Ташқи реклама соҳасини тартибга солишда қандай муаммолар учраяпти?

11.08.2020, 12:16

Ташқи реклама соҳасини тартибга солишда қандай муаммолар учраяпти?

Бугунги кунда керакли ахборотни олишга бўлган эҳтиёжимизни амалга ошириш учун барча имкониятлар мавжуд эканлигини инкор этмаймиз. Шу билан бирга газеталар, журналлар, телевидение ва радиоэшиттиришлар, электрон ахборот тизими, Интернет имкониятлари, ижтимоий тармоқлар ва бошқа манбалардан зарурий ахборотларни олиш истагида бўлганимизда, албатта маълум бир йўналишдаги рекламага дуч келишимиз аниқ.

Қонун ҳужжатларига кўра, реклама – бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадида юридик ёки жисмоний шахслар, маҳсулот, шу жумладан товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва технологиялар тўғрисида ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай воситалар ёрдамида қонун ҳужжатларига мувофиқ тарқатиладиган махсус ахборотдир.

Демак, рекламадан унумли фойдаланиш ҳар кимнинг ўз фаолиятини янада ривожлантириш имконини беради. Айниқса, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишда реклама катта ёрдамчи бўлади. Лекин реклама фаолияти соҳаси, шу жумладан ташқи реклама фаолияти ҳозирда қандай норматив хуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинмоқда? Амалда уларнинг қўлланиши қандай, мавжуд муаммоларни ҳал эта оляптими? Бу соҳада фаолият юритаётган тадбиркорларимиз қандай муаммоларга дуч келмоқда? Реклама соҳасида фаолият юритаётган жуда кўп сайловчиларимиздан шу каби саволлар қўмитамизга келиб тушмоқда.

Соҳадаги муаммоли масалаларни ўрганиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан 2020 йил 4 август куни “Реклама фаолияти соҳасини тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг ижро этилиш ҳолати” мавзусида видеоконференцалоқа тарзида соҳа экспертлари иштирокида тадбир ўтказилди.

Ушбу ўрганишнинг асосий мақсади ташқи реклама фаолиятини ривожлантиришга халақит берувчи омилларни, муаммоларни аниқлаш ва шу соҳани норматив-хуқуқий тартибга солиш тизимини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат. Ушбу ўрганишлар давомида муҳокама этилган масалалар ва аниқланган айрим ҳолатлар бўйича фикрларни баён этмоқчиман.

Ҳозирда реклама фаолияти асосан 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 30 августдаги “Ташқи рекламани жойлаштириш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорлари билан тартибга солинмоқда.

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, реклама фаолияти соҳасидаги хуқуқни қўллаш амалиётида қатор муаммолар мавжуд. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги иккита қарорида ташқи реклама конструкцияларини жойлаштиришнинг янги тартиби белгиланмоқда. Лекин транспорт воситаларидаги, метродаги, жамоат жойларидаги (парклар, бозорлар ва бошқалар) ташқи рекламалар ушбу ҳужжатлар билан тартибга солинмаяпти. Бунинг натижаларини эса, исталган дўкон, савдо мажмуалари, бозорларда турли кўриниш ва ҳажмдаги, шу жумладан имло хатолари билан ташқи реклама лавҳаларининг тартибсиз жойлаштирилганлигида кўришимиз мумкин.

Шунингдек, қарорда ташқи реклама конструкцияларининг номланиши, турлари, катта-кичиклиги ва бошқалар бўйича тушунчалар келтирилган. Лекин реклама конструкцияларининг ва у ўрнатилган жойининг хуқуқий мақоми белгилаб берилмаган. Бу албатта, соҳада фаолият юритаётган тадбиркорларга катта хавотир ва нобарқарорлик келтирмоқда. Чунки, тадбиркор ўз конструкцияси турган жойга эгалик қила олмаганлиги сабабли, ҳокимиятнинг заруриятига кўра, исталган вақтда конструкцияни ўрнатилган жойидан кўчириш талаби қўйилиши мумкин бўлиб қолмоқда.

Ривожланиш ортган сари ҳар хил соҳаларда талаблар ҳам шунга яраша ўзгариб боради. Худди шундай Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги қарорида ҳам очиқ электрон савдоларда ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ер участкаларида жойлаштириш ҳуқуқини фақат юқори технологияли ташқи реклама объектларига бериш ва 2021 йил 31 декабрга қадар марказий қатнов кўчаларида жойлаштирилган ташқи реклама объектларини юқори технологияли қурилмаларга босқичма-босқич ўзгартириш белгиланмоқда.

Лекин бу билан бирга, юқори технологияли қурилмаларга қўйиладиган талаблар очиқланмаяпти. Тасаввур қилинг, кўп қаватли уйларга қараб турган LED-экранли ташқи реклама қурилмаси катта ёруғлик билан кечаю-кундуз ишлаб турса, у уйларда яшовчи фуқароларга қанчалик ноқулайлик туғдиради!? Шундай уйларда яшашни истармидингиз? Шу сабабли ташқи реклама учун юқори технологияли қурилмалар ўрнатилаётганда, уларга аниқ талаблар қўйилиши керак. Яъни, реклама қурилмаларини ёритиш, шунингдек LED-экраннинг ёруғлик (люкс) даражаси санитар нормалар билан чегараланиши, уларга “таймер”лар ўрнатилиши (масалан, соат 22-00да автоматик узилиши) лозим ва авария ҳолатларида ҳам автоматик равишда узиш имконияти бўлиши керак. Бу билан энг аввало, фуқаролар осойишталиги таъминланади қолаверса, шаҳарни электр энергияси билан таъминловчи ташкилотларга ортиқча юкни ҳам камайтиради.

Яна бир муҳим масала. Вазирлар Маҳкамасининг “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги қарорига асосан ҳар бир ташқи реклама объекти (конструкцияси) майдонидан келиб чиқиб, унда реклама жойлашганидан қатъи назар, реклама жойи учун белгиланган тарифлар бўйича ҳар ойда йиғим жорий этилган. Ушбу йиғимнинг тақсимланиши қуйидагича: 45 фоизи – ташқи реклама объекти (конструкцияси) жойлашган (ўрнатилган) туман (шаҳар) бюджетига, 45 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармасига қолган 10 фоизи – «Тасвирий ойина» ижодий уюшмасининг тегишли бўлимларига.

Энди савол туғилади. Нима сабабдан бундай тақсимот белгиланди, уни қандай асослантириш мумкин? Реклама фаолияти соҳасида назорат функциясини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармасига ушбу йиғимларнинг салмоқли қисмининг ажратилиши қанчалик асосли ва тўғри? Бундай ҳолатда идоравий манфаатлар реклама фаолияти бозорида одил назорат ва соғлом рақобатни таъминлаш тамойилларидан устун бўлиб қолмайдими? Бошқа давлатларнинг бу соҳадаги тажрибаси ўрганилганда (Франция, Россия) айтишимиз мумкинки, назорат органи хисобига (Монополияга қарши курашиш органи) реклама объектларидан йиғиладиган тўловлардан бир фоиз ҳам маблағ олинмаслигини кўришимиз мумкин.

Шу билан бирга, сир эмас, хозирги кунда турли соҳаларни ривожлантириш билан боғлиқ масалаларга Давлат бюджети ва маҳаллий бюджетларга катта юкламалар белгиланган. Бюджетга тушумлар мисқоллаб йиғилаётган бир шароитда ушбу қарор билан белгиланган йиғимларнинг фақат 45 фоизининг ўтказилиши адолатлими?

Ташқи реклама соҳасида келтирилган айрим муаммоли масалалардан ҳам кўриниб турибдики, қонуности ҳужжатларисиз тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларнинг қабул қилиниши нақадар муҳим. Қўмитамиз томонидан бу соҳани ўрганиш ишларини яна давом эттиришни ҳамда амалдаги “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни шакллантиришга келишиб олдик.

 

Шуҳрат ШАРАФУТДИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    741
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+