Рақамлаштириш тизими орқали суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш, иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятлари яратилади

11.09.2020, 17:39

Рақамлаштириш тизими орқали суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш, иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятлари яратилади

Охирги уч йилликда барча соҳаларда бўлгани каби суд-ҳуқуқ тизимида ҳам қатор ислоҳотлар юз очди.Тизимга замонавий технологияларни кенг жорий этиш билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш  эркинлашди, уларга бўлган ишонч ортди. Умуман олганда, одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имкони халқ учун ҳам адолат тамойилига бўлган ишончни қайтарди. Қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатлар эса мана шу ишончга илдиз бўлиб хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 4 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса олиб борилаётган ислоҳотларнинг яна бир ёрқин кўриниши бўлди.

Бугунги кунда очиқ айтиш керак, судларда ишларни кўришда кўпгина вазирлик ва идоралар билан маълумот алмашинуви уларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинмаганлиги сабабли асосан қоғоз шаклида амалга оширилади. Бундан ташқари, судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар турини кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштириш замон талаби бўлмоқда.

Бу каби масалалар албатта бугуннинг тақозоси бўлган рақамлаштириш жараёнини кенг татбиқ қилиш кераклигини англатмоқда. Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилашга хизмат қилишини қайд этиш жоиз. Шунинг учун ҳам қарор билан 2017-2020 йилларда Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастурининг ижроси натижасида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этиш қатъий мустаҳкамланди.

Судлар фаолияти рақамлаштирилиши аввало, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратади. Шунингдек, судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишига эришилади, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинуви янада кенгайтирилади.

Эндиликда мазкур рақамлаштириш тизими орқали суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан мобил қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш, иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятлари яратилади.

Илгари тан олиш керак, муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни олиш учун фуқароларни бир неча кунлаб, ҳатто ойлаб овора бўлардилар. Қарорда эса ушбу муаамога барҳам берадиган алоҳида банд белгиланди. Яъники,  эндиликда маълумотлар ва ҳужжатлар судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олинади.

Барча ислоҳотлар инсон ва унинг манфаатлари учун, деган эзгу тамойилни ҳар қадамда кузатяпмиз. Қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар ҳам фиткримизнинг исботидир. Энг муҳими, яратилаётган, қонун ва қонуности ҳужжатлар билан тасдиқланаётган имкониятлар қоғозларда қолиб кетмаяпти. Уларнинг амалдаги ижросини кундалик ҳаётимизда кўряпмиз.

Тоҳиржон АҲМАДАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    554
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+