Сирдарёда O’zLiDeP депутатининг сўровида кўтарилган масалалар ижобий ҳал этилмоқда

08.09.2020, 16:24

Сирдарёда O’zLiDeP депутатининг сўровида кўтарилган масалалар ижобий ҳал этилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O`zLiDeP фракцияси аъзоси Комил Эрназаров Сирдарё вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасига депутатлик сўрови билан чиқди.

Жумладан, Сирдарё туманида сайловчилар билан ўтказилган учрашувлар жараёнида сайловчилар томонидан ҳудуддаги 3- ва 41-умумтаълим мактаблари М34 йўлига яқин жойлашганлиги, пиёдалар учун йўл белгилари қўйилган бўлсада, автомобилларнинг тез ҳаракатланаётганлиги ўқувчиларнинг мактабга келиш ва кетиш вақтларида нафақат қийинчилик туғдираётгани, балки, бу ерда йўл-трпанспорт  ҳодисаси юз бериши эҳтимоли юқорилиги билдирилди. Сайловчилар томонидан ушбу ҳудудларда светофор ўрнатилишида амалий ёрдам  сўралди.

Шунингдек, бевосита сайловчилар билан бўлган мулоқот жараёнида Сайхунобод тумани Иттифоқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди – Бахт-Сайхун йўлидаги 11- мактабнинг  ўқувчилари учун йўлнинг “Ободон” маҳалласига бурилиш қисмида ҳам йўл-транспорт ҳодисаси юз бериши эҳтимоли анчагина юқори эканлиги ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Сайловчилар томонидан ушбу ҳудудда ҳам ўғил-қизларнинг ҳамда аҳолининг ҳаёт хавфсизлигини таъминлаш ва мазкур жойга светофор ўрнатилишида амалий кўмак бериш сўралди.

Депутат ушбу муаммоларни ҳал этиб бериш юзасидан мутасадди идора раҳбарларига мурожаат билан чиқди.

Сирдарё вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси мазкур мурожаат юзасидан ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра халқаро аҳамиятга молик бўлган М34 “Тошкент-Душанбе” автомобил йўлининг 75-80 км оралиғида 3- ва 41 мактаблар жойлашганлиги, шунингдек, аҳоли истиқомат қилиши ҳамда бу ҳудудда дўкон, ошхоналар мавжудлиги ва бу ерда фуқаролар оқимининг тартибсиз ва серқатновлигини аниқлади. Йўл-қатнов қисмининг пиёдалар кесиб ўтишлари учун ташкил қилинган ўтиш жойида пиёдалар ҳаракатини тартибга солувчи йўл белгилари ва ҳайдовчиларни огоҳлантирувчи 2 донадан ўқувчи болалар макети ўрнатилган. Йўлнинг ушбу ҳудудида ёритиш мосламалари ва махсус бўёқлар билан амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабида пиёдалар ўтиш жойи белгиланган.

Амалдаги меъёрий ҳужжатларга асосан ушбу жойга транспорт воситалари ва пиёдалар учун мўлжалланган светофорлар ўрнатилиши белгиланди ва 41-мактабнинг пиёдалар ўтиш жойига светофор  ўрнатилди. 3-умумтаълим мактаби ҳудудига мазкур йилнинг учинчи чорагида таъмирлаш ишларига ажратилган маблағлар ҳисобидан светофор ўрнатиш белгиланди.

Бундан ташқари  депутатлик сўровида сўралган Сайхунобод туманидан ўтувчи давлат аҳамиятидаги 4Р-25 “Ф-373 автойўли-Сайхун к-Бахт ш-Қозоғистон Республика чегараси” автомобиль йўлининг 454 километрида ҳам ўрганиш ишлари амалга оширилди.  Юқорида  келтирилган йўллар чорраҳада жойлашмаганлиги ҳамда амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларига мос келмаганлиги боис мазкур ўтиш жойида светофор қурилмаси ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмаслиги билдирилди. Сайхунобод тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан пиёдалар ўтиш йўлагига “Пиёдалар ўтиш жойи”, “Болалар” йўл белгилари ўрнатилди ҳамда (Зебра) чизиқлари тортилганлиги маълум қилинди.

Депутатнинг саъйи ҳаракати ҳамда автомобиль йўллари бош бошқармаси ҳамкорлигида қилинган саъйи ҳаракатлар натижасида болалар ҳамда фуқароларнинг хавфсизлиги таъминланди.

Айни кунларда халқ ноиби К.Эрназаровнинг депутатлик сўрови асосида Сирдарё туманидаги 36-умумтаълим мактабининг 140 ўринга мўлжалланган қўшимча биносининг қурилиши ва мактаб биносида таъмирлаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Дилором Эсонова,

O'zLiDeP  Cирдарё вилоят Кенгаши

Матбуот котиби

  • Кўрилди
    802
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+