O'zLiDePнинг онлайн сиёсий ўқувлари барча ҳудудларда тизимли равишда ўтказилмоқда

23.09.2020, 15:26

O'zLiDePнинг онлайн сиёсий ўқувлари барча ҳудудларда тизимли равишда ўтказилмоқда

Маълумки, жорий йилнинг 14 сентябрь куни давлат раҳбари томонидан “Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун имзоланди.

Унда маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудлар кесимида муҳим қарорлар қабул қилиш, маҳаллий давлат органлари фаолиятини назорат қилиш бўйича ролини янада оширишда уларни ташкилий, техникавий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминловчи бўлинмаларни ташкил этиш каби қатор вазифалар қайд этилган.

Маҳаллий давлат ҳокимияти тизимида ҳокимиятлар бўлиниши тамойилининг амалий рўёбга чиқарилишини таъминлаш учун дадил қадам сифатида баҳоланаётган ушбу қонуннинг ижросини таъминлаш, жойларда маҳаллий Кенгаш депутатлари фаоллиги ва ташаббускорлигини янада ошириш O`zLiDeP олдида турган муҳим вазифалардан биридир.

Шундан келиб чиқиб, партия томонидан депутатлик гуруҳларининг аъзолари учун махсус сиёсий ўқувлар ташкил этилмоқда.  Ўқувларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, партиянинг вилоятлар, туман ва шаҳарлар Кенгашларининг барча депутатлари, партия ходимлари, фаоллар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда. Унда тажрибали лекторлар томонидан аввало юқорида тилга олинган қонуннинг мазмун-моҳияти ва унда назарда тутилган янгиликлар, Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда O`zLiDeP ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг ўрни, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатларининг сайлов округлари, халқ депутатлари Кенгашлари ҳамда сиёсий партия билан ҳамкорликдаги фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари, Депутатлик фаолиятини самарали ташкил этиш механизмлари ҳамда амалга оширилаётган ишлар ва сиёсий тадбирларни ОАВда ёритишнинг асосий жиҳатлари, PR технологиялардан фойдаланиш усуллари тўғрисида атрофлича сўз юритилмоқда.

Хусусан, онлайн ўқув иштирокчиларига қонунга биноан маҳаллий кенгашларда тузилаётган котибиятнинг ўрни ва роли аниқ мисоллар ёрдамида тушунтириб берилмоқда. Амалда котибиятларнинг ташкил этилиши давлат дастурларининг ҳудудлар кесимида ижро этилиши устидан таъсирчан депутатлик назорати таъминланиши учун зарур шароитлар яратади. Қолаверса, маҳаллий ижро органи аппаратлари (Ташкилий-назорат гуруҳлари) маҳаллий вакиллик органларига ташкилий масалалар бўйича хизмат кўрсатиш каби ўзига хос бўлмаган вазифалардан соқит қилинади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг “COVID-19 пандемияси даврида бўшаб қолган ўринларга депутатлар сайловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида ташкил этиладиган ишлар ҳақида батафсил маълумотлар берилмоқда.

Бундан ташқари O`zLiDePнинг Аёллар ва Ёшлар қаноти ташаббуслари ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури ва “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастурларини амалга оширишда O`zLiDePнинг ўрни қандай бўлиши кераклиги ҳақида фикр алмашилмоқда.

Айтиб ўтиш керак, мазкур онлайн сиёсий ўқувлар барча ҳудудларда тизимли равишда ўтказилиши режалаштирилган.

Теглар
СТМ
  • Кўрилди
    1038
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+