O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” томонидан матбуот анжумани ташкил этилди

15.09.2020, 16:42

O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” томонидан матбуот анжумани ташкил этилди

Жорий йилнинг 15 сентябрь куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Ёшлар билан ишлаш бўлими томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Анжуманда асосий эътибор партиянинг ёшлар билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш, ёшларга қаратилган партиявий лойиҳаларни амалга оширишда жамоатчилик фикри ва муносабатини ўрганиш, шунингдек, жойларда шакллантириладиган қуйи жамоатчилик кенгашлари олдига қўйиладиган вазифалар ижросини таъминлаш масалаларига қаратилди.

Унда партия “Ёшлар қаноти”нинг жамоатчилик кенгаши вакиллари, депутатлар, партия ва “Ёшлар қаноти” фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Қайд этилдики, партия олдида турган асосий вазифа фаол ёшларни бир ғоя атрофида жипслаштириб, партиянинг тарғибот-ташвиқот ишларида кенг ва самарали фойдаланишнинг янгича механизмини яратишдан иборат. Шу боисдан “Ёшлар қаноти” фаолиятини мутлақо янгича талаблар асосида қайта кўриб чиқиш, партия аъзолари сафини билимли, ватанга содиқ, шижоатли ёшлар билан кенгайтириш, уларнинг салоҳияти ҳамда интилишларини фаол қўллаб-қувватлашга қаратилган аниқ дастурий чора-тадбирлар “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Мазкур “Йўл харитаси”да партия “Ёшлар қаноти”нинг келгусида узоқ муддатга мўлжалланган аниқ чора-тадбирлар режаси белгилаб олиниб, қатор янги партиявий лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Хусусан, ўтган йиллар давомида партия “Ёшлар қаноти” томонидан етарли даражада эътибор қаратилмаган ёш раҳбарларни тайёрлаш, уларни давлат бошқаруви соҳасида тажриба ва малакаларини ошириш, мамлакатимиз ёшларини сиёсий жараёнларда халқаро майдонларда ҳам ўзини намоён қилиши борасидаги масалалар янги ишлаб чиқилган йўл харитасида устувор вазифаси сифатида белгиланди.

Шунингдек, партия “Ёшлар қаноти” фаолларини давлат бошқаруви академияси тузилмасида ўқитиш, “Ёш раҳбарлар лабараторияси” лойиҳасини амалга ошириш, ёш партия кадрларини халқаро нуфузли ташкилотлар билан ҳамкорликда уларнинг дунёқараши ва интеллектуал салоҳиятини ошириб бориш, ШҲТ ва МДҲ давлатлари сиёсий партияларининг ёшлар тузилмалари иштирокида Тошкент ёшлар халқаро форумини амалга ошириш каби мақсадлар қўйилди.

Шу билан бирга партиянинг “Ёшлар қаноти” фаолиятини тубдан ўзгартириш, турли тоифалардаги ёшлар билан яқиндан, бевосита ишлаш стратегияси ишлаб чиқилмоқда. Ушбу стратегия партия “Ёшлар қаноти”нинг навбатдаги конференициясида кенг муҳокама қилинади.

Матбуот анжуманида O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти”нинг ҳудудий ҳисобот-сайлов конференциялари ва Республика конференциясини ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳам тўхталиб ўтилди.

Қизғин ва баҳс-мунозараларга бой тарзда бўлиб ўтган матбуот анжуманида қатор савол-жавоблар, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1246
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+