“Қоғозда бор, амалда йўқ ишларга чек қўйиш вақти келди”

14.09.2020, 17:24

“Қоғозда бор, амалда йўқ ишларга чек қўйиш вақти келди”

O`zLiDeP депутатлари мутасадди идоралар раҳбарлари билан бўлган жонли мулоқотда ана шундай тўхтамга келдилар.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон-Либерал демократик партияси Сирдарё туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда  туман Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари, O`zLiDeP вилоят, туман Кенгаши Аппарат ходимлари қатнашди. Йиғилишни Сирдарё туман Кенгаши депутати Акбарали Мирзааҳмедов бошқариб борди.

Йиғилишда “Сувтаъминоти” МЧЖ Сирдарё туман филиали ҳамда Электр тармоқлари  корхонаси мутасаддиларининг ахбороти тингланди.

- Сирдарё туманида жами 297.9 км ичимлик суви тармоғи мавжуд. 2020 йилнинг 8 ойи мобайнида туманда “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” давлат дастури ижроси доирасида бирмунча ишлар амалга оширилди, - деди корхона раҳбари ўринбосари Фахриддин Қоратоев. - Жумладан, “Матонат” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 7 км ичимлик суви тармоғи тортилди, 4 дона  ичимлик суви минораси, 4 дона ичимлик суви минорасининг уйлари қурилди. 3 та тик қудуқда қайта тозалаш ишлари амалга оширилиб, 4 тасида ҳимоя девори тортилди. 1 дона ТП (токатрансформатор), 1 дона тик қудуқ қазиш ишлари амалга оширилди. “Фурқат” ва “Ҳикматли”,  “Фаровон” МФЙлар аҳолисининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи қондирилди. Тумандаги 20 та маҳалла фуқаролар йиғинида ичимлик суви тармоқлари носоз ҳолга келиб қолганлиги сабабли 87 та ички сув қувурлари қайтадан таъмирланди. “Нурли тонг”, “Зиёли”, “Буюк Турон”, “Боғибўстон”, “Тикувчилар” кўчасидаги 496 та хонадонга ичимлик суви тармоғи тортиб берилди.

“Сувтаъминоти” МЧЖ Сирдарё туман филиалига қарашли аҳоли пунктларида жами 126 дона ичимлик сув қудуғидан ва 5 дона сув ҳавзаси орқали истеъмолчиларга ичимлик суви етказиб берилмоқда. Аммо, тумандаги аксарият ичимлик сув иншоотлари 1968-1972 йиллар давомида қурилиб, фойдаланишга топширилганлиги боис сув иншоотларининг бугунги кунда 30-35 фоизи таъмирталаб. Шу боис аҳолини тўла ичимлик суви билан таъминлашда узилишлар бўлиб турибди.

Йиғилишда Сирдарё туман электр таъминоти корхонаси раҳбари Азиз Комиловнинг ҳам ахбороти ҳам тингланди.

-Туманда халқ хўжалиги объектларини электр энергияси билан узлуксиз равишда таъминлаш мақсадида  23.8 км 10кВ ҳаво тармоқлари 28.36 км 0.4 кВ ҳаво тармоқлари ҳамда 17 та трансформатор пунктларида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди, - деди А.Комилов. - Жорий таъмирлаш ишлари бўйича 50.1 кмда 10 кВ ҳаво тармоқлари, 0.4 кВли ҳаво тармоқларида 61.98 км  ҳамда 45 та трансформаторда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди ҳамда белгиланган режа асосида реконструкция ишлари бажарилди.

Маърузалар юзасидан сўзга чиққан туман Кенгаши депутатлари соҳадаги бир қатор ютуқлар билан бир қаторда камчиликлар ҳам мавжудлиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдиришди. Масалан тумандаги “Деҳқонобод” МФЙ ҳудудидаги трансформаторнинг атрофи ҳимоя воситаси билан ўралмаган. Бу ҳолат шу атрофдан ўтувчи аҳоли, айниқса, ёш болаларнинг ҳаётига хавф солиб турибди. Бунинг устига трансформатор Сангировлар хонадонидан бор йўғи 1 метр узоқликдаги масофада жойлашганлиги ҳам оила аъзоларига ноқулайлик туғдиряпти. Шунингдек, депутатлар томонидан “Навоий” МФЙ ҳудудида истемол сувининг ифлосланиши кузатилаётганлиги, “Бойгузар” кўчасида ичимлик сувида тез-тез узилишлар бўлаётганлиги, “Мададкор” кўчасидаги электр симларига қўл узатса етиши, инсон ҳаёти учун хавф соладиган даражада пастда жойлашганлиги, янги уй қуриб кўчган айрим хонадонлар қўлбола симёғочлардан фойдаланаётганлиги, аҳоли сонининг ортиб бораётганлиги натижасида трансформаторларнинг талабга жавоб бера олмай қолаётганлиги таъкидланди. Электр тўловлари бўйича аҳолининг ҳақли талабларидан тортиб сув таъминоти соҳасидаги барча камчиликлар хусусида рўй-рост суҳбатлашиб олинди.

Жонли мулоқот ва ўз-ўзини танқид руҳида ўтган мазкур йиғилишда депутатлар мутасадди идоралар вакиллари олдига “Қоғозда бор, амалда йўқ ишларга чек қўйиш вақти келди” деган масалани қўйдилар.

Йиғилиш сўнгида тегишли қарорлар қабул қилинди.

  Муҳриддин Исматуллаев,

O`zLiDeP Сирдарё туман кенгаши

аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    552
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+