Партия мақсадларига ҳамоҳанг таклифлар

26.09.2020, 15:58

Партия мақсадларига ҳамоҳанг таклифлар

Президентимиз БМТ Бош Ассамблеянинг етмиш бешинчи сессиясида сўзлаган тарихий нутқларида ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазиятда барча давлатлар ва халқлар ўртасида мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик ўта муҳимлиги, бундай ҳамкорликдан мақсад – ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратиш эканлигини таъкидладилар ва бу борада аниқ таклифларни илгари сурдилар.

Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг БМТнинг бош минбаридан туриб ушбу чиқишлари ва илгари сурган таклифлари бизнинг партиямиз сайловолди платформасига нақадар ҳамоҳанг эканлигини таъкидламоқчиман. Чунки сайловолди платформамизда биз сайловчиларимизга берган ваъдаларимиз ва илгари сурган ғояларимиз бор. Хусусан, Президентимиз нутқларидаги:

“Марказий Осиё минтақасининг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлаш зарурлиги ва шу муносабат билан Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари партиямиз сайловолди платформасида илгари сурилган қуйидаги ғояларга мос келади.

Жумладан, партия платформасида Парламент, халқ дипломатияси ва хусусий сектор имкониятларидан фойдаланиб, биз давлатнинг ташқи сиёсат соҳасидаги энг муҳим вазифаси – Марказий Осиёни барқарор ривожланаётган ва яқин қўшничилик муносабатлари қарор топган ҳудудга айлантириш, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликнинг ўрнатилиши, Орол ҳалокати ҳамда ҳозирги даврнинг турли экологик муаммоларини ҳал қилиш, жаҳоннинг йирик бозорларига чиқиш имкониятини берадиган транспорт-коммуникация йўлакларининг кўп вариантли тизимларини шакллантириш учун истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича муҳим ғоялар илгари сурилган.

Президентимиз нутқларида қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш таклифи Платформамизда илгари сурилган “кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг, базавий захиралар (ер участкаси, технология, кредит ва бошқалар)дан фойдаланишлари учун қулай иқтисодий ва молиявий шарт-шароитлар билан таъминлаш”, деган ғоямизга мос тушади.

Яна бир муҳим жиҳат, Президентимизнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенциясини  қабул қилиш тўғрисида берган таклифлари эса платформамиздаги “Биз, бугунги кунда мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига юқори фуқаролик масъулиятига ва замонавий дунёқарашга эга бўлган ёшлар кириб келаётганини алоҳида эътироф этамиз. Биз ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг иқтидори ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз.

Ёшларнинг сиёсий, ҳуқуқий маданияти ва онгини ошириш, уларда фаол фуқаролик позициясини, сиёсий жараёнларга онгли муносабатини, турлича ташқи ва ички таҳдидларга қарши мустаҳкам мафкуравий иммунитетни шакллантириш, болаларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш партиянинг энг муҳим вазифаларидир. Ишонамизки, келажагимиз айнан интеллектуал, маънан камолотга етган, ўз кучи ва имкониятларига ишонувчи, кучли фуқаролик позициясига эга соғлом ёшлар қўлида!”, деган ғоямизга тўла мос келади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Президентимизнинг БМТнинг бош минбаридан туриб билдирган фикр-мулоҳазалари ва таклифлари партиямиз учун дастуриамал вазифасини бажариши ва унинг ижроси юзасидан ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишимиз зарур, деб ҳисоблайман.

 Зафар ХУДАЙБЕРДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,  

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    996
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+