Асосий мақсадимиз – озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш

29.09.2020, 12:05

Асосий мақсадимиз – озиқ-овқат  хавфсизлигини таъминлаш

Коронавирус пандемияси дунё мамлакатларида озиқ-овқат хавфсизлиги борасидаги сиёсат ва чора-тадбирлар етарли эмаслигини яққол кўрсатди. Ана шундай мураккаб вазиятда бозорларни зарур маҳсулотлар билан тўлдириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш энг долзарб масалага айланди.

Мамлакатимизда бу борадаги ишлар пандемия бошланган илк кунларданоқ тизимли равишда, чуқур ўйланган режа асосида йўлга қўйилди. Агар ўз вақтида қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ҳажмини ошириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмаганида, ҳозирги оғир шароитда ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш жуда оғир кечиши мумкин эди.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг етмиш бешинчи сессиядаги нутқида озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган муҳим ташаббусни илгари сургани бежиз эмас. Сабаби, ҳозир бутун дунёда кечаётган пандемия туфайли ҳар биримиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи долзарб аҳамият касб этганига гувоҳ бўлдик. Айнан пандемия сабабли мамлакатлар ўртасидаги ўзаро алоқаларда узилишлар рўй берди, натижада аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни йўлга қўймаган давлатлар фуқароларига очлик бевосита таҳдид сола бошлади. Бошқача айтганда, пандемия ҳар бир давлатга ўзининг мавжуд ички ресурсларини кўриб чиқиб, фойдаланилмаган имкониятларини ишга солиши лозимлигини кўрсатди.

Шу жиҳатдан, Шавкат Мирзиёев ушбу сессиянинг юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларида иштирок этиб, халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини билдирди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш жанобларининг бугунги инқирозли вазиятда озиқ­овқат хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммоларига бағишланган саммитни ўтказиш бўйича таклифини маъқуллашини алоҳида таъкидлади.

Ҳақиқатдан, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги кўплаб давлатлар сиёсатининг муҳим тармоғига айланди. Юртимизда ушбу соҳани модернизация қилиш мақсадида нафақат давлат бюджети, балки халқаро молия ташкилотларининг маблағлари ҳисобидан қиймати 1 миллиард 200 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳар бир ҳудудда замонавий агрохизмат марказларини ташкил этиш учун Жаҳон банкининг 500 миллион долларлик маблағи жалб қилинди. Тизимга қаратилаётган ана шундай эътибор, йўналтирилаётган катта молиявий маблағлар туфайли миришкор деҳқон ва фермерларимиз фидокорона меҳнат қилиб, бу йилги мураккаб шароитда ҳам ғалладан олти ярим миллион тоннага яқин ҳосил етиштиришга муваффақ бўлдилар. Чорвачилик, паррандачилик, боғдорчилик, сабзавот ва полиз экинлари етиштириш бўйича ҳам салмоқли натижаларга эришилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилгани, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси, Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепциясининг қабул қилингани нафақат аҳоли турмуш даражасини ошириш, балки уларни зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш имконини беряпти. Бир сўз билан айтганда, дунёда турли хавф-хатарлар, манфаатлар тўқнашуви кучайиб бораётган ҳозирги таҳликали вазиятда Ўзбекистонда шаклланган янги ва чуқур ўйланган тизим ўзини тўла оқламоқда.

Давлатимиз раҳбарининг қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш тўғрисидаги ташаббуси ҳам долзарблиги ва айни вақтида билдирилгани билан кўпчиликнинг эътиборини тортди. Ер юзида пандемия давом этаётган мураккаб шароитда масаланинг бундай қўйилиши барча давлатлар учун ғоят муҳимдир. Зеро, коронавирус пандемияси даврида аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш энг муҳим масалалардан бирига айланди.

Мамлакатимизда ҳам бу офат туфайли камбағал аҳоли ва ишсизлар сони ошди, оилалар даромади камайди. Бу муаммоларга қарши биринчи кунларданоқ пандемиянинг аҳоли турмуш тарзи ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш чоралари кўрилди. Мазкур жараёнларда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан амалга оширилган ишлар ҳам бир лаҳза бўлса-да, тўхтагани йўқ.

Хусусан, ҳозирги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, тўқсонбости ва эртаги экинлардан бўшаган томорқаларга такрорий (ўртаги) экинлар экиш йўлга қўйилди. Аҳолига зарур уруғлик, кўчатлар етказиб бериш, техника, кимёвий ишлов хизматларини амалга оширишда “Томорқа хизмати” МЧЖлар яқиндан кўмак берди. Ҳудудларда сув таъминотини яхшилаш бўйича зарур чоралар кўрилди. Камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар доирасида қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерлар экин экишга тайёрланиб, мамлакатимиздаги мавжуд 4,5 миллиондан ортиқ томорқа ер эгаси ихтиёридаги 434,7 минг гектардан ортиқ ер майдонидан самарали фойдаланилди.

 Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, 327,3 минг гектар майдонга такрорий экинлар, жумладан, 25,9 минг гектар майдонга сабзавот, 15 минг гектар майдонга полиз, 930 гектар майдонга картошка ҳамда 285,5 минг гектар майдонга бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинлари экилди. 38,5 минг хонадонда ўз маблағлари ва имтиёзли кредитлар асосида ихчам иссиқхоналар қурилди. Ўз вақтида кўрилган ана шундай чора-тадбирлар натижасида бугун республика бўйлаб “бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида маҳсулот етиштиришга ихтисослаштирилган маҳаллалар сони ортиб бормоқда.

Буларнинг натижасида шу йилнинг биринчи ярмида юртимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари умумий ҳажмининг 76,7 фоизи шахсий томорқа (деҳқон) хўжаликлари ҳиссасига тўғри келди. Қолган 20 фоизи фермер хўжаликлари, 3,3 фоизи эса қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи бошқа агроташкилотлар томонидан етиштирилди. Бунда етиштирилган сабзавотларнинг умумий ҳажмидан 86, полиз экинларининг 62,9, мева ва резаворларнинг 63,1, узумнинг 55,3, гўштнинг 92,7, сутнинг 93,8, тухумнинг 59,5, мавжуд паррандаларнинг 60,1, йирик шохли қорамолларнинг 93,4 ҳамда қўй ва эчкиларнинг 82,3 фоизи шахсий томорқа хўжаликлари улушига тўғри келмоқда.

Хулоса шуки, бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш баробарида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш орқали бошқа давлатларнинг озиқ-овқат таъминотига ҳам ҳисса қўшяпти. Зотан, айни вақтда халқаро ҳамжамиятнинг алоҳида хавотир ва ташвишига сабаб бўлаётган озиқ­овқат хавфсизлигини таъминлашга мамлакатимизда алоҳида миссия сифатида қаралмоқда.

 Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари  

  • Кўрилди
    968
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+