Жиззахлик партия фаоллари Президентимизнинг БМТ сессиясидаги нутқидан келиб чиқадиган чора-тадбирлар режасини белгилаб олди

29.09.2020, 16:37

Жиззахлик партия фаоллари Президентимизнинг БМТ сессиясидаги нутқидан келиб чиқадиган чора-тадбирлар режасини белгилаб олди

O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгашида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқидан келиб чиқиб, партия вилоят Кенгаши томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар Дастурини белгилаб олишга бағишланган Давра суҳбати ташкил этилди.

-   Давлатимиз раҳбари олий минбардан туриб сўзлаган  маърузасида жаҳон ҳамжамиятининг ажралмас қисми бўлган Ўзбекистонда сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилган ислоҳотлар дунёда кечаётган сиёсий ва иқтисодий жараёнлар билан узвий боғлиқлигини таъкидлади. Бугунги тадбиримизда Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқидан келиб чиққан хулосалар асосида биргаликда амалга ошириладиган чора-тадбирларни белгилаб олмоқчимиз, - дейди O`zLiDeP  Жиззах вилоят Кенгаши раиси Эркин Холматов.

Дарҳақиқат, давра суҳбати давомида иштирокчилар Президентимиз маърузасидан олган таассуротларини ўртоқлашдилар, илгари сурилган ҳар бир таклиф ҳамда ташаббусдан келиб чиқадиган вазифалар ҳақидаги мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

- Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 75 сессиясида сўзлаган маърузасида яна бир бор Ёшлар масаласига алоҳида тўхталиб ўтдилар. Бугунги кунда юртимизда ёшларга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Юртимизда ёшларнинг таълим олишлари, ўз иқтидорларини намоён қилишлари учун барча шароитлар яратилган. Яқинда Олий Мажлис палаталари ҳузуридаги Ёшлар парламенти иш бошлади, - дейди Ёшлар парламенти аъзоси Отабек Шавкатов. - Ёшлар ҳуқуқларини халқаро миқёсида ҳимоя қилиш борасида ташаббускор бўлган Ўзбекистонда йигит-қизларимизнинг жамиятдаги ўрнини, фаоллигини янада оширишда   O`zLiDeP  “Ёшлар қаноти” гуруҳининг ҳамкор ташкилотлар билан узвий ҳамкорлиги ўта муҳим.

Мамлакатимизда бугунги кунда юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Жиззах вилоятида ҳам 6 та миллий маданият марказлари фаолият олиб бормоқда.

- Ўзбекистон ва Корея давлатлари ўртасидаги ўзаро манфаатили дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари кундан-кун ривожланиб бормоқда, - дейди халқ депутаталари вилоят Кенгаши депутати Олег Когай. – Шу юртда туғилиб ўсган корейс миллатига мансуб аҳоли ҳам “Ўзбекистонни ўз уйимиз”, деб биладилар. Унинг равнақи, ривожи учун қўлимиздан келгунча кўп миллатли ватандошларимиз билан бир тан, бир жон бўлиб хизмат қилишга тайёрмиз. Президентимизнинг БМТ минбаридан туриб айтган барча таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз.

Давра суҳбати давомида, Партия Сиёсий Кенгаши томонидан тасдиқланган “Хотин-қизлар ишбилармонлигини ошириш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича кенгаши”нинг ишини йўлга қўйиш, Аёллар ва ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш орқали, қашшоқликка қарши курашишни мақсад қилиб қўйган  лойиҳаларни тизимли равишда амалга ошириш, партиянинг истиқболли  “Ишбирмон аёл”, “Оилавий тадбиркорликдан мустаҳкам оилага” ,“Ташаббускор ёш фермер” кўрик танловларини, “Келажакка касб-ҳунар билан”, “Ёш муваффақиятли тадбиркор” лойиҳаларини амалга ошириш, мамлакатимизда камбағалликни қисқартиришга қаратилган сиёсат ва аҳоли тадбиркорлигини ривожлантириш масаласида онлайн видеоконференция ташкил қилиш бўйича амалий мулоқот ўтказишга келишиб олинди.

Шунингдек, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги ва “Шахсий томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ҳудудларда кенг муҳокамасини ташкил қилиш, 2019-2024 йилларда мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш миллий дастури доирасида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш, қишлоқ аҳолиси ўртасида “Томорқа – қўшимча даромад манбаи!” шиори остида, ер эгаларининг билим ва тажрибасини оширишга қаратилган ишларни такомиллаштириш, аҳолининг фаол ва соғлом ҳаёти учун зарур бўлган тўғри ва соғлом овқатланишни тарғиб қилувчи тарғибот тадбирларини ўтказиш борасидаги чора-тадбирлар режаси ҳам белгилаб олинди.

Тадбир сўнггида “Ёшлар парламенти” аъзоларига “Ишонч ёрлиқлари” тантанали равишда топширилди.

                                                                   Шерзод МАМАТҚУЛОВ,

O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши раисининг

биринчи ўринбосари, аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    719
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+