Избосканда БПТлар фаолияти самарадорлиги қандай?

16.09.2020, 17:14

Избосканда БПТлар фаолияти самарадорлиги қандай?

O’zLiDeP Избоскан туман Кенгашидан халқ депутатлари маҳаллий кенгашларга сайланган 14 нафар депутат фидойиликнинг юксак намунасини кўрсатмоқдалар. Сайловчилар уларга ишонч билдириб адашмаганларини кўп таъкидлайдилар. Демак, партия туман Кенгаши номзод тавсияларида янглишмаган. Мана, ютуқ!

Тумандаги мавжуд 45 та бошланғич партия ташкилотларининг барчаси бирдек қониқарли эмас албатта. Фаолиятида сусткашликка йўл қўйилаётган 12 та қуйин бўғин камчиликлари атрофлича муҳокама қилинди.

Аммо туман кенгашида бош масалага ечим топиш зарур. Яъни, партия туман Кенгаши жойлашган бино. “Агросуғурта” Избоскан туман бўлимидан ажратилган битта тор хона, табиийки, партия ҳудудий кенгаши учун етарли эмас! Тасаввур қилинг, хонада иккита стол, тўртта стул, иккита кресло... Қаранг, қандай “ажойиб” шароит! Бунинг устига ҳадемай янги сайловга тайёргарлик бошланади. O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси Хуршидахон Халилова ташаббуси туфайли туман ҳокими билан суҳбатлашилди. Туман отасига раҳмат! Самимий сўровга ижобий жавоб берилди. Шу куннинг ўзидаёқ партия туман Кенгаши учун муносиб жой ажратилишига ваъда берди.

Ишчи гуруҳнинг намунали қуйи бўғинга ташрифи “Избоскан шоналари” фермер хўжалиги далаларидан бошланди. Бу ерда пахта йиғим-терими бошланганига уч кундан ортди. Бошланғич партия ташкилотининг барча аъзолари астойдил оқ олтин ҳосилини йиғиб олиш билан банд. Дастлаб фаоллар, шу билан бирга илғор теримчиларнинг бир гуруҳига партия вилоят ва туман Кенгашининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари топширилди. Дарвоқе, мазкур фермер хўжалиги нафақат туманда, балки вилояту республикада ҳам машҳур. Кўп тармоқли: пахта-ғалла, асаларичилик, чорвачиликни қамраб олгани эътиборли. Хўжалик раҳбари моҳир фермер Роҳатжон Тўйчиев халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати. Яқинда муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланди.

-Аввало, муносиб меҳнат учун эътибор керак, - дейди партия вилоят Кенгаши раиси Хуршидахон Халилова. – Бугунги учрашувда шуни унутмаган ҳолда ҳам депутат, фермерни тақдирладик, ҳам қуйи бўғин тажрибасини оммалаштириш учун намуна олдик. Келгусидаги режаларни шу таянч бўғинда келишиб, олдимизга зарурий вазифаларни қўйдик. Аслида ташрифу мулоқотларимиздан кўзланган асосий мақсад, партиядошлар сафини кенгайтириш, сифат кўрсаткичларини ошириш, имкон қадар амалий кўмакларни беришдан иборат. Бошланғич партиялар фаолияти самарадорлигига эриша олсак, марра бизники!

Раҳбар ҳақ. У ишни айни қуйи бўғинлар натижадорлигини кўтариш масалаларини ҳал этишдан бошлагани бежиз эмас. Атрофида ишончли масъуллар бор экан, халққа, сайловчиларга, партияга камарбасталик юксалаверади.

Фаолияти аллақачон қониқарсиз ҳолатга келиб қолган бошланғич партия ташкилотларидаги учрашувлар давомида мавжуд камчиликларга ечим топишга эришилгани фикримиз исботи. Хусусан, Андижон “Нефть база” масъулияти чекланган жамияти Пойтуғ филиали қошидаги БПТ 2016 йилда ташкил топилган. Айни кунга қадар яхши натижалар билан тилга тушган. Аммо бугунга келиб фаолият самарадорлиги “ноль”га тенг бўлиб қолган. Маълум сабабларни кўрсатган БПТ раисига керакли тавсиялар ва амалий кўмаклар берилгач, муаммо бартараф этилди. Аъзолар аризалари қайта шакллантирилиб, рўйхат асоида БПТ фаолияти қайта тикланди.

“Халқ банки” Избоскан туман филиалида эса аҳвол биз ўйлагандан сустроқ экан. 2018 йилда ташкил топган бошланғич партия ташкилотидаги 46 нафар сафдошлар сони йиллар ўтса-да ортмаган. Аъзолик бадаллари тушмаётгани афсусланарли. Банк туман филиали мутасаддилари билан суҳбатлашилиб, муаммога ойдинлик киритилди.

Албатта, тарғибот ортида натижа бўлиши шарт. Акс ҳолда ташрифнинг мақсади мавҳумлигича қолаверади. O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши томонидан тузилган ишчи гуруҳнинг жойлардаги БПТлар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ташвиқот ишлари ўзида айни вазифаларни ифода этаётир.

Зилола РАҲМОНОВА,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

Матбуот котиби

Теглар
БПТ
  • Кўрилди
    148
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+