Балиқчилик тармоғига тежамкор интенсив технологиялардан ва иккиламчи сув манбаларидан кенг фойдаланиш амалиёти жорий этилади

11.09.2020, 17:37

Балиқчилик тармоғига тежамкор интенсив технологиялардан ва иккиламчи сув манбаларидан кенг фойдаланиш амалиёти жорий этилади

Сўнгги уч йилда қишлоқ хўжалигида балиқчилик тармоғини ривожлантириш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Бу борада қонуний асослар ҳам яратилаётгани йўналишдаги ишларга ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Хусусан, муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 29 августдаги “Балиқчилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам айни соҳадаги ишларнинг янада ўсишига муҳим туртки бўлди. Мазкур қарор ўзида мамлакатимизда балиқчилик тармоғини қўллаб-қувватлаш, балиқчилик ва балиқ овлаш хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш, ушбу соҳада ер ва сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳамда интенсив технологияларнинг кенг жорий этилиши мақсадларини ўзида ифода этди.

Қарорга мувофиқ, 2021-2022 йилларда сув танқислиги шароитида дарё ва каналлардан сув оладиган балиқчилик хўжаликлари томонидан сунъий сув ҳавзаларида босқичма-босқич янги ресурс тежамкор интенсив технологиялардан ва иккиламчи сув манбаларидан кенг фойдаланиш амалиёти жорий этилади.

Албатта, тармоқда малакали кадрлар учун эҳтиёж катта. Шунинг учун ҳам қарорда кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, уларда замонавий лаборатория ускуналаридан фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларни шакллантириш учун хорижий стажировкаларни ташкил этиш бўйича алоҳида банд белгиланди. Тармоқ ривожида уларнинг роли катта. Инновацион янгиликларни татбиқ қилиш, халқаро андозалар асосида фаолиятни кенгайтиришда салоҳиятли, малакали кадрлар муҳим аҳамият касб этади. Масалан, келгусида қарор билан йирик балиқчилик кластерларида балиқларни инкубация қилиш, ёпиқ сув айланма тизимида, қафаслар, бетон бассейнлар ва тупроқ ҳавзаларида интенсив усулда балиқ чавоқлари ва товар балиқ етиштириш бўйича балиқчилик хўжаликлари раҳбарлари ва мутахассисларини ўқитиш мақсадида пуллик асосда ўқув курслари ташкил этилиши шу йўналишдаги ишларга асосий туртки бўлади. Бунинг учун балиқчиликка ўқитиш бўйича таянч аудиториялар, кўргазмали балиқхоналар ташкил этиш, шартнома асосида ушбу йўналишдаги кластерлар, фермер хўжаликлари ходимлари, шунингдек, интенсив усулда балиқ етиштираётган аҳолини ўқитиш йўлга қўйилади.

Мазкур меъёрий ҳужжат билан эндиликда балиқчилик хўжаликлари билан сувдан фойдаланиш бўйича шартнома тузилиб, уларга белгиланган сув миқдори кафолатли етказиб берилади, шунингдек, улар томонидан ҳақиқатда истеъмол қилинган сувнинг ҳажмлари аниқланиб борилади. Балиқчилик хўжаликлари томонидан фойдаланиш мумкин бўлган коллектор-дренаж тармоқлари рўйхати ҳар йили шакллантирилиб, улар ҳақидаги маълумотлар мутасадди вазирликнинг веб-сайтида жойлаштириб борилади.

Мамлактимизда балиқчиликнин ривожланиши янги иш ўринлари яратиш орқали давлат сиёсати даражасига кўтарилган камбағалликни қисқартиш, тармоқни халқаро миқёсда тараққиё топтириш масалаларига ечим бўлади.

Бегали ҚОДИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    697
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+