Қамашилик тадбиркор Сайёра Тожиева “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Қашқадарё вилоят босқичида иштирок этади

29.09.2020, 16:42

Қамашилик тадбиркор Сайёра Тожиева “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Қашқадарё вилоят босқичида иштирок этади

Сайёрахон Тожиева онасидан қолган қўл машинада шундай бежирим кўйлаклар тикар эдики, ҳатто унга қўшни қишлоқ ва овуллардан ҳам аёллар буюртма беришарди. Унинг бу қизиқиши мақсадга айланди ва замонавий тикув машинаси харид қилди. Бироз муддат ўтиб, у “Тожиева Сайёра Умаровна” номли якка тартибдаги тадбиркорлик субъектига асос солди.

Айни пайтда Сайёрахон Тожиеванинг тикувчилик цехида 6 та завонавий тикув машинаси бўлиб, унда “Қамай” МФЙга қарашли қишлоқлардан келган 6 нафар хотин-қиз ҳунар ўрганмоқда. Қамаши тумани бандликка кўмаклашувчи марказ билан шартнома асосида ташкил этилган бу ўқув марказида ишсиз хотин-қизлар 3 ой давомида ҳунар ўрганишади, шу муддат давомида уларга марказ томонидан стипендия тўланади. Уч ойдан сўнг улар шу ерда иш билан банд этилади.

-Цехимизда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қамаши тумани Кенгаши буюртмаси асосида 3, 5 миллион сўмга ёшлар учун махсус нимчалар тикиб бердик, - дейди Сайёрахон Тожиева. – Шунингдек, бундан ташқари бошқа бир қатор корхона ва ташкилотларга қўлқоп, этак, “матрас” ва бошқа маҳсулотлар тайёрлаб бераяпмиз. Менинг мақсадим, фаолиятимни янада кенгайтириб, қишлоғимиздаги кўплаб ишсиз, уйда ўтирган хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган.

Тиниб-тинчимас аёл келаётган даромаддан корхонаси учун махсус бино қурди. Эндиликда бу бинода қандолатчилик цехи ва савдо дўкони фаолият кўрсата бошлади. Пахта титиш ва тозалаш цехи учун эса жиҳозлар келтирилди. Тозаланган пахта “матрас” ишлаб чиқариш учун тайёр хомаёш вазифасини ўтайди. Тадбиркор аёлнинг қизи Моҳичеҳра савдо-сотиқ билан шуғулланса, ўғли Адҳамхон Аҳмедов пишириқлар цехини бошқараяпти.

Яқинда ЎзЛиДеП Қамаши тумани Кенгаши ишчи комиссияси Сайёрахон Тожиевани  “Ишбилармон аёл” кўрик танловининг туман босқичи  ғолиб деб топди. Эндиликда у танловнинг Қашқадарё вилоят босқичида иштирок этади. Кейинги босқичда ҳам ишбилармон аёлга омадлар тилаймиз.

O'zLIDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    790
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+