Президентимизнинг БМТнинг 75-сессиясидаги нутқи Янги Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очди

24.09.2020, 15:56

Президентимизнинг БМТнинг 75-сессиясидаги нутқи Янги Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг тарихий, юбилей 75-сессиясида сўзлаган нутқи ҳозирги даврнинг энг долзарб мавзуларини қамраб олгани ҳамда ташаббусларнинг муҳимлиги билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Ушбу нуфузли анжуманда давлатимиз раҳбари томонидан жамиятни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида янги Ўзбекистон шаклланаётгани, бугунги кунда мамлакатимиздаги демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олгани таъкидланди.

Айниқса, Президентимиз нутқидан ўрин олган “Коррупцияга қарши муросасиз кураш янги босқичга кўтарилди.

Бу борада муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, мустақил тузилма – Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотлар жадал давом эттирилмоқда. Биз биринчи марта камбағалликни камайтириш ҳақидаги қатъий қароримизни очиқ эълон қилдик. Бунга тадбиркорликни ривожлантириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш, инвестиция ва бизнес муҳитини яхшилаш ҳамда замонавий инфратузилмани барпо этиш, одамларни янги касб-ҳунарларга ўргатиш ва аҳолига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш орқали эришмоқдамиз”, деган жумлалар ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

Ҳа, жорий йил бошида Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида аҳолини камбағалликдан чиқариш борасида сўз борди. Бугунги кунда эҳтиёжманд оила вакиллари “Темир дафтар”га киритилиб, уларни иш билан таъминлаш ва камбағалликдан чиқариш борасида салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Президентимиз БМТнинг мазкур сессиясида ҳам аҳолини камбағалликдан чиқаришга алоҳида тўхталиб, “... қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказишни таклиф этамиз”, дейишгани барчанинг диққат-эътиборини тортди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг мазкур нутқи ва унда илгари сурилган оламшумул таклифлар халқаро ҳамжамият томонидан илиқ кутиб олинди. Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75-сессиясидаги нутқи Янги Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очиб берди.

Аброр ОТАБОЕВ,

“O‘zbekiston belgisi”

кўкрак нишони соҳиби.

  • Кўрилди
    330
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+