Келажак ўз кучи ва имкониятларига ишонувчи ёшлар қўлида

14.08.2020, 14:26

Келажак ўз кучи ва имкониятларига ишонувчи ёшлар қўлида

Ўтган йилнинг декабрь ойи охирларида бўлиб ўтган давлатимиз раҳбари билан учрашувда ёшлар сиёсати бўйича қатор ташаббуслар илгари сурилган ва “2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади”, деб таъкидлаган эди Президент. 

Дарвоқе, шундай бўлди ҳам. 2020 йилга мўлжалланган Давлат дастурига асосан ёшлар билан ишлаш самарадорлигини баҳолашнинг ягона мезонлари, ёшлар сиёсатини баҳолашнинг миллий индексини яратиш мақсадида “Ўзбекистон ёшлари – 2025” концепцияси ишлаб чиқилмоқда. Бунда, албатта, мамлакатимиз ёшларининг эртанги куни кечаги ва бугунгидан-да истиқболли бўлиши мақсади кўзланмоқда.  

2020 йил июндаги Президент Қарори билан мамлакатимизда Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди. Мазкур агентлик ёшлар ҳуқуқлари ва манфаатларини кафолатлайдиган муҳим ва ишончли ижро органига айланишига эришилади. 

Шунингдек, Давлат дастурида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг ҳар иккала палатаси ҳузурида Ёшлар парламентларини ташкил этиш ва уларнинг таркибларини шакллантириш тартибини белгилаш назарда тутилган эди. Кенг муҳокамалар ва хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, “Ёшлар парламенти” ташкил этилди. Шубҳасиз, мазкур “Ёшлар парламенти” ёшларнинг Олий Мажлис фаолиятини яқиндан билишига хизмат қиладиган, ёшларни қонун ижодкорлиги жараёнига қўпроқ жалб этадиган, уларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш, жамиятда ёшларни сиёсий фаол қатламга айлантириш ҳамда уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини амалда бойитиш, қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнига жалб қилиш ва қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилишдаги фаол ва ташаббускор ёшлар платформасига айланади. 

“Ёшлар парламенти” аъзолари “12 август - Халқаро ёшлар куни” муносабати билан ўз ишини бошлаган “Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида ташкил этилган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумида иштирок этдилар.  

Форумда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро Конвенция” лойиҳаси чуқур ва атрофлича муҳокама қилинди. Халқаро экспертлар ва “Ёшлар парламенти” аъзоларининг таклиф ва ташаббуслари тингланди. 

“Халқаро ёшлар куни” муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу анжуман иштирокчиларига табрик йўллади. Бу мамлакатимиздаги ёшлар масаласига қаратилган эътибор ва ғамхўрликнинг давлат сиёсати даражасидаги долзарблиги ва муҳимлигини кўрсатади. 

Президентимиз ўз табригида бугунги мураккаб вазиятда ёш авлод вакиллари пандемияга қарши ўзларининг истиқболли ташаббуслари ва ижтимоий лойиҳалари билан муносиб жавоб бераётгани, бутун жаҳонда кўнгилли ёшлар ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашда, янги иқтисодий ва гуманитар дастурларни илгари суришда фаол иштирок этаётганнини алоҳида таъкидлади.

Форум иштирокчилари ҳам бу эътирофга ва берилаётган имкониятларга жавобан янги ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда, маданият, санъат, спорт, таълим, ҳуқуқий саводхонлик ва волонтёрлик йўналишларида ўз таклиф ва ташаббусларини билдирдилар.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон либерал демократик партияси ўзнинг сайловолди Платформасида белгиланганидек, давлатнинг ёшлар сиёсатини амалга ошириш, ёшлар ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришда бошқарув органлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигини қўллаб-қувватлашни, ёшларнинг сиёсий, ҳуқуқий маданияти ва онгини ошириш, уларда фаол фуқаролик позициясини, сиёсий жараёнларга онгли муносабатини, турлича ташқи ва ички таҳдидларга қарши мустаҳкам мафкуравий иммунитетни шакллантиришни асосий дастурий вазифаси деб билади ҳамда бу борада муҳим ва самарали ишларни ташкил этиб келмоқда.

Зеро, келажак ўз кучи ва имкониятларига ишонувчи, кучли фуқаролик позициясига эга соғлом ёшлар қўлида! 

Мадина Баратова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    671
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+