Фан-таълим-тарбия уйғунлигини таъминлаш ҳаёт мамот масаласидир

14.09.2020, 11:42

Фан-таълим-тарбия уйғунлигини таъминлаш ҳаёт мамот масаласидир

Мутахассислар томонидан олиб борилган изланиш ва тадқиқотлар инсон ўз умри давомида оладиган барча маълумотнинг 70 фоизини 7 ёшгача бўлган даврда фаол қабул қилишини исботлаган. Демак, жамиятга кириб келаётган шахснинг маънавий-руҳий олами, дунёқараши, билиму салоҳияти унинг мактаб ёшигача бўлган йилларда олган таълим-тарбиясига узвий боғлиқ экан деган хулосага келиш мумкин.

Мактабгача таълим соҳасида маълум тажрибага эга бўлган инсон сифатида шуни ишонч билан айтишим мумкинки, фарзандлар тарбиясига ҳар бир оилада эътибор қаратилиши учун бунга мамлакат миқёсида ислоҳотлар амалга оширилиши жуда ҳам муҳим.  Қувонарли жиҳати юртимизда бу иш кейинги 4 йилда давлат сиёсати даражасига кўтарилди ва кўплаб амалий ишларга қўл урилмоқда. Кўпчилик яхши хабардор, Президентимиз ташаббуси билан  мактабларнинг 1−9-синфларида янги «Тарбия» фани жорий этилди. Мазкур фан доирасида назарий ва амалий қўлланмалар тайёланди.

“Тарбия” фанидан кўзланган мақсад биринчидан ўқувчиларнинг ёши ва психологиясига мос маънавий ривожланишни таъминлаш, иккинчидан мазкур фанни ўқитишда фанлараро боғлиқлик ва турли миллатлар қадриятларини инобатга олиш, учинчидан, ўқувчиларда ватанпарварлик, мардлик, инсонпарварлик, ирода, ўз келажаги учун чуқур билим олиш ва интилишга ундовчи ҳаётий компетенцияларни шакллантиришдан иборатдир. Энг муҳими ушбу фан тобора авж олаётган глобаллашув даврида фарзандларимизда салбий иллатларга қарши иммунитетни шакллантиришда фан-таълим-тарбиянинг уйғунлигини таъминлашга олиб келади.

Шу ўринда табиий савол туғилади. Хўш, айни пайтда янги кириб келган тарбия фанининг оммалашиши, самарадорликка эришиш учун янада қандай амалий саъй-ҳаракатларга эҳтиёж сезилмоқда?

 Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Фан, таълим, маданият ва спорт ишлари қўмитаси  томонидан “Ёшларни тарбиялашда  умуминсоний, миллий қадриятлар ва ҳуқуқий маданиятнинг роли” мавзуси доирасида ташкил этилган давра суҳбати шу каби саволлар юзасидан атрофлича  фикр алмашилди.

Йиғилиш тафсилотларига қисқача тўхталадиган бўлсак, унда бир қатор долзарб масалалар ва уларнинг ечими ҳақида мулоҳаза юритилгани эътиборга молик. Биламиз, “Миллий ғоя”, “Одобнома”, “Дин тарихи”, “Ватан туйғуси” каби фанларни бирлаштирган ҳолда, ягона “Тарбия” фани жорий қилинди. Лекин, жорий йилда Республикамиздаги олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнини кузатсак, юқоридаги тўртта йўналишдаги фанлар бўйича абитурентлардан ҳужжат қабул қилинган. Эртага ушбу йўналишни битирган бўлажак педагоглар қаерда ишлайди, қайси фандан дарс беради деган саволлар ўртага ташланиб, таклифлар билдирилди. Хусусан, бугунги кунда ушбу мутахассисликка эга фан ўқитувчилари учун “Тарбия” фанидан онлайн шаклда мақсадли малака ошириш курсларини ташкил этиш ишларини янада жонлантириш  лозимлиги таъкидланди.

Яна бир гап. Бевосита давра суҳбати мавзусидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ёшларни умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялашда уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишни ҳам унутмаслик керак. Яъни “Ҳуқуқий тарбия” мавзуси “Тарбия” фанининг узвий қисми бўлиши шарт. Бу борада мактаб ўқувчилари ёши нуқтаи назаридан келиб чиқиб “Конституция алифбоси”, “Конституция сабоқлари”, “Конституциявий ҳуқуқ”, “Инсон ҳуқуқлари”, “Давлат ва ҳуқуқ асослари” каби ўқув предметлари бўйича билим берилиши зарур.

Бир сўз билан айтганда, уюшқоқлик билан шу юртда униб ўсиб келаётган фарзандларимиз тарбиясига ҳар томонлама жиддий эътибор қаратсак, мамлакатимиз таълим-тарбия, илм-фан, интеллектуал салоҳият соҳасида, замонавий кадрлар ва юксак технологиялар борасида дунё миқёсида рақобатбардош бўлади.

Шахноза Холмахаматова

Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати,

Фан, таълим, маданият ва спорт ишлари қўмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    708
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+