Қонуний меҳнат миграцияси: Ечимини кутаётган муаммолар тизимли ҳал этилади

18.09.2020, 16:10

Қонуний меҳнат миграцияси: Ечимини кутаётган муаммолар тизимли ҳал этилади

Давлатимиз раҳбарининг “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Айтиш жоизки, мазкур қарорда белгиланган вазифалар четда ишлаётган юртдошларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва маданий қўллаб-қувватлаш борасида ечимини кутаётган муаммоларни тизимли ҳал этишга хизмат қилади.

Қарорда ташқи меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, хориждаги ватандошлар ташкилотлари ва ўзбек диаспоралари билан алоқалар мустаҳкамланиши назарда тутилмоқда.

Тан олиш керак, бугунги кунда меҳнат мигрантларимиз иш берувчи компанияларни топиш, тил билиш ва ўша давлатдаги меҳнат қонунчилигини ўрганиш каби муаммоларга кўп дуч келишмоқда. Ана шундан келиб чиқиб, қарорда муҳим вазифа белгиланди. Яъни эндиликда хорижга ишлашга кетишдан олдин фуқароларни касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш тизими йўлга қўйилади. Уларга касбий малакани тасдиқловчи халқаро сертификатлар берилади.

Шу билан бирга, қарорда хорижда ишлаб Ўзбекистонга қайтиб келган меҳнат мигрантларига яқиндан кўмаклашиш каби ҳаётий масалалар ҳам қамраб олинган. Хусусан, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар реинтеграция қилинади. Уларнинг тадбиркорлик ташаббуслари рағбатлантирилади. Қолаверса, меҳнат мигрантлари молиявий ва ижтимоий қўллаб-қувватланади, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш амалиёти янада кенгайтирилади.

Бир сўз билан айтадиган бўлсак, ушбу ҳаётий ҳужжат мамлакатимизда хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини тизимли йўлга қўйишга қаратилган. Мақсад — битта. Яъни мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси у қаерда, қандай шароитда меҳнат қилишидан қатъий назар уларнинг ҳуқуқларини тўла ҳимоя қилишдир. Партия фаоли ва депутат сифатида биздан талаб қилинадиган биринчи галдаги вазифа қарорда ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинаётган имтиёз ва имкониятлар мазмун-моҳиятини аҳолига, айниқса, бугун чет элда ишлаш орзусида юрган ёшларга етказишимиз шарт.

Шаҳноза ХОЛМАХАМАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    620
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+