Мамлакатимизда сув хўжалигини ривожлантиришда қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда

17.09.2020, 15:47

Мамлакатимизда сув хўжалигини ривожлантиришда қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда

Мамлакатимизда сув хўжалигини ривожлантириш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Мазкур ишлар аниқ, асосли, тизимли ташкил қилинаётгани мавжуд камчиликларни бартараф этишга хизмат қилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан Сув хўжалиги вазири ўринбосарининг “Президентимизнинг 2020 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди. Унда депутатлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олдилар.

Ўтган даврда ушбу йўналишдаги муаммоларни бир қадар ҳал этишга эришилгани бор гап. Бироқ камчиликлар ҳам йўқ эмас. Кейинги йилларда иқлим ўзгариши ва бошқа антропоген таъсирлар оқибатида Амударё, Сирдарё, Зарафшон ва шу каби йирик дарёлар шаклланадиган музликлар ўртача 30 фоизга қисқариб, дарёларнинг сувлилик даражаси пасаймоқда. Глобал иқлим ўзгариши, шунингдек, трансчегаравий сувдан фойдаланиш муаммолари туфайли йиллик олинаётган сув белгиланган лимитига нисбатан ўртача 20 фоизга қисқаргани ҳам маълум.

Айни кунда мамлакатимиз аҳолиси 34 миллион кишидан ортди. Аҳоли жон бошига ўртача 1 500 м3 сув тўғри келмоқда. Агар туғилиш ўсиб, аҳоли сони ортса, айтайлик, 2030 йилгача аҳоли сони 39 миллион нафаргача етса, бу кўрсаткич 1 250 мга тушиб кетиши мумкин. Албатта, бундай вазиятда аҳолимизнинг ичимлик сувига бўлган талаби 2,3 миллиард куб метрдан 3,0 миллиард куб метрга етиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида сув хўжалигини 2030 йилгача ривожлантиришнинг 11 та устувор йўналишлари белгиланган. Мазкур устувор йўналишлар амалга оширилса, мамлакатимизнинг барча иқтисодиёт тармоқлари сув билан кафолатли таъминланади. Бу дегани эса сув хавфсизлигига эришиш деганидир.

Концепцияга мувофиқ ривожланган давлатларнинг илғор тажрибасини оммалаштириш мақсадга мувофиқ. Яъни, бунда сувни етказиб бериш учун давлат томонидан қилинаётган харажатлар истеъмолчилар томонидан қоплаш механизмлари босқичма-босқич жорий қилинади, сув хўжалиги соҳаси учун малакали кадрларни тайёрлаш, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш соҳалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш чоралари кўрилади. Айни вазифалар ижроси билан кўзланган мақсадга эришилади.

Ҳисоботни эшитиш давомида бир қатор таклифлар ўртага ташланди. Хусусан, сув хўжалигида уч йил ичида барча нуқталарни онлайн маълумот узатиш қурилмалари билан жиҳозлаш ҳамда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш зарурати ортмоқда.

Аксарият сув хўжалиги объектларидан 50-60 йилдан буён фойдаланиб келинади. Табиийки, уларнинг техник ҳолати талабга жавоб бермайди. Сувнинг 35-40 фоизи суғориш тармоқларида йўқотилаётганини ҳисобга олиб, уларни бартараф этиш керак.

Албатта, юқорида билдирилган таклифлар инобатга олинса, соҳадаги муаммоларга ечим топилади.

Бегали ҚОДИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    427
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+