Спикер ўринбосари Гурланда кластерлар фаолияти билан танишди

21.09.2020, 10:49

Спикер ўринбосари  Гурланда кластерлар фаолияти билан танишди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов пандемия даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Хоразм вилоятига борди.  

Спикер ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг дастлабки манзили  Гурлан тумани бўлди.

Тумандаги Бирлашган қишлоғи, Нукус маҳалласида жойлашган “Махсуд-Манзура” томорқа хизмати кластери жорий йилда ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, айни пайтда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, иссиқхоналар қуриб бериш орқали томорқачиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратиб келмоқда.   

Кластер раҳбари Махсуд Бекманов ҳозирда Хитой технологияси асосида замонавий иссиқхона қуриш ишларини бошлаб юборган. Иссиқхона асосан кўчатчиликка ихтисослашган бўлиб, аҳолига арзон нархда помидор, бодринг, бақлажон каби полиз экинлари кўчатлари, турли гул ва дарахт кўчатларининг янги навлари етиштириб берилади.

Шунингдек, тадбиркор мазкур ҳудуднинг 30 сотих ер майдонида сутни қабул қилиш ва қайта ишлаш цеҳи ташкил этмоқчи.

А.Хаитов мазкур кластер фаолияти билан танишар экан, тадбиркорга бинони 2 қават қилиб қуриш, унинг 1-қаватида сут ишлаб чиқариш цеҳи ва кўчатчилик дўкони, 2-қаватида эса тикувчилик цеҳи ташкил қилиш бўйича зарур тавсиялар берди.

Мазкур кластерда яна парранда, товуқ ва балиқларга бериладиган ем (гранулалар) ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади. Қолаверса, 200 тонналик музлаткич қурилиб, 35 та янги иш ўринлари  яратилади.

 "Умид Гулшани" кўчасида яшовчи Гавҳар опа Маткаримова 5 нафар фарзанди билан ўз томорқасидан самарали фойдаланиб, яхшигина даромад топиб келаётган омилкорлардан. У 8 сотих томорқасидан йилига 3 маротабагача ҳосил олади. Дастлаб картошка, пиёз, бодринг, помидор, кўкатлар, қовун, тарвуз экиб, кейин уларнинг ўрнига 2-экинга шоли, саримсоқ пиёз, буғдой, туруп, шолғом маҳсулотларини етиштиради.

Спикер ўринбосари мазкур учрашуви доирасида ушбу хонадонда ҳам бўлиб, хонадон эгаларига 1 сотих ер майдонида субсидия асосида иссиқхона қуриб бериб бериш таклифини билдирди. Томорқасига сув етиб келмагани сабабли бу йил помидор ва бодринглар яхши ҳосил бермагани, айрим мевали дарахтларга зиён етгани инобатга олиниб, давлат субсидияси асосида ушбу хонадонга 1 та скважин куриб бериладиган бўлди.

Суҳбат ва мулоқотлар чоғида А.Хаитов "Томорқа хизмати" кластери  раҳбари Максуд Бекчановга Нукус маҳалласидаги мавжуд 50 та хонадоннинг ҳар бирига 0,5 сотихдан  иссиқхона қуриб бериш таклифини илгари сурди. Бу билан маҳаллада “Бир маҳалла-бир маҳсулот” тамойилини қўллаган ҳолда улар томонидан етиштирилган маҳсулотларни томорқа хизматининг ўзи сотиб олиб, кооперация ташкил қилинишига, бу билан пандемия шароитида нафақат аҳоли бандлигини таъминлашга, балки уларнинг оилавий даромадини оширишга ҳам катта ёрдам беришини қайд этди.  

Айни дамда далаларда қийғос очилган оқ олтин-мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида кўркам қиёфа касб этмоқда. Зеро, Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришда пахта толаси катта аҳамиятга эга.

Халқ вакили туманнинг “Хабибулло мерос” фермер хўжалигидаги пахта даласида ҳам бўлиб, у ерда меҳнат қилаётган теримчилар билан суҳбатлашди.

-Куни кеча 180 кг пахта териб топширдим. Ҳосил жуда яхши, терим пулларини ҳам ўз вақтида оляпмиз. Бугун  200 кг пахта териш ҳаракатидаман, - дейди  илғор теримчиларидан бири Насиба Сапаева.

А.Хаитов шу каби илғор теримчиларга ватанимиз тараққиётига қўшаётган улкан ҳиссалари учун ўз миннатдорчилигини билдириб, уларга совға-саломлар улашди.

Нилуфар Джаббарова,

O’zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

Сиёсий таълим сектори раҳбари

  • Кўрилди
    591
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+