Сифатли ва хавфсиз маҳсулотни ўзимизда етиштирганга нима етсин

11.09.2020, 17:43

Сифатли ва хавфсиз маҳсулотни ўзимизда етиштирганга нима етсин

Озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш борасида сўнги йилларда анчагина натижаларга эришдик. Биргина томорқалардан унумли фойдаланиш, алмашлаб экиш, ердан 2-3 марталаб ҳосил олишнинг йўлга қўйилиши оддий аҳолининг ҳам эҳтиёжларидан ортиб, маҳаллий ва ҳаттоки, дунё бозорларигача чиқарилди. Халқимиз ҳам саховатли еримизда қишин-ёзин маҳсулот етиштиришни ўрганиб олди. Бундан ташқари, мева ва сабзавотни қайта ишлаш корхоналарининг ишга туширилиши экспорт салоҳиятига ижобий таъсир кўрсатди.

Келинг мисолларда олиб кўрайлик. Хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорти 2017 йилга нисбатан ўтган йили 2 бараварга кўпайди, йилига 10 миллион тоннадан ортиқ сабзавот, 17 миллион тоннадан ортиқ бошқа деҳқончилик маҳсулотлари ва 2,5 миллион тонна гўшт етиштиришга эришилди. Албатта, бу биз учун ютуқ. Аммо, энди жаҳон бозорига чиқишни бошлашимиз биланоқ кўндаланг турган масала бу етиштираётган озиқ-овқат маҳсулотларимиз халқаро талабларга жавоб бериши лозим.

Қолаверса, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва экспортёрлар орасида ўзаро муносабатларнинг тўғри йўлга қўйилмаётгани ҳам мамлакат экспорт салоҳиятини янада ошириш ва янги бозорларни очишга тўсқинлик қилаётир.

Ушбу камчиликларни бартараф этиш, аҳолини сифатли ва хавфсиз маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида давлат раҳбарининг жорий йил 9 сентябрда янги қарори қабул қилинди. Қарор “Республика озиқ-овқат саноатини жадал ривожлантириш ҳамда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлақонли таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида” деб номланади.

Унга кўра, маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш ва уларни диверсификация қилиш, ҳудудларнинг мавжуд табиий ва иқтисодий ресурсларидан унумли фойдаланиш асосида озиқ-овқат саноатини ривожлантиришнинг стратегия ва моделларини ишлаб чиқилади. Бундай маҳсулот етиштирувчи корхоналарга ўзаро манфаатли муносабатлар учун шароит яратилади. Албатта, сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини ўзимизда кўпроқ етиштириб экспортга чиқариш ва четдан келадиган бундай маҳсулотларнинг импортини камайтириш лозим бўлади.

Қарорга асосан юклатилаётган қўшимча вазифаларни самарали амалга ошириш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппарати тузилмасида Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва инфратузилмани ривожлантириш бошқармаси негизида бошқарув ходимларининг чекланган сони 12 та штат бирлигидан иборат Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бош бошқармаси ташкил этилади.

Яна бир гап. “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК Озиқ-овқат саноати корхоналарини ривожлантириш, реконструкция қилиш ва модернизациялаш жамғармаси тугатилмоқда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 декабрга қадар озиқ-овқат технологиялари соҳасида замонавий техника ва технологияларни жорий этган етакчи корхона, ташкилотлар ва муассасалар билан талабаларнинг амалиётларини ўташ юзасидан ўзаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилади. Бу соҳада янгиликка интилувчан кадрларни тайёрлашга хизмат қилади.

2021 йил 1 январга қадар эса республикада қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларига мавжуд ички талабни ҳисобга олган ҳолда 2021-2023 йилларга мўлжалланган саноатбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш дастури ишлаб чиқилади.

Фахриддин САМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    179
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+