Жавобгарлик икки ҳисса оширилади

18.09.2020, 17:56

Жавобгарлик икки ҳисса оширилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида “Ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилишни такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси муҳокамасида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар анчагина мунозараларга сабаб бўлди. Мазкур қонун лойиҳасининг асосий ғояси – бу экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида жиноят ва маъмурий жавобгарликнинг янги механизмларини амалга жорий этиш орқали ўсимлик дунёси объектларини, айниқса, дарахт ва буталарни муҳофаза қилишнинг чораларини кўришдан иборатлигини ҳисобга олганимизда, бу айни вақтда жуда долзарб масала.

Бугунги кунда табиатни асраш, дарахтларни мухофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Қонун лойиҳасининг мақсади ҳам дарахтлар, буталар ва бошқа ўсимликларни ғайриқонуний равишда кесиш, уларни йўқ қилиш, кундаков қилиш, шикастлантириш ёки кўчириб ўтказиш учун жиноий ва маъмурий жавобгарликнинг муқаррар эканлиги билан огоҳлантириш билан бу йўналишда профилактика ишларини олиб боришни ўзида ифода этади. Таъкидланишича, лойиҳада Ўзбeкистон Рeспубликaсининг Жиноят кодeкси ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат экологик назоратини амалга ошириш, шунингдек, жисмоний ёки мансабдор шахсларнинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилишини бартараф этишда жавобгарлик доирасини кенгайтириш ва кучайтириш белгиланмоқда.

Шу ўринда бир жиҳатни алоҳида қайд этиш лозим. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига киритилаётган ўзгартишларга кўра, жавобгарлик чоралари аввалгисига нисбатан икки бараварга оширилмоқда. Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мазкур соҳада содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли бўлган ашёни ва маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёси ҳам мусодара қилиниши назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга жойларда ўзларига вақтинча ёки доимий равишда фойдаланишга ажратилган ёки бириктирилган майдонлардаги дарахтларни сақлаш ва уларни муҳофаза қилиш чораларини кўрмаганлик учун мансабдор шахсларга ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима белгиланмоқда.

Ушбу  қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан дарахтлар, буталар ва бошқа ўсимликларнинг ғайриқонуний кесилиши, йўқ қилиниши, шикастлантирилиши ёки бошқа жойга кўчирилишининг олдини олишга ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва фуқароларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш орқали бу борадаги ҳуқуқбузарликларнинг камайишига эришилади.

Мавлуда ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    484
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+