O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” камбағалликни қисқартириш ва аёллар бандлигини таъминлаш борасида қандай амалий ишлар қилди?

18.09.2020, 15:51

O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” камбағалликни қисқартириш ва аёллар бандлигини таъминлаш борасида қандай амалий ишлар қилди?

Жорий йилнинг 18 сентябрь куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Аёллар қаноти” томонидан “Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, аёллар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш борасидаги долзарб вазифалар” мавзусида видеоконференцалоқа шаклидаги давра суҳбати ташкил этилди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2020 йил 26 мартда “Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилингани жойларда кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга, бу орқали минглаб ишсиз фуқаролар бандлигини таъминланишига, аҳолимиз фаровонлигини юксалишига туртки бўлмоқда.

Айниқса, соҳага алоқадор бир қатор вазирликлар, сектор раҳбарлари томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш, ишсиз хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни турли касбларга йўналтириш борасида қатор саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилган.

Бу борада O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” ҳам ўзининг аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, энг чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган ишсиз хотин-қизлар, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларни турли касб-ҳунарларга йўналтириш, тажрибали тадбиркор ва ишбилармонлар кўмагида маҳорат-дарсларини ташкил этиб келмоқда. Бу орқали жойларда минглаб ишсиз хотин-қизлар ишли бўляпти, оилалар фаровонлиги таъминланмоқда.

Давра суҳбатида партия “Аёллар қаноти”нинг бу каби амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини янада ошириш, “Фаровон оила”, “Ишбилармон аёл”, “Бунёдкор аёллар” каби партиявий лойиҳалар орқали энг чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган уйда ўтирган ва ишсиз хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш муҳим вазифаларидан бири эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Биргина партия “Аёллар қаноти”нинг “Бунёдкор аёллар” лойиҳаси бевосита хотин-қизларда тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган бўлиб, жорий йилнинг ўзида 96 нафар хотин-қизларга етакчи тижорат банклари томонидан 4 млрд. 285 млн.сўм миқдорида кредитлар ажратилишига кўмак берилди. Бунинг натижасида 1000 нафарга яқин янги иш ўринлари яратилди.

Давра суҳбати иштирокчилари эҳтиёжманд оилаларни камбағалликдан чиқариш, мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш, ишсиз хотин-қизларни турли касбларга ўқитиш ва шу орқали уларни “Темир дафтар”дан чиқариш муҳимлигини эътироф этишди.

Шу билан бир қаторда тадбирда мамлакатимизда эҳтиёжмандларга ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг кенг қамровли механизми изчиллик билан йўлга қўйилсада, лекин ушбу механизм етарлича шаффоф бўла олмаётгани таъкидлаб ўтилди. Хусусан, айрим объектив ва субъектив омиллар бутун тизим самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани, қолаверса, «Темир дафтар»га киритиш учун оилаларни адолатли танлаш масаласида ҳали етарлича камчиликлар кўзга ташланиб қолаётгани, бунда ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳар бир ташкилот олдидаги ўта муҳим вазифалардан бири эканлиги айтиб ўтилди.

Тадбирда давлатимиз раҳбаринингТадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида белгилаб берилган вазифалар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди. Мазкур қарорнинг қабул қилиниши ўзини-ўзи банд қилиш ҳисобига ўзини меҳнат даромади билан таъминлайдиган шахсларнинг меҳнат фаолиятини тартибга солади. Қарорга кўра, ўзини-ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати 24 тадан 67 тага оширилди. Бундай фаолият тури билан банд бўлган шахслар солиқ кодексига мувофиқ олган даромадларидан даромад солиғи тўламайдилар. Шунингдек, улар 2020 йил учун ижтимоий солиқни базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида (111 500 сўм) тўлаган тақдирда меҳнат стажи ҳисобланади.

Тадбирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ходимлари томонидан мазкур қарор ижроси ва хотин-қизларни иш билан бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар борасида ҳам маълумот бериб ўтилди.

Давра суҳбати якунида партия “Аёллар қаноти” соҳага алоқадор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда аҳолини камбағалликдан чиқариш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, жойларда турли маҳорат дарсларини ўтказиш борасида аниқ вазифаларни белгилаб олишди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    727
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+