Қишлоқ хўжалигидаги янгиланаётган ислоҳотлар

12.08.2020, 15:09

Қишлоқ хўжалигидаги янгиланаётган ислоҳотлар

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги бўйича улкан салоҳиятга эга. Бозорларимиз тўкин, халқимиз ризқи мўл-кўл бўлишидан тортиб, экспортдан қўшимча даромад топишгача бўлган жуда кўп масалалар шу йўналиш ривожига боғлиқ.

Лекин узоқ йиллар давомида аграр соҳага етарлича эътибор берилмади. На бозор иқтисодиёти, на ерга муносабат, на манфаатдорлик бор эди. Маблағ, илмий инновациялар жалб этилмади. Оқибатда ерлар “чарчаб”, унумдорлик пасайиб кетди. Маҳсулотни қайта ишлаш, қўшимча қиймат олиш бўйича тизим яратилмади.

Сўнгги йилларда республикада деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ажратилган майдонлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва турмуш даражасини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, фаолиятини янада кенгайтириш ва аҳоли томорқаларини хизматлари билан қамраб олиш даражасини ошириш, шунингдек, маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятлари янада кўпайтирилди.

Куни кеча Президентимиз томонидан Жаҳон банки иштирокида ўтказилган “Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга оширишга бағишланган видеоселектор ҳам айнан шу мавзуларга бағишланди.

Йиғилишда Жаҳон банки томонидан ажратилган 500 миллион доллар кредит маблағларини ўзлаштириш бўйича шакллантирилган лойиҳалар муҳокама қилинди.

Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ, лойиҳаларни ишлаб чиқишда фанни ривожлантиришга, илғор технологияларни жорий этишга устувор аҳамият қаратилган. Хусусан, жалб қилинаётган маблағнинг 87 миллион доллари қишлоқ хўжалиги соҳасидаги 10 та илмий-тадқиқот муассасаси, 4 та ихтисослашган марказ фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини яхшилашга ажратилади.

Шунингдек, 70 миллион доллар кўчатлар етказиб бериш, фитосанитария, геоахборот ва сертификатлаш хизматларини кўрсатадиган агрохизмат марказларини ташкил этилиши, бундан ташқари, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш учун берилаётган 10 миллион доллар ҳисобига ерларнинг ҳосилдорлиги, солиқ, транспорт-логистика ва маҳсулотлар бозорлари ҳақида ҳам маълумотлар олиш имконини беради. Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни изчил амалга ошириш, қишлоқда бозор принциплари ва муносабатларини кенг жорий этиш, қишлоқ хўжалиги корхоналарини бозор шарт-шароитлари ва талабларига жадал мослаштириш албатта тадбиркорлик, деҳқончилик ва савдо-сотиқ ривожи учун муносиб хизмат қилади.

Ерни хусусийлаштириш замон талаби бўлган Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини бозор муносабатларига ўтказишнинг энг аввалги ва энг муҳим босқичидир. Қишлоқ хўжалигида замонавий ишлаб чиқариш - юқори ҳосилдорлик ва юқори сифатли маҳсулотлар етиштириш бу соҳада бозор муносабатларини тикламасдан амалга ошириш имконсиз. Бозор муносабатлари эса, қачонки ишлаб чиқарувчи, яъни деҳқон ўз меҳнат фаолиятида эркин ва у қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш воситаларининг энг муҳими бўлган Ернинг ва ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг ҳақиқий мулкдори бўлсагина ривожланади.

Президентимиз ажратилаётган ҳар бир долларни уч долларга айлантириш, имтиёзли кредитларни қайтариш бўйича аниқ ҳисоб-китоб асосида ишлаш зарурлигини таъкидлади. Дарҳақиқат, бугунги кунда ҳар бир тадбиркор сарфлаган дастмоясидан мўмай даромад олиши, бизнесини ривожлантириши учун қанча машаққат ва қийинчиликларга қарамай ҳаракат ва изланишдан тўхтамаслиги лозим.

Интенсив боғ майдонларини кенгайтиришга 65 миллион доллар йўналтириш белгиланган. Хусусан, бунинг ҳисобидан Тошкент вилоятида 500 гектар, Андижон, Бухоро, Наманган, Фарғона ва Самарқандда 300 гектардан, Жиззахда 250 гектар, Қашқадарё ҳамда Сурхондарёда 200 гектардан, Қорақалпоғистонда 100 гектар майдонда янги усулдаги интенсив боғлар яратилиши режалаштирилган.

Юқоридаги ислоҳотларни амалга ошириш қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг молиявий аҳволини мустаҳкамлаш, ерлардан самарали фойдаланишни рағбатлантириш, шу жумладан мева-сабзавот ва ем-хашак экинларини кўпайтириш имконини беради. Бу ўз навбатида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг умумий ҳажмини ҳамда аграр секторнинг экспорт салоҳиятини оширишга имкон беради.

Мулкий муносабатлар янгича шаклланга муҳитда ўзининг хусусий ерида ҳосилини кутаётган ўзбек деҳқонига, хусусий корхонасида буюртмаларга маҳсулотини ўз вақтида ишлаб чиқариб беришга шошилаётган ўзбек тадбиркорига, чет элда сотишга молини хусусий омборларида тўплаб, шайлаётган ўзбек тожирига "Ўз Ерингни, ўз мулкингни, ўз уйингни ўзинг асра!" деб хитоб қилиниши жуда мос ва ўринли бўлади.

Анвар АБДУЛҲАЕВ,

Халқ депутатлари Наманган

вилоят Кенгаши депутати

 

 

  • Кўрилди
    1259
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

sabina2021-10-15 11:51:17

sabinaaaaaaa


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+