Сув тежовчи технологиялар ишлаб чиқарувчи корхоналар сони ортиши талаб қилинади

17.09.2020, 15:45

Сув тежовчи технологиялар ишлаб чиқарувчи корхоналар сони ортиши талаб қилинади

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар замирида соҳага тежамкор технологияларни жорий этиш жадаллашди. Янгиликлар илғор татбиқ этила бошланди. Инновациялар юз очмоқда. Йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш юзасидан қатор амалий чоралар ҳам кўрилмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбари раислигида 16 сентябрь куни сув хўжалигида тежамкор технологияларни жорий этиш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирларига бағишлаб ўтказилган  видеоселектор йиғилиши ҳам соҳадаги ишларни юқори босқичга кўтаришга хизмат қилди.

Маълумки, минтақамизда сув танқислиги билан боғлиқ вазият йилдан-йилга мураккаблашиб бормоқда. Масалан, охирги 10 йилда юртимизда сув ҳажми 12 фоизга, ўтган йилдагига нисбатан эса жорий йил 15 фоизга камайган.

Айтиш жоиз, тармоқда пахта ва ғалла етиштириш учун сарфланаётган электр энергияси ҳамда сувни етказиб бериш харажатлари талай. Хусусан, 2,5 миллион гектар майдонни суғориш учун 5 мингдан зиёд насос ишлатилиб, йилига 8 миллиард киловатт соат энергия ва 2,4 триллион сўм бюджет маблағлари сарфланмоқда. Бир гектар майдонга сувни насослар орқали етказиб бериш учун бюджетдан ўртача 800 минг сўм харажат қилиняпти. Эгатлаб суғориш оқибатида йилига қарийб 5-6 миллиард куб метр ёки 20 фоиз сув далада беҳуда сарфланмоқда. Бу ахир ортиқча исрофгарчиликку! Масалани бартараф этиш зарур. Муаммо илдиз отмаслиги керак. Чунончи айни шароитда сувни тежаш ва ҳисобини юритиш ҳар доимгидан ҳам долзарбдир. Қайд этиш керак, сўнгги икки йилда Президент ва ҳукуматнинг шу соҳага доир қабул қилинган 11 та қарори асосида қатор имкониятилар, ҳамма шароитлар яратиб берилди.

Барибир тан олишимиз лозим, бажарилган ишлар имконият даражасида эмас. Масалан, шу пайтгача 285 минг гектар, яъни бор-йўғи 7 фоиз ерда сув тежовчи технологиялар жорий этилган. Вилоятларда иш бир хил эмас. Давлатимиз раҳбари қолоқ вилоятлар хусусида гапириб, кўплаб туманларда сув тежовчи бирорта ҳам лойиҳа татбиқ қилинмаганини аччиқ танқид остига олди. Чиндан ҳам бугунги кунда сув масаласи энг аҳамиятли масалага айланиб улгургани боис мазкур технологияларни имкон қадар кўпайтириш зарур.

Ўз-ўзидан сув тежовчи технологиялар қамровининг кенгайиши уларни ишлаб чиқаришга бўлган талабнинг ортишига сабаб бўлади. Аммо мамлакатимизда бундай корхоналар сони атиги 13 та. Табиийки уларнинг қуввати келгуси йил эҳтиёжининг ярмини қоплашга ҳам етмайди. Шу боис ҳам вилоятларда сув тежовчи технологиялар учун ускуналар ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этишни кўпайтириш керак.

Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган мулоҳазалар, албатта, ўринли. Соҳа вакили сифатида белгиланган вазифаларга жиддий ва катта масъулият билан ёндашишимиз керак.

Барнохон МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    132
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+