Вилоят сессиясида Президентимиз қарорида белгилаб берилган вазифалар ижроси муҳокама қилинди

17.08.2020, 15:24

Вилоят сессиясида Президентимиз қарорида белгилаб берилган вазифалар ижроси муҳокама қилинди

Бугун - 17 август куни Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Сессияда карантин тартиблари босқичма-босқич юмшатиб борилиши муносабати билан фуқаролар санитария талабларига қатъий риоя этишлари зарурлиги, аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг ўз вақтида ва сифатли кўрсатилиши масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, сессияда иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Актам Хаитов давлатимиз раҳбари томонидан  жорий йил 11 августда қабул қилинган “Жиззах ва Сирдарё вилоятларида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган устувор вазифаларга ҳам тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида сув таъминотини яхшилаш мақсадида сўнгги уч йил мобайнида давлат дастурлари доирасида 170,4 км ирригация тизимлари каналлари, 145,2 км лоток тармоқлари, 33 та гидротехник иншоотлар, 734 км коллектор-дренаж тармоқлари ҳамда бошқа сув хўжалиги объектлари қурилди ва реконструкция қилинди.

Натижада, 104 минг гектардан ортиқ суғориладиган ерларнинг сув таъминоти яхшиланди, кучли ва ўртача шўрланган майдонлар 15,6 минг гектарга камайди, сизот сувлар сатҳи ер юзасига яқин жойлашган майдонлар 28,6 минг гектарга қисқарди, 85 минг гектардан ортиқ майдоннинг мелиоратив ҳолатини барқарор сақлашга эришилди.

- Очиқчасига тан олишимиз керакки, бизда сувдан унумли, самарали фойдаланиш кўникмаси мукаммал шаклланган, деб айта олмаймиз. Демак, бугунги кунда аҳоли онгида сувга бўлган муносабатларда замонавий ёндашувлардан фойдаланиш кўникмасини шакллантириш вақти келди, - дейди Актам Хаитов.

Мазкур қарорда аҳолида сувга нисбатан ана шундай муносабатни шакллантириш асосий мақсадлардан бири сифатида белгиланиб, илм-фан янгиликларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш ва илғор ўқитиш услубларини қўллашга урғу берилгани бу йўналишдаги ишларни тезкорлик билан ташкил қилишга катта туртки беради. Чунки мазкур қарор билан лойиҳаларнинг буюртмачиси, бош пудратчи ва сув хўжалиги эксплуатация ташкилотлари талабаларни қурилиш ва сув хўжалиги объектларига даврий равишда олиб чиқади, уларга лойиҳа-смета ва қурилиш назорати ҳужжатларидан фойдаланишга ҳамда замонавий қурилиш ва сувни оқилона бошқариш услублари, техникаси ва технологияларини чуқур ўрганишлари учун амалий шароит яратади.

Ҳар икки вилоятда сув таъминоти бўйича бу йўналишдаги барча лойиҳа манфаатдор вазирлик ва ташкилотларнинг масъул ходимлари, мустақил экспертлар томонидан ижобий баҳолангандан кейингина амалга оширилиши ва бу  тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан назорат қилиб борилиши белгилаб берилмоқда. Бу эса жойлардаги маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳларимиз зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати, унинг ижроси тўғрисида ҳар йили икки марта, яъни 1 январь ва 1 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилиши белгилаб қўйилган. Бу билан Жиззах ва Сирдарё вилоятида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ерларнниг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг мутлақо шаффофлиги таъминланади, деб ишонч билан айтиш мумкин.

Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

  • Кўрилди
    713
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+