Қишлоқ хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлаш тизими такомиллаштирилади

09.08.2020, 18:40

Қишлоқ хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлаш тизими такомиллаштирилади

Мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли даромадларини оширишда аграр соҳа муҳим манба бўлиб ҳисобланади. Бу кўп жиҳатдан соҳадаги кадрларнинг салоҳиятига боғлиқ.

Давлатимиз раҳбарининг бу борада жорий йилда 2020 йил 30 июлда қабул қилинган қарори соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини янги босқичга чиқаришга хизмат қилади.

Аграр соҳа кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш биринчи навбатда қуйидаги учта мақсадни амалга оширишга қаратилган:
аграр соҳада илм-фан-ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш;

таълим жараёнига замонавий ахборот ва рақамли технологияларни жорий этиш;

ҳудудларни ривожлантириш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда илғор хорижий тажриба ва агротехнологиялар бўйича етарли билимли кадрлар тайёрлаш.

Жорий йилги ўқув йилидан бошлаб аграр таълимда бакалавриат таълим йўналишларида таълимнинг кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этилади. Бунда, таълимнинг кредит тизимида талабалар учун ҳафтада беш кунлик ўқиш ҳамда ҳафтанинг шанба кунини мустақил ўзлаштириш куни деб белгиланди.

Эндиликда, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш соҳаси учун магистратура мутахассисликларида ўқиш муддатини 1 йил, илмий ва илмий-педагогик фаолият билан шуғулланувчи талабалар учун ўқиш муддати 2 йилни ташкил қилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасаларига соҳада 5 йиллик стажга эга бўлган ходимларни тавсиянома асосида ўқишга тавсия этилганда ўқиш муддатини сиртқи таълим шаклида 4 йил этиб белгиланди, тўлов-контракт миқдорини кундузги таълим йўналишидаги тўлов-контракт (стипендиясиз) миқдорига тенглаштирилди.

Шу билан бирга, тажриба-синов тариқасида Тошкент давлат аграр университетида бакалавриат таълим йўналишларининг сиртқи таълим шакли бўйича масофавий таълим олиш тизимини босқичма-босқич йўлга қўйилади.

Хорижий фуқаролар учун тўлов-контракт миқдорини, истисно тариқасида, икки баробарга камайтириш таклифи маъқулланган. Бу хориждан талабаларни кўпроқ жалб қилишга рағбатлантиради.

Алоҳида касблар бўйича ҳам бакалаврлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйилади. Жуда кўплаб касблар бўйича талаб мавжудлигини инобатга олганда бу мутахассис кадрлар тақчиллигини камайтиришга асқотади.

Шунингдек, хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари кенгаяди. Эндиликда қўшма таълим дастурларининг ўқув режалари ва фан дастурларини аграр соҳа олий таълим муассасалари томонидан хорижий ҳамкорлар билан келишилган ҳолда мустақил тасдиқланади.

2021 йил 1 январдан бошлаб профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимларни «Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳамда «Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш» жамғармаси маблағлари ҳисобига хорижий давлатларнинг етакчи олий ва илмий-тадқиқот муассасаларига мақсадли стажировка ўташга юбориш амалиёти йўлга қўйилиши ҳам соҳага замонавий билимли кадрларни жалб этишга хизмат қилади.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    799
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+