалга оширилар экан, Фуқаролар йиғини ходимлари меҳнатига лавозим маоши шаклида ҳақ тўланганда ва улар меҳнатига ҳақ тўлашнинг Ягона тариф сеткаси бўйича разрядлари, меҳнат ҳақи шакли ва тизимлари, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар, йиллик меҳнат таътиллари қонун ҳужжатларида белгиланаётганда фуқаролар йиғинларининг географик жойлашуви ва аҳолиси сони бўйича тоифалар албатта инобатга олиниши керак.

Юқоридагилар асосидагина жамиятда ижтимоий адолатни таъминловчи, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватловчи мазкур тизимнинг ўзида аввало ижтимоий адолат таъминланади ва ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг ижтимоий ҳимояси кучаяди.

 Зафар ХУДАЙБЕРДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва

ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1120
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+