Энди ерларни ажратиш, уларнинг ҳисобини юритиш бўйича муаммо бўлмайди

21.09.2020, 15:50

Энди ерларни ажратиш, уларнинг ҳисобини  юритиш бўйича муаммо бўлмайди

Аввалроқ, парламент қуйи палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши ҳақида хабар берган эдик.   

Йиғилишда кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат Президентимизнинг  “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони  бўлди.

Таъкидланганидек, фармоннинг энг муҳим жиҳати – бу Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ташкил этилганлигидир.

Чунончи, Агентлик кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия ва картография ҳамда давлат кадастрларини юритиш соҳасида ваколатли давлат органи ҳисобланиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказмаслик, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳамда давлат кадастрларини юритиш тартибини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.

Йиғилишда O'zLiDeP сайловолди дастурида қишлоқ хўжалигида янада кўпроқ маҳсулдорликка эришиш мақсадида ҳудудларда ернинг балл бонитети ҳисобга олинган ҳолда экин турларини жойлаштириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш каби муҳим масалалар илгари сурилгани таъкидланди. Фармонда белгилаб қўйилган вазифалар эса партия томонидан илгари сурилган дастурий вазифаларга тўлиқ ҳамоҳангдир. 

– Ер халқ бойлиги. Уни ҳеч қандай асосларга кўра ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш мумкин эмас,– деди O'zLiDeP фракцияси раҳбари А.Хаитов. – Чунки мамлакатимизнинг тараққиёти ва келажаги, халқимизнинг тўкис ва фаровон ҳаёти бебаҳо бойлик – ердан оқилона фойдаланишга чамбарчас боғлиқдир. Шу боис, эндиликда ерларни ажратиш, уларнинг ҳисобини юритиш, ер назоратини амалга ошириш бўйича муаммолар бўлмайди. Зеро, Президентимиз томонидан имзоланган мазкур фармон ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштиришга хизмат қилади.

 

  • Кўрилди
    520
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+