Меҳнат мигрантлари ҳар қандай эътибор ва ғамхўрликка лойиқ

18.09.2020, 16:05

Меҳнат мигрантлари ҳар қандай эътибор ва ғамхўрликка лойиқ

Хабарингиз бор, Президентимизнинг “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Аҳамиятли жиҳати қарорда соҳада шу кунгача йиғилиб қолган муаммоларни тизимли ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Хорижда ишлашга кетишдан олдин Ўзбекистон фуқароларини касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш амалиётини самарали йўлга қўйиш, уларга касбий малакасини тасдиқловчи халқаро тан олинадиган сертификатларни бериш тизимини жорий қилиш мазкур тизимнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Очиғини айтиш керак, шу кунга қадар мигрантлар учун энг катта муаммо уларда касб ва тил малакасининг йўқлиги эди. Кўпинча хориждан иш берувчилар келиб, бўш иш ўринлари учун танлов эълон қилса, мигрантларимизнинг малакаси бу иш ўринлари учун тўғри келмас эди. Малакасини тасдиқловчи ҳужжатнинг йўқлиги, тил билмаслиги эса катта муаммо бўларди. Эндиликда ушбу масалалар тизимли ҳал этилади.

Қарорга мувофиқ юртдошларимиз хорижга кетгандан сўнг ҳам унга моддий, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам бериб борилади. Улар ватанга қайтгандан кейин ҳам малакасига қараб, маҳаллий меҳнат бозоридан иш топиб берилади.

Яна бир муҳим масала шуки, давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда тадбиркорлар ва ишбилармонларга бир қатор имтиёз ва шарт-шароитларнинг яратиб берилиши натижасида минглаб фуқароларимизнинг бандлиги таъминланмоқда. Бундан кўзланган мақсад битта - у ҳам бўлса янги корхоналар, янги заводларни ишга тушириш,  ЎзЛиДеП электорати бўлган тадбиркорлар ва ишбилармонлар сонини кўпайтириш орқали ўзимизни юртда кўплаб иш ўринларини яратиш, фуқароларимизни эмин-эркин фаолият юритиши, уларнинг хавфсизлигини таъминлашдан иборат.

Хулоса қилиб айтганда, хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси пировардида бандлик, оилалар даромади, малакали мутахассислар кўпайишига олиб келади.

Дилбар УСМОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    193
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+