Мақсад тадбиркорликни пандемиянинг кутилмаган таъсиридан асраш

06.08.2020, 12:35

Мақсад тадбиркорликни пандемиянинг кутилмаган таъсиридан асраш

Бугунги кунда пандемия қарийб ҳар бир соҳада ўзига хос қийинчиликларни келтириб чиқаряпти. Ушбу офат инсонлардан бемалол ҳаракатланиш, ишлаш, ҳордиқ чиқариш каби эркинликларни тартибга солиш, чеклашни талаб қилмоқда.

Мамлакатимизда карантин тартиб-қоидалари яна муайян муддатга узайтирилди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда ҳар хил фикрлар билдириляпти. Юртдошларимизни тушуниш мумкин, чунки қатъий карантин турли ноқулайликларни вужудга келтиради. Буни инкор этиб бўлмайди.

Давлатимиз раҳбари пандемияга қарши кураш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишларида бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратганига барчамиз гувоҳ бўлдик. Лекин ҳали давоси топилмаган касалликка қарши курашишнинг бундан бошқа самарали чораси йўқ. Ундан сақланишнинг бирдан-бир йўли карантин талабларига ва тиббий кўрсатмаларга амал қилиш, ўзини ўзи яккалаш эканлигини бир сония бўлса-да унутишга ҳаққимиз йўқ. Қолаверса, дунёда ҳар куни бу касалликка чалинган 200 мингдан зиёд бемор аниқланаётгани вазият нақадар жиддий эканидан далолатдир.

Мазкур инфекциянинг тарқалиш тезлиги ҳам одамни янада эҳтиёткор бўлишга ундайди. Агар пандемия бошланганидан 13,5 ҳафта ўтиб ер юзида 1 миллион бемор қайд этилган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 5 кун ичида қайд этил япти. Шу боис, мамлакат иқтисодиётига қанчалик катта юк бўлмасин, энг аввало, халқимиз саломатлигини асраш учун карантинни узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинди ва тегишли ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.

Аввал ҳам кўп таъкидланганидек, гарчи вазият мураккаб бўлса-да, аҳолининг барча қатламлари, хусусан, кичик ҳамда ўрта корхоналар, умуман, бутун иқтисодиётимизнинг бир маромда ишлашини таъминлаш мақсадида ёрдам пакети қабул қилинди.

Масалан, 500 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти ва 8 миллиондан ортиқ фуқарога қарийб 30 триллион сўм миқдорида имтиёз ва преференциялар берилди. Коронавирус пандемияси вақтида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг умумий қиймати 6,1 миллиард доллардан зиёдни ташкил этди. Бу маблағлар Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг деярли 11 фоизини ташкил этишини ҳисобга олсак, давлат ушбу синовли даврда аҳолининг кам таъминланган қатламлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун қанчалик катта юкни ўз зиммасига олгани аён бўлади.

Пандемия даврида тадбиркорларга жуда катта имтиёзлар тақдим этилди. Хусусан, Молия вазирлиги ҳузурида 10 триллион сўм маблағга эга Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди. Йил охиригача солиқ аудитига мораторий ўрнатилди. 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача бўлган даврда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси БҲМнинг 100 фоизидан 50 фоизига қадар (223 минг сўмдан 111,5 минг сўмгача) камайтирилади. Қишлоқ хўжалигида ерларни суғоришда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 50 фоиз пасайтирилди.

Мухтасар айтганда, иқтисодиётимиз таянчига айланган хусусий бизнес аниқ амалий чора-тадбирлар воситасида қўллаб-қувватланяпти, тадбиркорлар пандемиянинг салбий таъсиридан изчил ҳимоя қилиняпти.

Бошқача айтганда, пандемия шароитида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича барча зарурий чоралар кўрилмоқда. Хусусан, жамоатчилик назорати тартибида жойларда коронавирус инфекцияси профилактикаси юзасидан аҳоли орасида олиб борилаётган ишлар аҳволини ўрганиш, ҳудуддаги бозорлар, супермаркетлар, дўконлар ва дорихоналарда маҳсулот ва дори-дармонларнинг сунъий тақчиллиги, нархларнинг оширилиши каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик устидан назорат олиб борилмоқда. Масалан, жорий йилнинг июнь-июль ойларида ҳудудларда аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш борасида секторлар томонидан бажарилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича тарғибот гуруҳлари ташкил этилди. Ушбу гуруҳлар томонидан пандемия даврида қабул қилинган норматив ҳужжатларга мувофиқ, аҳоли ва тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар ва енгилликлар, карантин пайтида бошқа соҳалардаги ишлар ҳолати ўрганиб чиқилди.

Ишчи гуруҳлар ўз фаолияти давомида 3 399 та маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюриб, аҳоли билан 9 225 та учрашув ўтказди. Тарғибот тадбирларида 58 151 нафар фуқаро иштирок этди. Шунингдек, ишчи гуруҳлар 3 415 та тадбиркорлик субъектига ташриф буюриб, уларнинг муаммоларини ўрганди. Тадбиркорлик субъектлари томонидан илгари сурилган таклиф ва тавсиялар умумлаштирилиб, амалга жорий этиш чоралари кўрилди. Жумладан, ишбилармонларимизни қийнаётган асосий муаммолардан бири банк кредити фоизларини пандемия шароитида қайтариш, шунингдек, хусусий корхоналарнинг муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиши, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилма билан таъминланиши экани аниқланиб, ечимини топиш бўйича тизимли ишлар бажариляпти.

Келгусидаги вазифалар ҳақида гапирганда, қилинган ишлардан қилинмагани кўпроқлигини таъкидлаш ўринлидир. Зиммамиздаги масъулият юкини бир дақиқа бўлса-да унутишга ҳаққимиз йўқ. Зеро, бепарволик пандемияга қарши барча саъй-ҳаракатлар натижасини йўққа чиқариши мумкин.

Ўтган вақт ичида пандемиянинг иқтисодиётга таъсирини юмшатишга қаратилган 16 та ҳужжат қабул қилинди. Лекин жойларда ушбу қарорлар ижросини ташкил этиш оқсамоқда, яратилаётган шароит ва имтиёзларни фуқаролар ва тадбиркорларга манзилли етказа олмаяпмиз. Шу боис, пандемияга оид қарорлар ва топшириқлар ижроси юзасидан таъсирчан назоратни янада кучайтиришимиз лозим.

Бир сўз билан айтганда, ҳар биримиз ўзимиз, оиламиз, фарзандларимизнинг соғлиғи ва тақдири учун, аввало, ўзимиз масъул эканимизни чуқур англашимиз лозим. Пандемия даврида ҳар бир одамнинг шахсий масъулиятига доир тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз керак.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    520
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+