Томчилатиб суғоришнинг афзаллиги, энг аввало, сув ресурсларини иқтисод қилишидир

16.09.2020, 17:32

Томчилатиб суғоришнинг афзаллиги, энг аввало, сув ресурсларини иқтисод қилишидир

Айни кунда дунёнинг 30 фоизга яқин аҳолиси хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланиш имконига эга эмас. Маълумотларга таянадиган бўлсак, 2030 йилга бориб, ер шари аҳолисининг ярми сув танқис бўлган ҳудудларда яшашга мажбур бўлади. Бундай маълумотлар эса сув ресурсларини асраш мавзусига янада жиддий ёндашиш ва сув билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олишга қаратилган профилактика чораларини кучайтиришни талаб этади. Тоза ичимлик суви дунёда энг нотекис тақсимланган ресурслардан биридир. Ҳозирда кўп мамлакатларда ичимлик суви ва суғориш суви танқислиги тобора ошиб бормоқда. Бу эса мамлакатлар ўртасида трансчегаравий сувлар ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда сув истеъмолига оид халқаро низоларни келтириб чиқаради. Боз устига, глобал иқлим ўзгариши бу каби муаммоларнинг янада кучайишига олиб келади ва натижада, нафақат сув танқислиги, балки сув тошқинлари ҳам кўпаяди.         

Айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам суғориладиган сувлардан оқилана фойдаланиш, соҳага тежамкор технологияларни кенг жалб қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Кейинги йилларда мамлакатимизда ҳам мазкур муаммонинг ҳудудларда юзага келаётгани қандайдир имкониятларни излаб топишни тақозо этмоқда. Хусусан, томчилатиб суғориш усуллари бу борада яхшигина дастак бўлаётир. Масалан, биргина қишлоқ хўжалиги соҳасини олсак. Экинларни суғоришда илғор усуллардан ҳисобланган томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Томчилатиб суғориш усули ўзининг юқори самарадорлиги, яъни сув ресурслари чекланганлик шароитида кам сув сарфлаб, барқарор юқори ҳосил олиш имконини бериши билан ажралиб туради.

Албатта, мазкур технология ўзида кўплаб имкониятларни жамлади. Ҳатто солиқ тизимида ҳам. Масалан, томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилган фермер хўжаликлари, ушбу технология жорий қилинган ер майдони бўйича 5 йил муддатга ягона ер солиғи тўлашдан озод этилиши юзасидан Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилди. Келгусида янгидан ташкил этиладиган боғлар учун ер ажратиш, фақатгина ушбу майдонларда томчилатиб суғориш тизими ҳамда шу каби сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш шарти билан амалга оширилиши белгиланган. Шунингдек, маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ҳукумат қарори билан 2019 йилнинг 12 августида “Мева маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш асосидаги сув тежовчи технологияларни жорий қилишга кетган харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом” тасдиқлангaн.

Энг муҳими, суғоришни автоматлаштириш имконияти мавжуд эканлигидир. Бу билан энг кам ҳаражат орқали энг катта самарага эришиш мумкин. Шунингдек, томчилатиб суғоришнинг афзаллиги, энг аввало, сув ресурсларини иқтисод қилишидир.

Айни ичимлик суви бўйича жойларда қатор муаммолар мавжудлигини ҳисобга олганда, мазкур интенсив усул самарадорлиги юксак баҳоланади.

Мавлуда ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш

масалалари қўмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    471
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+