Давлат дастури ижроси депутатлар назоратида

12.08.2020, 14:58

Давлат дастури ижроси депутатлар назоратида

Сўнгги йилларда тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, халқимизни турмуш фаровонлигига ўз кучи билан эришиш, моддий манфаатдорлик асосида ишлаб чиқариш омилини кучайтиришга ҳисса қўшиш бўйича бир қанча меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. 

Улардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 октябрдаги «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда «Ҳар бир оила – тадбиркор» Давлат дастури бўлиб, ушбу ҳужжатлар айнан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, шу орқали ишсиз фуқароларимизни ўзини-ўзи банд қилиш, уларни доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлашга қаратилгандир.

Халқ депутатлари Қува туман Кенгашидаги OʼzLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан фуқароларнинг мурожаатлари асосида юқоридаги қарор ва дастур ижроси таҳлилий ўрганиб чиқилди. Дастур ижроси бўйича куни-кеча масъулларнинг ҳисоботи эшитилди.

Йиғилишда туман ҳокимининг молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича 1-ўринбосари-иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи Н.Умаров, АТ «Халқ банки» туман бўлими бошқарувчиси Н.Исмоилов, кредит бўлими мутахассиси А.Ғофуров, чакана хизматлар бўлими мутахассиси А.Жумабоевларнинг «Ҳар бир оила – тадбиркор» Давлат дастурининг ижроси юзасидан ҳисоботлари тингланди.

Шунингдек, кўрилаётган масала бўйича халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутати, OʼzLiDeP туман Кенгаши раиси Х.Ҳожиматов, депутатлик гуруҳи аъзолари Б.Аҳмедов, Д.Исмоилов, Н.Абдуллаев, М.Сайфиддиновлар томонидан фуқароларнинг мурожаатлари асосида «Ҳар бир оила – тадбиркор» Давлат дастури ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлилий ўрганиш мақсадида олиб борилган назорат-таҳлил тадбирлари, уларда аниқланган муаммо ва камчиликлар юзасидан маълумотлар берилди.

Хусусан, тижорат банклари ходимларининг мижозлар билан муомала маданиятини юксак савияда эмаслиги, айни вазиятдаги пандемия шароитида банк муассасаларида карантин тартиб-қоидалари тўлақонли ташкил этилмаганлиги, фуқароларнинг депутатларга ариза билан қилган мурожаатлари мазмунига асосан айрим ҳолатларда барча мезонларга жавоб бериб, банкка тегишли ҳужжатларни тақдим этган фуқароларга кредит маблағлари чиқариб берилмаётганлиги, ҳужжатлар мазмуни тўлиқ тушунтирилмай, имзо қўйдирилаётгани ва бошқа кредит олиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди. «Қува», «Саноатчилар», «Хонобод», «Туркровот» МФЙларидан ташриф буюрган фуқароларнинг мурожаатлари тингланди.

Йиғилиш якунида ўн кунлик муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 октябрдаги «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда «Ҳар бир оила – тадбиркор» Давлат дастури ижроси юзасидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва депутатлик гуруҳига ёзма маълумот тақдим этиш, дастурда белгиланган тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга оширишнинг ҳар бир босқичида тизимли амалий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш, банк муассасасида «Мижоз – банк учун эмас, Банк – мижоз учун» тамойилига тўлиқ амал қилинишини таъминлаш, банк ходимларининг мижозлар билан муомала маданиятини юксак савияда ташкилланишига алоҳида эътибор қаратиш бўйича «Халқ банки» туман бўлимига тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.

Депутатлик гуруҳи томонидан эса ҳар ойда камида бир марта тадбиркорликни янги ташкил қилган оилаларга ташриф буюриб, фаолияти давомида юзага келаётган муаммоларни ўрганиб бориш, уларни бартараф этиш ва ажратилган имтиёзли кредитлардан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш ва фуқароларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Ш.Тўхтаматов,

OʼzLiDeP Фарғона вилояти

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    662
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+