Андижон шаҳар ва Хўжаобод туманида Ёшлар конференциялари ноаъанавийликни ўзида мужассам этди

30.09.2020, 15:27

Андижон шаҳар ва Хўжаобод туманида Ёшлар конференциялари ноаъанавийликни ўзида мужассам этди

Хўжаобод туманидаги “Само” ишлаб чиқариш корхонаси томонидан тайёрланаётган трикотаж маҳсулотлари бугун нафақат мамлакатимизда, балки дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларида ҳам харидоргирлиги билан ажралиб туради. Корхонада бандлиги таъминланганларнинг 70 фоизини ёшлар ташкил қилади. Бичиш, тикиш ва қадоқлаш цеҳларида фаолият юритаётган йигит-қизларнинг тезкор ҳаракатлари, моҳирлик билан бажараётган меҳнатларига ҳавасингиз келади.

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши ташаббуси билан партиянинг Хўжаобод тумани ва Андижон шаҳар Кенгашларининг Ёшлар конференциялари айни тадбиркорлик субъектида ташкил қилинган бежиз эмас. Мўъжазгина форумни ўзида акс эттирган мазкур тадбирлар аввалида 50 нафардан зиёд ёшлар “Само” бренди остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг тайёрланиш жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Корхонадаги тенгдошлари билан самимий суҳбатлашдилар. Қизиқишлар, орзулар, келажак мақсадлар ўртоқлашилди.

-Бизнес экскурсиядан сўнг ташкил қилинган давра суҳбати андижонлик мана шундай ёниқ қалбли ёшларимиз ташаббусларига қанот берди, - дейди O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси сектор мудири Сардорбек Марипов. – Бугунги конференциялар давомида жамоатчилик кенгаши раислари ва аъзоларини овоз бериш йўли билан сайлаб олиш билан бирга ёш парламентчилар олдига қўйилган долзарб вазифалар моҳиятини ҳам тушунтиришга ҳаракат қилдик. Бугун йигит-қизларнинг фикрларини тинглар эканмиз, нигоҳларида чўғ, ҳаракатларида шижоатни кўрдик. Мавзу доирасидаги беғараз тортишувлар, баҳс-мунозаралар келажак депутатларини кўз олдимизда намоён қилди.

O’zLiDeP Андижон шаҳар Кенгаши томонидан конференциялар доирасида ташкил этилган “Очиқ осмон остида” лойиҳаси кўнгилочар тадбирга айланди. Ёшлар Хўжаобод туманининг “Имомота”  зиёратгоҳи жойлашган тоғ бағридаги кенгликда тадбирнинг кун тартибига қўйилган масалаларини эркин муҳокама қилдилар. Ноанъанавий тарзда ўтказилган конференцияда жамоатчилик кенгаши раиси, аъзолари сайланиб, келгусида бажарилиши зарур бўлган устувор вазифалар белгиланди. Партия вилоят Кенгаши Ёшлар қанотининг истеъдодли йигит-қизларидан иборат санъаткорлар жамоаси томонидан тайёрланган бадиий дастур тадбирга ўзгача кўтаринки руҳ бағишлади.

-Бугун маърузабозликдан, очиғини айтиш керак, қочиш вақти келди, - дейди O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси Хуршидахон Халилова. – Тарғибот-ташвиқот тадбирлари мана шундай ноанъанавий тарзда ўтказилиши иштирокчига завқ беради, шу билан бирга, унинг фикрини эркин, бемалол билдира олиши, мунозарага киришиши учун хизмат қилади. Ёшлар конференцияларини ўтказишда айни шу ҳақиқатга амал қилганимиз бежиз эмас.

Ёш парламентчилар ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳи аъзоларининг самимий суҳбати ҳам қизиқишлар ортидаги саволларга жавоб бўлди.

Элёрбек АВУЛОВ,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

Ёшлар қаноти бўлим мудири.

  • Кўрилди
    175
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+