Янги сайланган депутатлар учун ўқув-семинарлар

18.01.2018, 17:14

Янги сайланган депутатлар учун ўқув-семинарлар

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Сиёсий таълим маркази ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайланган 137 нафар депутатимиз учун бир неча кунлик ўқув-семинарлар ўтказмоқда. Биринчи гуруҳ, яъни халқ депутатлари Бектемир, Миробод, Мирзо Улуғбек, Сергели, Яккасарой, Яшнобод туман кенгашларига партиямиздан сайланган депутатлар қатнашган ўқувлар ниҳоясига етмоқда.
М. Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳар филиали мажлислар залида ҳар куни 8 соатдан  давом этган машғулотлар кутилган ижобий  натижаларни бериши аниқ.

Машғулотлар ҳар жиҳатдан пухта ўйланган, аввалги тажрибалар ҳисобга олиниб,  мукаммал тузилган ўқув дастури  асосида олиб борилди. Тингловчиларга Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари, “Ўзингни англа” психологик хизмат кўрсатиш маркази ходимлари, тегиш­ли вазирлик ва идоралар мутахассислари ниҳоятда долзарб, амалий аҳамиятга эга мавзулар бўйича сабоқ бергани диққатга молик.  Мисол тариқасида айтиш мумкинки, иқтисод фанлари доктори Убайдулла Ғафуров  Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти ва ундан келиб чиқувчи вазифалар, парламент қуйи палатаси депутати, фракциямиз аъзоси Адҳам Шодмонов давлатимиз раҳбарининг “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузасидан келиб чиқувчи устувор вазифалар,  филология фанлари номзоди Раҳимбой Жуманиёзов депутатнинг нотиқлик маҳорати ва нутқ маданияти, парламент қуйи палатасидаги фракциямиз аъзоси  Шуҳрат Бафаев жойлардаги муаммоларни аниқлаш ва ечимини топиш юзасидан атрофлича фикр юритдилар, депутатлар саволларига жавоб қайтардилар.

Ўқув-семинарда амалий машғулотларга ҳам кенг ўрин берилди. Тингловчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда топширилган мавзулар – “Депутатнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари”, “Депутатнинг иш режаси”, “Депутатнинг сайловчилар олдида ҳисоботи” бўйича масалаларни ечдилар.

Партиямиз томонидан мазкур ўқув-семинарларга жуда жиддий эътибор берилаётгани бежиз эмас. O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Сиёсий таълим маркази раҳбари Барно Абдуллаева биз билан суҳбатда қайд этганидек, электоратимиз вакиллари ишончини қозонишга ва улар манфаатини давлат ҳокимиятининг вакиллик органларида ифодалашга қодир, бугунги даврнинг ўткир талабларига жавоб бера олувчи, ҳар жиҳатдан етук, ўз салоҳиятини тўла-тўкис рўёбга чиқариб, сайловчиларга берилган ваъдаларни бажаришда қатъият кўрсата оладиган депутатлар корпусини шакллантириш партиямизнинг энг асосий вазифаларидан биридир. 

Абдуҳаким Маманазаров,

халқ депутатлари Миробод туман

Кенгашига 3-“Мовароуннаҳр”

сайлов округидан

сайланган депутат:

–  Маълумки, нималарнидир мўлжаллаш,  режалар тузиш осон, бироқ уларни амалга татбиқ қилиш қийин. Шу маънода ушбу ўқув-семинарлар биз – янги иш бошлаётган депутатлар учун айни муддао бўлди. Демоқчиманки, назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш йўл-йўриқларини ўргандик. Ишни нимадан бошлаш, ваколатларимиз, ҳуқуқларимиз, шунингдек, иш олиб боришда қандай жиҳатларга алоҳида диққат қаратиш тўғрисида муайян тасаввурга эга бўлдик.

Ўқув жараёнида Президентимиз маърузаларида илгари сурилган муҳим ғоялар, партия фаолиятига доир янги тадқиқотлар, давлат бошқарувида рўй бераётган ўзгаришлар, қонунчилик соҳасидаги янгиликлар билан ҳам батафсил танишдик. Айниқса, туманнинг бошқарув механизмлари, таркибий тузилиши, ижтимоий-иқтисодий салоҳиятига оид сабоқларни синчковлик билан тингладим. Ўзлаштирган билимларим депутат сифатидаги фаолиятимда ғоят қўл келиши шубҳасиз. 

 Шаҳноза Алимова,

халқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман

Кенгашига 7-“Пошшобоғ”

сайлов округидан

сайланган депутат:

– Ўқув-семинарларда депутатлик назоратини амалга ошириш усуллари, депутатлик сўрови, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг ахбороти ва ҳисоботи эшитувини йўлга қўйиш тартиблари хусусида муфассал маълумотлар олдим. Жумладан, депутатлик назоратини амалга ошириш учун материаллар йиғишга имкон берувчи  оддий, айни пайтда самарали усуллар – аҳоли вакиллари билан бевосита суҳбатлашиш ва уларнинг фикр-мулоҳазаларини таҳлил қилиш, хонадонларга кириб, одамларнинг ҳақиқий яшаш тарзи билан танишиш, зиёли инсонлар билан доимий алоқа ўрнатиш, ҳудуддаги давлат органларига келиб, бирор масалада мурожаат қилиш учун навбат кутиб турган фуқаролар фикрларини тинглаш кабилар мен учун жуда қимматли.

“Ўзингни англа” психологик хизмат кўрсатиш маркази директори Замира Азимова сайловчилар билан учрашувларни ташкил қилишнинг янгича шакллари ҳамда юзма-юз мулоқотларда низоли вазиятларнинг олдини олиш  ҳақида маъруза қилдики, бу менинг дунёқарашимни янада бойитди.

“XXI asr”

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    147
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш