Мавзу кимгадир ёқмас, аммо... барчамиз саломатликни даъво қилувчилармиз!

13.08.2020, 16:59

Мавзу кимгадир ёқмас, аммо... барчамиз саломатликни даъво қилувчилармиз!

Мамлакатимизда пандемия авж нуқтасига кўтарилди. Ҳаво ҳарорати кундан кун баландлаяпти. Одамлар саломатлиги билан боғлиқ муаммолар кўпаяётгани ҳам сир эмас. Албатта, айни муаммоларга чиқинди масаласи ҳам катта сабаб.

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз: бир кунда, айтайлик, бир ҳафтада яшаш уйимизда қанча чиқинди тўпланади(агар чиқиндихонага олиб бориб ташламасак...)?  Кўчаларда, айниқса кўп қаватли уйлар атрофида махсус чиқиндихоналар қурилган. Бироқ айнан яшаш манзилларга яқин жойларда тартибсиз равишда йиғилган турли синтетик идишларда, аксарият целлофан халталардага ахлат уюмларига кўзимиз тушади, ачинарлиси, ҳатто бу ҳолатга кўзимиз ҳам, ўзимиз ҳам кўникиб бўлганмиз! Айнан олиб кетилмаган ёки сараланмаган ахлат уюмлари ёқимсиз ҳид тарқатиб, ҳашарот ва кемирувчилар маконига айланяпти. Демак, чиқиндилар ўз вақтида махсус жойларга олиб кетилмаса, нима бўлишини тасаввур қилаверинг...

Тўғри, бу масалада гаплашиш кимгадир ёқмайди, аммо барчамиз ҳам саломатликни даъво қилувчилармиз. Демак, мазкур муаммо таҳлили ҳаммага керак. Дахлдор идоралар муносабати биринчи қадам бўлиши зарур. Андижон вилоятида вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат бошқармаси ҳузуридаги “Тоза ҳудуд” унитар корхонасисининг шаҳар ва туманлар филиаллари тасарруфида 1 миллион 120 минг аҳолига хизмат кўрсатадиган махсус техникалар мавжуд. Лекин тан олиш керак, барчасини бирдек намунали хизмат кўрсатади деб бўлмайди. Мулоҳазалар муаммолар эшиги учун калит. Қарс аслида икки қўлдан чиқади. Бу ерда аҳолида ҳам, соҳага дахлдор мансабдорларда ҳам масъулият етишмайди. Аҳолининг экологик маданияти мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар баробарида ҳам шаклланишини унутмаслигимиз керак.

Шунинг учун ҳал давлатимиз раҳбари томонидан бу масалага алоҳида ёндашилиб, жорий йилнинг 10 август куни ўтказилган видеоселктор йиғилишида асосий эътибор атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳоли саломатлигини сақлаш масалаларига қаратилди. Дарҳақиқат, айни пандемия вазиятида тозалик, чиқиндилардан холи бўлиш ҳар қачонгидан муҳим. Бунинг учун фақат масъуллардан меҳнатга фидойиликни кутиб ўтирмай, барча бирдек ҳаракат қилиши керак.

Келинг, мавзу доирасида жаҳонга нигоҳ ташлайлик. Германияда чиқиндиларни аралаштириб, тартибсиз ташлаш мумкин эмас, бундай фуқаро жаримага тортилади. Голландияда уларни алоҳида йиғувчи одамларга коммунал тўловларда имтиёзлар белгиланган. Сингапурда атроф муҳитни ифлослантирганлар қамоқ жазосигача тортилади. Швейцарияликлар  машина ойнасидан сигарет қолдиғини улоқтириб кўрсинчи, ўша заҳоти “чиқинди полицяси” томонидан судга берилади. Мана сизга дунё мамлакатларида чиқиндига нисбатан муносабат! Тўғри, бу билан биз ҳам айнан  шу йўналишларда кўзланган мақсадни иддао қилмоқ фикридан йироқмиз. Фақатгина тартиб қоидалар мустаҳкам белгиланиши, бу борада юртдошларимизда ҳам амал қилиш мадантиятини шакллантириш тарафдоримиз, холос. Бу муаммони ҳал этилиши аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш баробарида она табиатни асраш учун ҳам жуда муҳимдир.

Тоҳиржон АҲМАДАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    507
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+